Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:36

Энергетика инқирози: Уч кунда уч портлаш - қурбонлар сони ошмоқда


Қарши шаҳридаги портлаш рўй берган жойда қутқарувчилар ишламоқда
Қарши шаҳридаги портлаш рўй берган жойда қутқарувчилар ишламоқда

6 январь куни тонгда Қашқадарёнинг Қарши шаҳридаги хонадонларнинг бирида газ сизиши оқибатида юз берган портлашда камида икки инсон ҳалок бўлди.

Портлаш оқибатида бино деворлари қулаб тушган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги портлаш газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши сабаб рўй бергани, хонадон ичидан 14 ва 16 ёшли ўспирин жасади олиб чиқилганини маълум қилди.

Бу сўнгги икки кун ичида Ўзбекистонда рўй берган учинчи ҳалокатли газ портлашидир.

4 январь куни Хоразм вилояти Боғот туманида бир оила ис газидан заҳарланиб, она ва унинг 10 ёшли қизи вафот этган.

3 январь куни эса Самарқанддаги мактаблардан бирида газ портлаши оқибатида ёнғин рўй бериб, бир одам нобуд бўлганди.

Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши кутиларкан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолига иш ва яшаш жойида электр ускуналари ва иситиш печларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш зарурлигини эслатган.

Вазирлик Ўзбекистонда аномал совуқ кутилаётгани, об-ҳаво ҳарорати кечалари -15° даражагача, кундуз кунлари -5 даражагача пасайиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, 6 январь куни Қарши шаҳрининг "Отчопар" маҳалласида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши сабаб рўй берган.

Ўт ўчирувчилар бино қолдиқлари остида қолиб кетган 14 ва 16 ёшли ўспирин жасадини олиб чиқишган.

ФВВ ходимлари портлаш рўй берган хонадондан икки ўспирин жасади олиб чиқилганини маълум қилди.
ФВВ ходимлари портлаш рўй берган хонадондан икки ўспирин жасади олиб чиқилганини маълум қилди.

ФВВ расмийларига кўра, ҳалок бўлганлар хонадон эгаларининг фарзанди ва жиянидир.

​Қаршидаги ​портлаш рўй берган жойга борган маҳаллий блогернинг Озодликка айтишича, "Отчопар" маҳалласида юз берган ўта кучли портлаш бино қолдиқларини атрофга сочган, ўндан ортиқ одам жароҳат олган.

"Маҳаллий расмийлар кўп нарсани яширишяпти. Видеога ва суратга олишимизга қаршилик қилишяпти. Ҳокимиятни одамлари олган суратларимизни ўчириб ташлашга мажбурлашди. Булар икки киши ўлган деяпти, лекин биз ҳалок бўлганлар орасида бир аёл борлигини аниқладик, жароҳатланганлар ўндан зиёд", - дейди исми очиқланмаслигини сўраган маҳаллий блоггер.

Озодликка юборилган тасвирларда портлаш қўшни биноларнинг ҳам деразаларини синдиргани, портлаш рўй берган бино қолдиқлари атрофда сочилиб ётганини кўриш мумкин.

Қаршидаги портлаш Ўзбекистонда жорий ҳафтада рўй берган газ портлашларининг учинчисидир.

Бундан олдин Хоразм ва Самарқандда газ сизиши билан боғлиқ фожеилар рўй берганди.

Хоразмда она ва унинг қизи ис газидан заҳарланиб ўлди

4 январь куни Хоразм вилояти Боғот туманида она ва унинг 10 яшар қизи ис газидан заҳарланиб, ҳаётдан кўз юмган эди.

Ёш оиланинг қолган икки аъзоси заҳарланиш туфайли кома холатида касалхонада ётгани айтилади.

Хоразмлик онахон: газ йўқ, свет йўқ, гуноҳимиз нима?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:50 0:00

Портлашдан икки кун олдин хонадонга янги иссиклик козони ўрнатилгани аниқланган.

Хоразмдаги фожиадан бир кун олдин Самарқанддаги мактаблардан бирида газ портлаши рўй берди.

Мактабдаги портлаш

3 январь тунда Самарқанд шаҳридаги 4-сон мактаб қозонхонасида портлаш юз бериб, камида бир одам ҳалок бўлгани хабар қилинди.

Самарқанд шаҳар ХТБ расмийлари портлаш электр таъминотидаги узилиш сабаб юз берганини айтишган.

Мактабдаги электр энергиясининг вақтинчалик узилиши газ тармоғида босимнинг ортишига олиб келган.

ХТБ расмийларига кўра, портлаш оқибатида мактаб қозонхонаси ходими ҳалок бўлган.

Сизиб чиққан газ қозонхона ичига тўпланган бир пайтда мактаб ўт ёқувчиси ёқмоқчи бўлган ва портлаш содир бўлган.

Ҳар уч портлаш юзасидан суриштирув олиб борилмоқда.

