Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:49

Ҳукумат қарори бузилмоқда - режани бажарган фермерлар ери ҳам ëппасига тортиб олинмоқда


Ўзбекистонлик айрим фермерлар Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросининг айрим туманларда "босқинчилик" шаклида бораëтганини иддао қилди.

Фарғона, Хоразм, Тошкент вилоятидан Озодликка мурожаат қилганларга кўра, маҳаллий ҳокимлар қарорга зид равишда фермер ерларини ëппасига давлат заҳирасига топширтириб, сўнгра серҳосил ерларни ўзларига яқин фермерларга юз гектарлаб бўлиб бермоқда.

Бу эса¸ Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ "илғор фермерларга мақбуллаштиришни қўлламаслик ҳақида"ги қарор бандининг очиқчасига бузилишидир.

Озодлик фермерлар тилга олган туман ҳокимлари билан ҳозирча боғлана олмади.

"Комиссия кабинетдан чиқмай фермерлар тақдирини ҳал қилмоқда"

Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги исми сир қолишини сўраган фермерлардан бирининг айтишича, яна бир мақбуллаштириш жараëни бошланиши ортидан туман бўйича 124 фермер ва унинг хўжалигидаги ишчилар ишсиз қолган.

“Ҳоким ўзининг хоҳлаганини қилаяпти. Ҳамма фермердан ёппасига ариза ёздириб олишди. Бугун эрталаб ҳокимиятга борган эдим, 124 нафар фермер ишсиз қолгани аниқ бўлди. Буларнинг орасида режаларни доим бажариб келган фермерлар ҳам бор. Қаранг, қарорда энг ками 100 гектар бўлсин деб ёзилгану, лекин планларни бажариб келаётган, кўп тармоқли фермерликни яратиб қўйилган фермерларга тааллуқли эмас, деган жойи бор. Тўғри, балки техникаси камдир, лекин ерга яхши қараган, ҳеч кимдан қарзи бўлмаган, кредитини ёпган фермерлардан ҳам ер тортиб олинди. Бунга улар жуда норози”, деди ёзёвонлик фермер.

Бу суҳбатдош, мақбуллаштириш учун тузилган комиссия кабинетнинг ўзида фермерлар тақдирини ҳоким буйруғига мувофиқ ҳал қилаëтганидан шикоят қилади.

“Ўнта одам бир хонага қамалиб олиб, фақат қоғозга қараб фермерлар тақдирини ҳал қилиши яхши эмас. Комиссия аъзолари уларга берилган икки ҳафта мобайнида фермер хўжаликларига бориб, уларнинг иқтисодий ва техникавий аҳволини жойида ўрганиб чиқиб, хулоса бериши керак эди. Лекин булар ундай қилмаяпти, комиссияни ишини ҳокимнинг ўзи бошқараётганидан ҳамма нарсани тушуниб олса бўлади”, дейди фермер.

“Ҳаммани қамаб¸ ариза ёздирди”

Тошкент вилояти Пскент туманидаги исми сир қолишини сўраган фермернинг айтишича, туман ҳокими 19 январь куни ҳамма фермерларни мажлислар залига қамаб, ерини ўз ихтиёри билан давлат заҳирасига топшириш ҳақида ариза ёздириб олган.

“Бу ёғи энди от ўйин бўлиб кетди. Ҳудудимиз раисидан олган аниқ маълумотимга кўра, ҳоким унга “шапка” берадиган фермерларни топиб кел, деб айтаяпти экан. Раис бориб фермер билан гаплашаяпти, сенга яна шунча ер ўтказиб берамиз, деб у билан “келишаяпти”. Ҳаммасини ҳокимият ўзи регулировка қиляпти. Агар, яхшилаб текширилса¸ ҳаммасини аниқласа бўлади. Лекин, ҳали комиссия хулосаси, танлов деган нарса йўқ. Қарор бўйича комиссия ҳамма фермернинг рентабеллигини, техникасини, пул маблағини, банклардан қарзи бор-йўқлигини кўриб чиқиши керак. Бизга бу ишнинг тартибини ҳам тушунтиришмаяпти, ўзлари хоҳлаган фермерга хоҳлаган фермерининг ерини қўшиб беряпти”, дейди фермер.

Озодлик бу иддаоларга муносабат олиш мақсадида Пскент туман ҳокими Шуҳрат Аҳмедов билан боғланишга ҳаракат қилди - аммо ҳоким кун давомида мобиль телефонига қилинган қўнғироқларга жавоб бермади.

"Кимга хоҳласам¸ ўшанга ер бераман"

Хоразм вилояти Шовот туманидаги “Асрор Нафосат” фермер хўжалиги раҳбари Нуриддин Абудллаевнинг Озодлик радиосига айтишича, ҳали Вазирлар Маҳкамасининг мақбуллаштириш ҳақидаги қарори чиқмай туриб туман ҳокими барча фермерлардан ерларини давлат заҳирасига топшириш ҳақида ариза ёздириб олган.

“Қарийб 200 гектар ерим бор эди. Пахта ва ғалла экардик. Ҳар йили ғалла ва пахта планларини ортиғи билан бажариб келган эдим. Ўтган йил сув танқислиги сабаб муаммо бўлиб қолди. Бир мен эмас, аксарият фермерлар режа бажара олмай қолди. Туман ҳокими Ҳакимбой Отахонов барча фермерлардан мажбуран ариза ёздириб олди. Энди эса ўзи хоҳлаган одамларга ерларимизни бўлиб бераяпти. Қарорда кўрсатилган талаблар ҳоким томонидан бажарилмаяпти. Ҳокимнинг айтгани айтган, дегани деган бўлаяпти. Ер¸ ҳудуд раҳбари, ер тузувчи ва ҳоким ўртасида ҳоким истаган шахсларга берилаяпти. Менинг ўзимга яраша техникам бор, ерим яхши. Қўлимда 15 нафар ишчи бор. Тумандаги 350 дан ортиқ фермернинг ярми ишсиз қоладиган бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг қарори фақат қоғозда қолиб кетаяпти, бу ёғига ҳоким ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда иш тутаяпти”, Нуриддин Абдуллаев.

Шовот туман ҳокими Ҳакимбой Отахонов билан 22 январь кунги боғланиш уринишлари натижасиз қолди - бу ҳоким ҳам Озодлик қўнғироқларига жавоб бермади.

9 январда "Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ҳукумат қарори қабул қилинган эди.

Қарорга кўра, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 100 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчилик 20 гектар, боғдорчилик ва узумчилик 10 гектар қилиб белгиланган.

Айни пайтда мазкур қарорда "ер участкларидан самарали фойдаланаётган, шартномаларни бажариб келаётган, моддий-техника базасига эга бўлган ҳамда кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйган пахта-ғаллачилик фермер хўжаликлари ерларини қарорда келтирилган ўлчамларда мақбуллаштиришга йўл қўйил"маслиги ҳам алоҳида банд қилиб ëзилган.

XS
SM
MD
LG