Линклар

Шошилинч хабар
31 январ 2025, Тошкент вақти: 18:36

Enter Engineering: Россиялик ходим маоши ундирилди, юзлаб ишчи ҳануз маошсиз


Enter Engineering ширкатининг юзлаб ишчилари ҳануз маошсиз қолмоқда. Фарғона.
Enter Engineering ширкатининг юзлаб ишчилари ҳануз маошсиз қолмоқда. Фарғона.

Маошлар кечикиши ёки берилмаслиги тизимли муаммога айланган Ўзбекистондаги Enter Engineering ширкатининг россиялик ходимига ойлиги ундириб берилди. Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва банлик вазирлиги баёнотида айтилишича, Илья Пуц ўтган йил июнь ойидан ноябрь ойигача ойлиги тўланмай келингани ҳақида Чилонзор туман бандлик бўлимига арз қилган.

Шундан сўнг унга бир неча ой давомида тўланмаган 57 минг доллар миқдоридаги иш ҳақи ундириб берилган.

"2025 йил 13 январь куни ENTER ENGINEERING корхонаси ходими Пуц Илья Николаевич 2024 йил июнь ойидан ноябрь ойига қадар тўланмай келаётган ойлик иш ҳақини ундиришда амалий ёрдам сўраб Чилонзор тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига мурожаат қилди. Мурожаат белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, ходимга 57 минг АҚШ доллари миқдоридаги ойлик иш ҳақи ва ҳисоб-китоб пуллари ундириб берилди”, - дейилади вазирлик баёнотида.

Enter Engineering' ширкати саҳифасида май ойида эълон қилинган хабардан аён бўлишича, Илья Пуц Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация қилиш лойиҳасига раҳбарлик қилган.

Юзлаб ишчи ҳануз маошсиз

Айни пайтда Ўзбекистон бўйлаб давлатнинг қурилиш, энергетика ва бошқа соҳалардаги йирик буюртмаларини бажариб келадиган Enter Engineering ширкатининг юзлаб ишчиси яна иш ташлаш билан таҳдид қилмоқда. Улар олти ойдан бери маошлари берилмаганидан норози. Раҳбариятидан ойликларини беришни талаб қилмоқда.

“Сентябрь 30 фоиз, октябрь 100 фоиз, ноябрь 100 фоиз, декабрь (маошлари) 100 фоиз - умуман берилмаган”, - дейди Enter Engineering'нинг исмини очиқлашни истамаган ходими Озодлик билан суҳбатда.

Eriell Group ва Enter Engineering ширкатларида сўнгги уч йил ичида ойликлар кечикиши доимий тус олган.

Ишчилар даъвосича, иш ҳақини сўраб раҳбариятга шикоят қилганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда.

4 миллиард долларлик Uzbekistan GTL заводини қураëтган минглаб ишчи ғалаëн кўтарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:26 0:00

Ишчилар ойлик маошлари кечикиши билан бирга тўланадиган меҳнат ҳақидаги улкан тафовутдан ҳам норози.

Enter Engineering корхонаси ходими Илья Пуцга 2024 йил июнь ойидан ноябрь ойига қадар тўланмай келаётган 57 минг АҚШ доллари ундириб берилди. Демак бу ишчининг ойлиги сал кам 10 минг АҚШ доллари экани аёнлашади.

“Мен сваршчик, жазирамада тиним билмай ишлаймиз. 5 миллион сўм ойлик. Шуни ҳам кўп кўришяпти. Қозоғистонлик, ҳиндистонлик, туркиялик, россиялик ишчилар ҳам бор. Уларга тўрт-беш баравар кўп беради. Ҳозир уларни ойлиги ҳам кечикяпти. Шикоят қилиб борсангиз, аризангни ёз, кетавер дейди”, - дейди Enter Engineering'нинг Озодлик гаплашган ишчиси.

Eriell Group ва Enter Engineering ширкатининг Ўзбекистон бўйлаб 200 дан ортиқ объекти бор. Катта-кичик бу объектларда қурилиш, таъмир, қайта таъмир ёки модернизация лойиҳалари амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ишлаётган ширкат ишчилари ўзларининг Телеграм каналида беш ойдан буён маош ололмаётганидан ёзғиришади.

Ширкатнинг хорижлик ишчилари ҳам ойликсиз қолганликларини айтишган.

