Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:37

Фарғонага президент ташрифи арафасида томларнинг олд қисми қизилга бўялмоқда


Бир томони қизилга бўялган томлар, Риштон тумани, Фарғона йўли
Бир томони қизилга бўялган томлар, Риштон тумани, Фарғона йўли

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифидан олдин оммавий тайёргарлик ишлари авж олди.

Бу ҳақда Озодлликка хабар берган фарғоналикларнинг айтишича, президент бориш эҳтимоли бўлган Бағдод, Риштон туманларида кўчаларга шошма-шошарлик билан алфальт ётқизилмоқда, уйларнинг фақат кўча томонга қараган томи қизғиш рангга бўялмоқда.

Риштон туманида бир қанча кўчалар юк машиналари билан тўсиб қўйилди.

Фарғонага президент ташрифи арафасида томларнинг олд қисми қизилга бўялмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:00 0:00
Бевосита линк

Олтиариқдан ​Риштонга қатновчи ҳайдовчилардан бири ҳали президентнинг қачон бориши очиқланмай туриб¸ бу ҳудудда марказий кўчаларнинг ëпиб қўйилгани ўзи кабиларнинг кундалик юмушини бузиб юборганини айтади.

“Эрталаб келганимда йўл очиқ эди. Тушдан кейин қайтаман десам, Олтиариққа кетадиган паст йўл ҳам, Фарғонага кетадиган юқори йўл ҳам юк мошинлари билан тўсиб қўйилган. Бир амаллаб айланма йўллар билан чиқиб кетдим. Сўрасам, эртага президент Риштонга келармиш, шунга ура қилиб кўчларга асфальт ётқизишаётган экан”.

Риштон тумани марказида асфальт қилиш учун ёпилган кўча
Риштон тумани марказида асфальт қилиш учун ёпилган кўча

​Бу суҳбатдош, кўзбўямачилик учун қилинаётган бу каби шошилинч йўл қуришларга сарфланаëтган маблағ ва иш кучини ҳавога совурилган деб баҳолайди.

“Қачон президент келади деган хабар келса, бу ҳокимлар типирчилаб қолади. Ёмғирдан кейин, ҳали йўллар қуримай туриб шошма-шошарлик билан қиланаётган бу асфальтлар бир йилга ҳам бормайди. Буни, биз ҳайдовчилар, йигирма йилдан буён кўриб келяпмиз. Битта ёмғирдан кейин эски ҳаммом, эски тос”

Томининг бир томони бўялган уйлар
Томининг бир томони бўялган уйлар

​Риштон туманида яшайдиган ўқитувчи Баҳодир Элибоев бундай кўзбўямачиликларнинг Каримов давридан Мирзиëевга мерос бўлиб ўтганидан ҳозирга келиб одамлар ҳайратланмайдиган бўлиб қолганини айтади :

- Ҳозир колцодан бошлаб, бешта йўл тўсилиб қолди. Бизда агар ҳокимларга керак бўлса, икки соатда ҳамма томонни ялтир-юлтур қилиб қўйишади. Фарғона кўчасида томларнинг бир томони қизилга аввал бўялган эди, энди ўшаларни яна янгидан бўяшяпти. Асфальтлар ҳам фақат номига қилинади. Масалан¸ катта кўчага туташадиган кичик кўчаларнинг 100-150 метр жоийгча, яъни кўз илғайдиган жойигача қилинади. У ёғи яна лойу ботқоқ. Президентни эсон-омон кузатиб олсак бўлди, кейин яна ҳаммаси эскича давом этаверади.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган Риштон туманидаги давлат идораси мулозими уч кундан буён бутун туман оёққа турганини тасдиқлади.

“Президент бизнинг туманга келиб, шу ерда селектор ўтказар экан, деган хабар келган. Шунинг учун уч кундан буён патар-патар. Икки кундан буён кўп йўллар беркитилиб, асфальт қилинмоқда. Электросет отам замонидан қолган ёғоч столбаларни оҳак билан оқартираяпти. Томларнинг фақат бир томони қизилга бўялмоқда. Кечаю кундуз тиним билмай ишлаяпмиз. Бунақа кўзбўямачликнинг кимга кераги бор. Шунча маблағ ҳавога сарф бўлаяпти. Шу ишларни планлаштириб, капиталний қилса бўладику, 10-20 йилга етади. Лекин, бизда ҳаммаси халқ учун эмас, ўз айбини яшириш учун қилинаяпти”

Фарғона вилоятида президент келишидан олдин қилинаётган кўзбўямачиликлар ҳақида Озодлик бир неча марта хабар берган.

Озодлик 12 апрель куни Фарғона вилоятида президент Шавкат Мирзиёев ўтиш эҳтимоли бўлган йўл бўйидаги майдонларга экилган чигит устига целлофан плёнка тортилаётгани ҳақида хабар берган эди.

Жумладан, Фарғона вилояти Қўштепа тумани Эшонгузар МФЙдан Sizdan Telegram лойиҳасига келган хабарда:"Президентимиз келар экан. Шу баҳона бирдан қувурларда газ пайдо бўлиб қолди денг! Маҳалла раислари Қумтепа бозори йўлидаги уйларни таъмирлатиб, деворларни бир хил рангга бўяттирмоқда. Кўзбўямачилик учун йўлларда сохта иссиқхоналар қурилди. Қашқадарёда ҳам иссиқхоналар қурдик¸ деб давлат раҳбарини алдашган ва кейинроқ ёлғоннинг миси чиққан эди. Президентни Фарғонадаги ёлғонлардан ҳам огоҳ этиб қўяйлик дедик...”, деб ёзган эди.

2015 йилнинг октябрида Фарғона вилояти Қўштепа туманидаги Шаҳартепа қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўли четидаги пахтаси териб олинган чаноқларга қайтадан пахта елимлаб чиқилган эди. Ўша пайтда мамлакат Бош вазири лавозимида бўлган Шавкат Мирзиёевнинг эҳтимолий ташрифи арафасида маҳаллий ҳокимият вакиллари “пахтамиз ҳали кўп” дея мақтанмоқчи бўлди, лекин меҳмон бу ҳудудга қадам босмаган.

XS
SM
MD
LG