Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2025, Тошкент вақти: 22:12

Норозилик, иш ташлаш, погром. Enter Engineering ҳануз ишчиларга маошларини тўлолмаяпти


Enter Engineering ва Eriell ширкатларида ишчи-ходимларга маошларини вақтида тўламаслик сурункали муаммога айланган.
Enter Engineering ва Eriell ширкатларида ишчи-ходимларга маошларини вақтида тўламаслик сурункали муаммога айланган.

Ўзбекистонда турли соҳаларда – кончилик саноатидан тортиб қурилишгача – ўнлаб лойиҳаларни амалга ошираётган Enter Engineering компанияси яна диққат марказида.

Бу компания доимий равишда иш ҳақи тўланмаслиги ва бошқа мажбуриятларни бажармаслиги билан боғлиқ меҳнат низолари марказида. Яқинда Enter Engineering’нинг бир неча ходими навбатдаги ҳақ-ҳуқуқ бузилишларига қарши норозилик сифатида иш ташлаш ва очлик эълон қилди. Айримлар учун бу нохуш оқибатларга олиб келди.

Enter Engineering компаниясининг Қашқадарёдаги ишчилари саккиз ойдан буён иш ҳақи олмаётганини ва бу борада раҳбариятга қилган мурожаатлари эътиборсиз қолдирилаётганини айтишади. Бир неча киши иш ташлаш ва очлик акцияси ўтказиш ниятида эканини маълум қилди. Натижада тахминан бир ҳафта олдин уларнинг баъзилари ишдан ҳайдалди.

«Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ва Нишон тумани ИИБ ходимлари келиб, бизни сўроқ қилди. Ўн киши, шу жумладан, мен ҳам ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбур бўлдим. Бизни иш ташлашга мажбурлашди: саккиз ойдан бери маош олмаяпмиз. Оиламизни қандай боқамиз?! Бизни “рухсатсиз намойиш” ташкил қилганликда айблашди. Биз давлат ёки президентга қарши чиқмадик. Фақат битта нарсани талаб қиляпмиз – иш ҳақимизни тўлашсин. Аммо шикоятларимизни ҳеч ким эшитмоқчи эмас», – дейди Нишон туманидаги Enter Engineering ишчиларидан бири.

Унинг сўзларига кўра, қолган иш ташлаганлар ишга қайтишга кўндирилган, уларга қарзлар тўланиши ваъда қилинган, бироқ ҳанузгача пул берилмаган.

Охирги уч йилда Кремлга яқин деб кўриладиган ўзбекистонлик бизнесмен Бахтиёр Фозиловга тегишли бўлган Enter Engineering компанияси бир неча бор ишчиларга маош тўламасликда айбланган. Фозилов назоратида бўлган яна бир компания – Eriell Group ҳам шундай репутацияга эга. Масалан, 2023 йилда Самарқандда Eriell Group кўмагида ташкил этилган Халқаро Технология Университети ўқитувчилари ҳам иш ҳақи тўланмаганидан шикоят қилишган.

Ваҳоланки, Enter Engineering ва Eriell Group Ўзбекистонда жуда муваффақиятли компаниялар ҳисобланади. Улар мамлакатда умумий қиймати миллиардлаб долларга тенг 228 лойиҳани амалга оширмоқда – кончилик ва металлургия саноати, нефть сектори, туризм, ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва йирик бинолардан фойдаланиш каби соҳаларда. Шунингдек, мамлакатдаги газ лойиҳалари бўйича тендерларни кўпинча айнан шу компаниялар ютган. Озодлик суриштируви Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг Ўзбекистонда бизнес соҳасида етакчи ўринни эгаллай бошлаган бу компанияларнинг эгаси Кремль ва Россиянинг «Газпром» компанияси билан яқин алоқаларга эга эканини ўртага чиқарган. Озодлик суҳбатлашган вазиятдан хабардор манбалар Фозилов «Газпром»нинг Ўзбекистондаги одами сифатида таърифлашган. Очиқ манбаларга кўра, Eriell Group'нинг тахминан 40 фоизи, Enter Engineering’нинг эса 20 фоизи Россиянинг «Газпромбанк»ка тегишли.