Шу ой бошида қозоғистонлик ходимлар ўтган йилнинг май ойидан буён ойлик маошларини ололмаётгани ҳақида Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Бейбут Атамқулов номига жамоавий мурожаат билан чиқишганди.

Нусхаси Озодликда бўлган мурожаатномада қозоғистонликлар ўзларига 2024 йилнинг май ойидан буён маош тўланмаётгани, шу туфайли улар ва оилалари қийин аҳволда қолганларидан шикоят қилишган. Улар ўз мамлакати элчисидан Enter Engineering Pte.Ltd ва UZLITI Engineering МЧЖ билан юзага келган вазиятни ҳал қилиш, ўзларининг қонунчиликда кўзда тутилган меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат қонунчилигини бузгани учун ширкат раҳбариятини жавобгарликка тортиш бўйича чора кўрилиши бўйича кўмак сўрашган.

Маълум бўлишича, қозоғистонликларнинг элчига мурожаатидан кейин ҳам ишчиларнинг маошлари тўлаб берилмаган.

Enter Engineering'нинг Тошкент, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Андижон ва Фарғона вилоятларидаги 200 дан ортиқ объектларида 52 мингдан ортиқ ишчи ишлайди.

Уларнинг 12 мингга яқини Қозоғистон, Ҳиндистон, Туркия, Россия, Эрон ва бошқа мамлакатлардан келган.

Улар орасида қурилиш муҳандисларидан тортиб геолог кончиларгача бор. Ишга қабул қилинганларида ойига 2 миллион сўмдан 5 миллион сўмгача ойлик ваъда қилинган.

“Ойлик кечикишини сўрасангиз ҳеч ким сабабини айтмайди. Эшитишимга кўра, Enter Engineering ширкати президент Мирзиёевнинг энг яқин одамига тегишли. Шунинг учун ойлик устида тортишишни фойдаси йўқ, дейишди менга. Лекин, бир нарсани айтаман, бу ширкат кимга тегишли бўлса ҳам ишчиларини пешона терисини, уларнинг болаларини ризқини уриб қоляптими оҳири вой бунақа ширкатни, узоққа бормайди”, - деганди Озодликка Enter Engineering'нинг туркиялик ходими Туфан Чифтжи.

Бундан олдин Озодлик билан боғланиб, муаммолари ҳақида гапирган ишчилар босим кучайгани, ишдан бўшатиш таҳдид қилинганини айтишганди.

Enter Engineering компанияси 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, у Ўзбекистонда нефть ва газ, саноат ва фуқаролик объектларини лойиҳалаш, етказиб бериш, қуриш ва ишга тушириш бўйича хизматлар кўрсатади.

Агар шунча имтиёзлар билан бу ширкат ишчиларига ойлик тўлай олмаётган экан, унда пуллар кимга ёки қаерга кетяпти?

Британиядаги Ulster университети профессори Кристиан Ласлетт бу саволнинг жавобини Ўзбекистон иқтисодиётида тизимли тус олган муаммолардан излаш кераклигини айтади.

ERIELL ва Enter Engineering компаниялари ишчиларига ойлик бермаётгани ҳақидаги хабарларни эшитиб ҳайрон бўлмадим. Чунки Ўзбекистон яқин тарихида бир-бири билан чамбарчас боғланган хусусий компаниялар ўзбек энергетика секторини очкўзлик билан талаб келаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бунга энг ёрқин мисол сифатида Швейцария ширкати сифатида 2000 йилларда фаолият юритган ва мамлакатдаги улкан нефть газни талон-торож қилган Zeromax компаниясини айтиш мумкин. Бугунги кунга келиб бу ширкат тақдири нима билан поёнига етганини ҳаммага аён. Швейцария полицияси ва бошқа манбалар ЗероМакс компаниясига тегишли активларнинг бир қисми биринчи президентнинг қизи Гулнора Каримова номи билан боғлиқлигини аниқлаган. Ҳозир у қамоқда. Zeromax ширкати эса 2010 йилдаёқ инқирозга учраб, ёпилган", - дейди Ласслетт.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг йирик соҳаларида тузилаётган шартномалар шаффоф эмас ва маҳаллий бюджет ҳамда ишчи-ходимларнинг манфаатларини кўзламайди.