Ўтган йил 16 декабрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳукумат йиғилишда 2020 йил бошидан бери 106 инсон ис гази ва газ чақнашидан ҳалок бўлгани, 190 нафар инсон эса заҳарлангани ва куйиш тан жароҳати олгани ҳақда айтган эди.

Аномал совуқ

Ўзбекистон Гидрометеорология марказининг билдиришича, 7 январдан Ўзбекистоннинг айрим жойларида ҳаво -18 даражагача, тоғли туманларда эса -20 даражагача тушиши мумкин.​

Совуқ ҳаво газ етиб бормаган қишлоқлар аҳолисига жиддий ташвиш уйғотиши тайин.

Айрим вилоятларда совуқ тушиши билан газ босими сезиларли пасайиб, айрим жойларда тунлари хонадонларда электр узилишлари ҳам кузатилади.

Қашқадарёлик блогер Шохруҳ Норов газ таъминотидаги узилишлар оқибатида газ портлашлари рўй беришини айтади.

"Ҳар йили совуқ бошланиши билан газ портлашлари кузатилади. Ис газидан заҳарланишлар ҳам кўп бўлади. Газ йўқлигидан одамлар қўлбола ясалган печларда кўмир ёқиб совуқдан сақланишга мажбур. Айрим қишлоқларда газ узиб-узиб берилганидан кейин, газ сизиб портлашлар ҳам кўп бўлади", - дейди қашқадарёлик блогер.

Фарғонанинг аксар туманларида одамлар қаттиқ совуқда газсиз светсиз кун кўради.
Фарғонанинг аксар туманларида одамлар қаттиқ совуқда газсиз светсиз кун кўради.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги айни пайтда ҳавонинг кескин совиб кетиши ортидан табиий газ истеъмолининг ошганлиги ва иссиқлик электр станцияларига газ етказиб бериш зарурати туфайли газ қуйиш шохобчалари фаолияти чекланганини маълум қилди.

Вазирликка кўра, заправкаларда 5 январдан бошлаб кундузги соат 15.00 дан тонгги 05.00 га қадар газ етказиб бериш тўхтатилган.

ФВВ қўлбола печлардан фойдаланмасликка чиқирмоқда

Айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини газ ва электр ускуналардан ҳамда иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилишга чақирди.

"Қўлбола ҳамда носоз газ ва электр иситиш мосламаларидан фойдаланманг; иситиш мосламаларидан фойдаланишда уларни ишлаб чиқарган корхонанинг тавсияси ва йўриқномаси талабларига риоя қилинг; иситиш мосламалари яқинида ёнувчан буюм ва осон алангаланувчи маҳсулотларни сақламанг; газ ускуналарни улаш тартиб қоидаларига риоя қилинг; мабодо газ ҳидини сезсангиз, чироқ ва учқун чиқарувчи мосламалардан асло фойдаланманг, дарҳол хонани шамоллатиш чорасини кўринг ва бу ҳақда газ хизматига хабар беринг; иситиш печлари ва уларнинг мўриларининг созлигига эътибор беринг", - дейилади ФВВ баёнотида.

Вазирлик шунингдек, мактаб ва боғчаларда очиқ ҳавода ўтказилиши режалаштирилган барча тадбирларни бекор қилиб туриш ҳақида огоҳлантирган.

Ўзбекистоннинг аксар вилоятларида газ тақчил, аҳоли совуқда қўлбола иситгичлардан фойдаланади.

Ўтган йил ноябрь ойининг сўнгги ўн кунлигида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши ортидан Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ таъминотидан узилган аҳолининг қатор норозилик чиқишлари юз берди.

Хусусан, декабрь ойининг сўнгги ўн кунлигида энергетика инқирози чорасиз одамларни янада кескин норозилик чиқишларига ундагани кузатилди.

26 декабрь куни Сурхондарё вилояти, Музработ тумани, “Оби ҳаёт” маҳалласи аҳли 2 соат давомида Музработ-Ангор йўлини тўсиб қўйди ва шиналарни ёқди.

28 декабрь куни эса Қўқонда газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози бир гуруҳ аёллар шаҳар ҳокимлиги олдидаги йўлни тўсиб қўйди. Бунга қадар Андижон ва Бухоро вилоятларида ҳам совуқда қолган вҳолининг норозилик чиқишлари кузатилганди.

16 декабрь кунги видеоселекторда Шавкат Мирзиёев ҳукуматга газ экспорти ҳажмини қисқартириб, ички истеъмолга йўналтириш ҳақида топшириқ берганини айтган эди. Аммо ўтган вақт мобайнида бу топшириқ бажарилиб-бажарилмагани ҳақида расмий маълумот йўқ. Ижтимоий тармоқларда ўзбекистонликлар "президентнинг навбатдаги топшириғи саботаж қилинаётгани" ҳақидаги хавотирларни билдиришмоқда.

Мирзиёев 2016 йил декабрида президентликка келишидан аввал аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди. 2020 йил куз-қиш мавсумида ҳавонинг совуқ келиши мамлакат бўйлаб энергетика соҳасида жиддий бўҳронга сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG