Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:02

Фарғона марказидаги эски уйлар эгалари кўчмай туриб бузилмоқда


Фарғона шаҳри марказидаги Алишер Навоий кўчасида жойлашган кўпқаватли уйларни, уларда яшовчилар кўчмай туриб, ҳокимият буза бошлади.

Хонадон эгалари уларга таклиф қилинган уйлар "шаҳардан четда ва мактабдан узоқлиги учун" кўчишга рози бўлмаётир.

Ҳокимият расмийлари эса, бу ер салкам 100 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишга рози бўлган Жанубий Корея ширкатига ажратилгани боис, оилаларни тезроқ кўчиришга уринаётганини айтмоқда.

Алишер Навоий кўчасида бузилиши бошланган 40-уйда яшаётган бир неча оиладан олинган маълумотга кўра, шу йилнинг 2 январида Фарғона шаҳар ҳокимлиги вакиллари келиб, уй қисқа муддат ичида бузилишини маълум қилган.

Шу кунда томи қўпорилган уйда яшаётган, аммо овози ёзиб олинишидан чўчиган хонадон соҳибларидан бирининг айтишича, ҳокимият уларга таклиф қилаётган уй шаҳарнинг чеккасида, унинг яқинида на мактаб, на магазин бор:

"Ҳаммамизда ёш болалар бор, бизга кичикроқ бўлса ҳам марказдан уй беринглар, деяпмиз. Аммо, қулоқ солишмаяпти".

Унинг айтишича, бир ҳафта муқаддам ишчилар келиб, 40-уй олдидаги болалар майдончасини бузишни бошлаган. Ҳокимият вакиллари эса ҳар куни келиб, оилаларни кўчишга мажбурламоқда.

40-уйдаги 18 та оиладан 9 таси таклиф қилинган янги уйга кўчиб бўлган. Аммо, 9 та оила ҳануз томи қўпорила бошлаган уйда яшамоқда. 14 январь куни Озодликка йўлланган суратларда бино ичидаги зиналарнинг тутқичлари кўчирилганини кўриш мумкин.

Тез орада бузилиши кутилаётган 38- уйда яшаётган оилалар ҳам 40- уй аҳолиси куни бошига тушишидан хавотир билдирди.

Бу оилалардан биридан олинган маълумотга кўра, ҳокимият вакиллари уларга шаҳар марказидан ҳам уй таклиф қилган. Аммо, таклиф қилинган уй, биринчидан бетон, икинчидан хонадонлар майдони қарийб ярим баробарга кичикдир.

"Аслида биз оёқ тираб, уйдан чиқмаймиз, деб туриб олганимиз йўқ. Майли 5-10 метр квадратга кичик бўлса ҳам, шаҳар марказидан ғиштлик уй беришсин, деб илтимос қилаяпмиз. Мен ёш болаларим билан полсиз, бетон уйга қандай чиқаман?!" деди исмини ошкор этмаган хонадон соҳибларидан бири.

Улар Озодликка бу уйларнинг бузилишига оид Фарғона шаҳар ҳокими имзолаган қарор нусхасини йўллади.

Фарғона шаҳар ҳокими Х.Хабибиддинов имзолаган қарорда шаҳарнинг шу қисмида жойлашган 10 га яқин "маънан эскирган кўпқаватли уйлар"даги оилалар улар билан нарх ва товон пулини белгиловчи комиссияси ўртасидаги эришилган шартнома асосида кўчирилиши кераклиги белгиланган.

Аммо, оилаларнинг айтишича, уларни уйи бузилиши ҳақида илк бор -ўтган йилнинг ёзида огоҳлантирган расмий - шаҳар ҳокимининг собиқ ўринбосари уларга шаҳар марказидан уй берилишини ваъда қилган эди.

Бироқ, шикоят қилинишича, эндиликда Фарғона шаҳар ҳокимининг янги ўринбосари бўлган Шарифжон Ниёзметов бу ваъдани бажармаётир. Аксинча, ҳали одамлар кўчиб улгурмаган уйни бузиш бошланган.

Бундан ташқари, шаҳар ҳокими имзолаган қарор матнида келтирилишича, бу уйларнинг бузилиши ҳақида Бош вазир Абдулла Ариповнинг махсус топшириқ хати 2018 йилнинг 16 июлида имзоланган.

Қишнинг ўртасида кўчишга мажбурланаётган оилалар 2 январга қадар ёзма огоҳлантириш олмагани, ҳатто шаҳар ҳокимининг қарори 2019 йилнинг 8 январида имзоланганидан ҳам арз қилмоқда.

"Бизнинг А. Навоий кўчасидаги уйимизнинг майдони 100 метр квадратдан ошиқ. Берадиган уйи эса 80-85 метр квадрат. Россиянинг Сибирида қийналиб, 12 йил ишлаб, шаҳар марказидан уй олсагу ҳали яшаб улгурмасимиздан шаҳар четига чиқариб юборишса - роса алам қиларкан", деб ёзди президентдан ёрдам кутаётганини билдирган оилалардан бири Озодликка.

Озодлик Фарғона шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш ва коммунал хўжалик бўйича муовини Шарифжон Ниёзметовга боғланди.

Ўринбосар ҳали одамлар кўчиб улгурмаган 40-уйни бузиш бошлаб юборилганини бу майдон 98 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ажратишга тайёр бўлган Жанубий Кореялик инверсторларга бўшатилаётгани билан изоҳлади.

"25 январь куни майдонни кўришга инвесторлар келяпти. Президентимиз эса бу оилаларга янги уй ажратиб бераяпти. Хурсанд бўлиб, янги уйга кўчаётган оилалар жуда кўп. Аммо, орасида шунақа битта-иккита норозиси ҳам чиқар экан-да", деди мухбир билан микрофонсиз суҳбатда шаҳар ҳокимининг ўринбосари.

Айни пайтда расмий барча оилаларни "рози қилиб" кўчиришни ваъда қилди.

Расмий маълумотга кўра, Фарғона шаҳар марказидаги имкон қадар қисқа муддат ичида бузилиши режалаштарилган бу кўпқаватли ғиштин уйлар 1941-1945 йилларда қурилган ва улар маънан эскирган уйлар, деб ҳисобланади.

Расмий маълумотга кўра, шаҳарнинг марказий қисмида, 2011 йилдан буён, ички ва хорижий сармоя ҳисобига жами 12 йўналишда қурилиш-бунёдкорлик ва ободончилик ишлари олиб борилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 12 июнида Фарғонага борганида, шаҳар марказида қурилиш-бунёдкорлик ишларини кенг кўламда давом эттириш, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш учун зарур инфратузилмани яратиш бўйича маҳаллий расмийларга топшириқлар берган эди.

XS
SM
MD
LG