"Олиб борган тадқиқотимда мени ҳайрон қолдирган қизиқ бир нарсага дуч келдим. Яъни, Ўзбекистонда қурилиш, газ-кон саноати ва бошқа бир қатор соҳаларда тузилган сўнгги шартномалар бойликларни талашга имкон яратадиган қилиб, компаниялар учун жуда қулай шартларда тузилмоқда.

Табиий бир савол туғилади: Агар шунча имтиёзлар билан бу ширкат ишчиларига ойлик тўлай олмаётган экан, унда пуллар кимга ёки қаерга кетяпти?

Бизга маълумки, ERIELL ва Enter Engineering каби компаниялар ўтган йиллар давомида санкциялардан боши чиқмаётган Россия молия гиганти Газпром банки томонидан молиялаштириб келинган.

Бундан келиб чиқадики, менимча, бу бойликнинг катта қисми Ўзбекистон иқтисодини эмас, аксинча Россия иқтисодиётини ривожлантирмоқда. Ўз навбатида бу пуллар Кремль уруш машинасини ишлаб туришига ҳам ҳисса қўшаяпти, дейиш мумкин".

Олмалиқдаги Enter Engineering ишчилари иш ташлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:15 0:00

Айни пайтда Ласслеттнинг айтишича, Ўзбекистоннинг газ-кон ва қурилиш соҳаларида давлатнинг йирик буюртмаларини қўлга киритаётган компанияларнинг асл бенефициарлари жамоатчилик кўзидан яширилган.

"Очиқ манбаларда компания эгаси сифатида самарқандлик ишбилармон Бахтиёр Фозилов кўрсатилган.

Изланишларим мобайнида Фозилов генерал полковник Рустам Иноятов (Ўзбекистон собиқ МХХси раҳбари-таҳр.) нинг ўғлига тегишли компанияга ҳам алоқадорлигига ишора қилувчи маълумотларга дуч келдим.

Бу Иноятовнинг ўғли ва унга яқин одамлар ҳам ушбу компанияларнинг бенефиатсарлари бўлиши мумкинлигини ва талон-торож қилинаётган бойликдан баҳраманд бўляпти, деган хулосани беради. Ҳозирча уларнинг ҳеч бири бу айбловларни на тан олган, на рад этган.

Аммо, бу ерда энг муҳим бир жиҳат, бу хусусий ширкатлар қўлга киритаётган фойда компания ишчилари ва ўзбекистонлик солиқ тўловчилар учун эмаслиги аниқ.

Бу ҳолат шубҳасиз, бир вақтлар банкротга учраб, изидан кўплаб норози кредиторлар қолдирган Zeromax тақдирини эслатади”.

Ўн минглаб ишчига ойлаб маош бермаётган ҳар икки компания - Enter Engineering ва Eriell Озодликнинг қатор суриштирувлари марказида бўлган Кремлга яқин олигарх, “дахлсизлик” иммунитетига эга “қудрат эгаси” Бахтиёр Фозиловга тегишли.

Бу ширкатлар Ўзбекистоннинг кон-металлургия, газ ва нефть, туризм, турли ишлаб чиқариш объектлари модернизацияси, айрим йирик бинолар эксплуатацияси каби 228 та лойиҳани қўлга киритган."

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ишчи-ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мустақил касаба уюшмаларининг йўқлиги меҳнат ҳуқуқларининг мунтазам бузилиши ва мажбурий меҳнатга сабаб бўлаётганини таъкидлаб келадилар.

“Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари, жумладан ойлик-маошлар бўйича иш берувчилар зиммасига жавобгарлик юкловчи, ойликлар кечикса ишчиларга катта миқдорда компенсация тўланиши кўзда тутилган қонунлар қабул қилинган. Лекин, мустақил касаба уюшмаларининг йўқлиги қоғоздаги бу ислоҳотларни йўққа чиқармоқда. Мустақил касаба уюшмалари йўқ Ўзбекистонда нимани кўряпмиз, ойликлар берилмаяпти, меҳнат ҳуқуқлари бузиляпти. Ишчилар ишдан ҳайдалишидан қўрқиб ҳеч бир жойга шикоят қилолмайди, шикоят қилса ишидан айрилишини билади. Ҳамма муаммо мустақил касаба уюшмаларининг йўқлигидан келиб чиқяпти”, - дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева.

Олмалиқда ҳиндистонлик уч ишчи том босиб ўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:54 0:00

Форум

XS
SM
MD
LG