Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:04

Фарғона шаҳар мулозимлари дайди итларни темир билан уриб ўлдирмоқда - ҳайвонсеварлар норози


Қатлни кутаëтган итлар
Қатлни кутаëтган итлар

Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлими ходимларининг жорий ойда ўтказган рейди давомида дайди итларни уриб ўлдираëтганидан ҳайвонсеварлар норози.

Ҳайвон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фарғоналик фаол Татяна Рубцева Озодлик билан суҳбатда инсонга тажовуз қилмаган ва қутуриш касали бўлмаган дайди итлар ушланиб, махсус жамлоқда сақланиши лозимлигини айтди.

Рубцева Озодликка қаровсиз ҳайвонларнинг ўлдирилаëтгани акс этган видеотасвирларни тақдим қилди. Видеотасвирларда ўнлаб мушуклар ва итлар кичик темир қафасга солиб қўйилганини кўриш мумкин. Шунингдек, тасвирларда итларни шафқатсизларча ўлдираëтган одамлар акс этган. Озодлик мухбири кўнгилни хира қиладиган бу тасвирда итларнинг бошига темир чўкич билан уриб ўлдирилаëтганлигини кўрди. Видеолавҳаларда , шуниингдек, итлар қафаснинг темир эшиги билан эзиб ўлдирилаëтгани ва пичоқ билан бўғизланаëттани ҳам акс этган.

Қонун нимани тақозо қилади?

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июль куни «Қаровсиз қолган итларни тутиш ва сақлаш билан боғлик хизматларни фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №202-сонли хамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 4 июнь куни «Аҳоли пунктини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги №4351-сонли қарорига кўра дайди хайвонлар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимлари тарафидан текширилиб, карантинга олиниши лозим. Карантиндан кейин ҳайвонлар махсус сақлаш жойларига олиб борилади. Бу қарорларда фақат қутурган ҳайвонларнинг ўлдирилиши ҳақида айтилган.

Каламушлар захарланади¸ қутурган итлар отилади

Фарғона шаҳар Ободонлаштириш бошқармасининг исмини айтмаган ходими Озодлик билан суҳбатда атроф-муҳит ва инсонларга тажовуз қилган дайди ҳайвонлар уч хил шаклда йўқ қилиниши кўзда тутилганини айтди: отиб ўлдириш, ухлатиб қўйиш ва заҳарлаш.

Мулозим дайди итларнинг темир қафас эшиги билан эзиб ўлдирилиши "пастки бўғин ишчиларнинг ўзбошимчалиги" эканлигини тан олди. Шу билан бирга, мулозим каламуш ва бошқа зараркунандаларни йўқ қилиш учун заҳарли моддалар¸ қутурган итларни отиш учун ўқ ва патронлар¸ мушукларни ухлатиб қўйиш учун эса махсус дорилар етишмаслигидан ҳам шикоят қилди.

Мулозимга кўра¸ ветеринария идораси тақдим этган маълумотлар асосида аниқланган ит ва мушукларни эмлаш ишлари ташкил этилган бўлса ҳам, қутуриш касаллигига қарши вакцина захиралари етишмаяпти.

Ҳайвон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи фарғоналик фаол Татяна Рубцева Озодлик билан суҳбатда муаммонинг яна бир қиррасига эътибор қаратди. Унга кўра¸ ободончилик ходимлари қатл қилган ҳайвонлар крематорийда куйдирилмасдан ëки махсус гўрга кўмилмасдан, кўча-кўйга ташлаб кетилмоқда.

Рубцева Озодликка тақдим қилган фотосуратларда кўча ва болалар ўйнайдиган майдонларда ўнлаб ит ва мушук жасадлари ëтгани акс этган.

Фарғоналик болалар ит жасади устида
Фарғоналик болалар ит жасади устида

Вазирлар Маҳкамасининг 8.07.2011 йилги «Қаровсиз қолган итларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №202-сонли Қарорининг 20 бандида – “Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари ҳузуридаги қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш бўлимлари кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолиб ўлган ҳайвонларни ветеринария-санитария қоидаларига риоя этган ҳолда зарарсизлантирадилар”, дея қайд этилган.

Бу қарорга кўра¸ ҳар бир шаҳар, туманда тутилган назоратсиз ҳайвонларнинг жасадларини зарарсизлантириш учун крематорийлар ва биотермик ўралар қуриш кўзда тутилган.

Фарғоналик ҳайвонсеварлар шаҳарда ҳайвонлар учун крематорий йўқлигини айтишди.

Фарғона шаҳар ободонлаштириш бошқармасига қарашли “дайди ҳайвонларни тутиш отрядининг Озодлик гаплашган ходими ҳам дайди ҳайвон жасадларини ëқиш учун муфель печ ëки крематорий мавжуд эмаслигини айтди.

Сурат баъзи кишиларнинг таъбини хира қилиши мумкин.
Ит жасадлари
Ит жасадлари

Жорий йилниг февраль ойида Жиззах шаҳрида итлар қирғин қилингани аҳоли норозилигига сабаб бўлган эди.

Ўзбекистонда дайди итлар масаласи Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 июлдаги "Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 202-сонли қарорига асосан тартибга солинади.

Қарорда кўчаларда ва бошқа жойларда қаровсиз қолган, шу жумладан, эгасиз итлар, мушуклар ва йиртқич ҳайвонларни тутишни ташкил этиш, шунингдек, уларни вақтинча сақлаш учун махсус жойлар барпо этиш кўзда тутилган.

Қарорда дайди ҳайвонда қутуриш касаллиги аломати бўлган тақдирдагина отиб ташланиши мумкинлиги айтилади.

XS
SM
MD
LG