«2016 йил сентябридан бери Ўзбекистондан бир куб метр газ ҳам Бахтиёр Фозилов рухсатисиз экспорт қилинмаган», — деган Озодликка бизнесменга яқин манба.

Фозилов ва унинг компаниялари муваффақияти Enter Engineering ва Eriell Group ишчилари ҳаётига таъсир қилмаяпти – улар ойлаб маошсиз қолишмоқда.

Кремль чангалидаги ўзбек гази
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:19:16 0:00

Аслида, Ўзбекистон Меҳнат кодексига кўра, иш ҳақи камида ҳар ярим ойда бир марта тўланиши керак. Фозилов ва компанияларига меҳнат ҳуқуқларини бузгани учун бирон чора кўрилгани маълум эмас. Бугунги кунгача на Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ва на бошқа ҳимоя ташкилотлари бу каби ҳуқуқбузарликлар юзасидан расмий баёнот берган.

«Ўзбекистонда иш ҳақига оид масъулиятни белгиловчи, иш ҳақи кечиктирилган ҳолда катта компенсация талаб қиладиган қонунлар қабул қилинган. Бироқ мустақил касаба уюшмалари йўқлиги бу ислоҳотларни қоғозда қолдиради. Биз кўраётганимиз – Ўзбекистонда мустақил касаба уюшмалари йўқ, одамларга иш ҳақи тўланмаяпти, меҳнат ҳуқуқлари бузилмоқда. Ишчилар шикоят қила олмайди, чунки ишларини йўқотишдан қўрқишади. Барча муаммолар мустақил касаба уюшмалари етишмаслигидан келиб чиқмоқда», — дейди Францияда жойлашган «Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари» уюшмаси раҳбари Надежда Атаева.

Enter Engineering ва Eriell Group ишчилари иш ҳақидан ташқари, меҳнат шароитларининг хавфли эканидан ҳам шикоят қилишади. 2023 йил 17 сентябр куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) газ конида юз берган ҳодисада ҳалок бўлган тўрт кишининг барчаси Enter Engineering ходимлари бўлган. Уларнинг боқувчисиз қолган оилалари етти ойдан бери тўланиши керак бўлган компенсацияни ололмаяпти.

Uzbekistan GTL нинг Ғузордаги офиси ишчилар норозилигидан сўнг.
Uzbekistan GTL нинг Ғузордаги офиси ишчилар норозилигидан сўнг.

Ўзбекистонда иш ҳақи бўйича қарздорлик статистикаси эълон қилинмайди. Бироқ, иш ҳақи тўланмаслиги давлат ва хусусий корхоналарда ҳам доимий муаммога айланганини мамлакатдаги энг муваффақиятли компаниялар ишчиларининг шикоятларидан англаш мумкин.

2023 йилда Ўзбекистондаги энг йирик нефт-газ компанияларидан бири – “Жиззах Петролеум” МЧЖ (Jizzakh Petroleum) ишчилари маош икки баробарга қисқартирилгани учун иш ташлаш билан таҳдид қилишган.

Андижонда жойлашган UzAuto Motors заводи ишчилари ҳам маош қисқаришига қарши бир неча марта иш ташлаганлар.

Бойсун фалокати: қиш яқин, халқ сарсон, беморлар аросатда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:26:13 0:00

2022 йил октябрида Қашқадарё вилояти Ғузор туманида қурилаётган Uzbekistan GTL заводи ишчиларининг норозиликлари эса погромга айланиб кетган эди.

Ўзбекистон амалдаги қонунчилигида «тақиқланган иш ташлаш» тушунчаси бор, аммо иш ташлаш тартиби аниқ белгиланмаган. Шу билан бирга, Жиноят кодексининг 218-моддаси фавқулодда ҳолатда «тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилиш» ёки «корхона, муассаса ёки ташкилот фаолиятига тўсқинлик қилиш» учун БХМнинг 50 дан 100 гача миқдорида жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини кўзда тутади.

XS
SM
MD
LG