Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:29

Ўзбекча норозилик: Газ ва светсиз қолган аҳолининг йўл тўсиш акциялари тобора кенгроқ ёйилмоқда(ВИДЕО)


Ўтган ой Бухоронинг Қоракўл тумани аҳли газ берилмаётганига норозилик билдириб, магистрал йўлни тўсиб қўйган
Ўтган ой Бухоронинг Қоракўл тумани аҳли газ берилмаётганига норозилик билдириб, магистрал йўлни тўсиб қўйган

Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани қишнинг совуқ кунларида газсиз қолганидан норози аҳоли катта йўлни тўсиб қўйган навбатдаги ҳудуд бўлди.

Озодликка юборилган видеода, 13 январга ўтар кечаси асосан, аёллардан иборат бир неча ўнлаб инсон катта йўлнинг бир қисмини тўсиб тургани кўринади.

Одамлар хонадонлари газсиз қолганидан шикоят қилишади.

"Газни бошлиғи келсин, ҳаммамиз жонимиздан тўйдик", - дейди Олтиариқ тумани марказидаги "Шердил" магазини олдидаги йўлда тўпланган аёллардан бири.

Фарғоналик блогер Зафарбек Солижоновнинг ёзишича, Олтиариқда аҳоли йўл тўсишдан олдин ҳокимлик ва туман газ идорасига борган, лекин натижа бўлмаган.

"Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида ҳам аҳоли газ йўқлиги ва свет тинмай ўчаётгани сабаб кўчага чиқди. Туман марказидаги Шердил магазинининг олдида тўпланишган. Айтишларича, аҳоли ҳокимлик, райгаз ва шу каби бир нечта ташкилотларга борган, мурожаат қилган ва самара бўлмаган", - деб ёзди Солижонов ўзининг Телеграм саҳифасида.

Газ йўқлигидан норозилар Фарғонада йўлни тўсди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:17 0:00

Аҳоли йўл тўсиши ортидан Олтиариқ тумани ҳокими ва туман газ идораси раҳбарлари зудлик билан воқеага жойига етиб борганлар.

Улар аҳоли талабини бажаришга сўз берганларидан сўнг норозилар тарқалган.

Йўл тўсиш, бу-ўзбекларга мос протест усули. Чунки ҳокимликларнинг олдига тўпланса эътибор бермайди

Олтиқариқ туман ҳокимлигининг Озодлик суҳбатлашган мулозими тумандаги кўпқаватли уйларда газ босими пасайиб кетгани, 13 январь куни муаммо ҳал этилганини айтди.

"Кўпқаватли уйларда газ босими пасайиб кетган экан. Ҳоким борди, учрашди. Вазиятни бориб ўрганди ва бугун ҳаммаси ҳал бўлди. Ҳозир хонадонларда газ босими яна тикланди", - деди туман ҳокимлиги мулозими.

Бир ойдаги еттинчи йўл тўсиш акцияси

Бу Ўзбекистонда сўнгги бир ой ичидаги Озодликка маълум еттинчи йўл тўсиш акциясидир.

Икки кун илгари Жиззахда газ ва свет талаб қилган маҳаллий аҳоли магистрал йўлни тўсиб қўйган.

Бу норозилик Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятига сафари билан бир вақтга тўғри келган.

11 январь куни асосан, аёллардан иборат бир неча ўнлаб одам Пахтакор туманининг Навбаҳор МФЙ ҳудудидан ўтувчи йўлни бир неча соат тўсиб турди.

Бундан олдин Озодлик Бухоро, Қоракўл, Музработ, Пахтакор туманлари ҳамда Андижон ва Қўқон шаҳарларида газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози аёллар йўл тўсиб ўз норозилигини билдиргани ҳақда хабар қилган эди.

Йўл тўсиш акциялари ортидан маҳаллий ҳокимликлар газ таъминоти билан боғлиқ юзага келган муаммо қисман бартараф этилганини айтишган.

Бухорода газ йўқлигидан норози аҳоли йўл тўсди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:14 0:00

Ўзбекистонда ҳар йили қиш мавсумида газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози аҳолининг чиқишлари кузатилади.

"Ўзбекча протест усули"

Ўзбекистонда сўнгги пайтларда аҳолининг ўз норозилигини ифодалаш учун йўл тўсиши кўп кузатилмоқда. Аксар ҳолларда бундай норозиликлар расмийларнинг назарига тез тушади ва узоққа чўзилмайди.

Йўл тўсиш акцияларининг иштирокчилари эса, асосан аёллар.

Хоразмлик онахон: газ йўқ, свет йўқ, гуноҳимиз нима?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:50 0:00

Тошкентдаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Абдураҳмон Ташанов йўл тўсиш акциялари Ўзбекистонда ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллар охиридан кузатила бошлаганини эслайди:

"Йўл тўсиш, бу-ўзбекларга мос протест усули. Чунки ҳокимликларнинг олдига тўпланса эътибор бермайди, катта трассалар тўсилса, ярим соатда машиналар тўпланиб қолади ва тезда диққатга тушади.

Асосан аёллар чиқишининг сабаби, бизда аёлларга нисбатан юмшоқ бўлингани учун, эркаклар хотинини, опасини, синглисини жўнатади. Эркак борса, қамаб қўйиши мумкин. 1996 йилдан бор бунақа йўл тўсишлар. Тўқсонинси йиллар охирида, эсимда - Жиззахда фермерлар пландан ташқари ғаллаларининг олиб қўйилишига норозилик билдириб, Термиз-Тошкент трактини тўсган ва бу тезда эътиборга тушганди.

Аввалги ҳукумат ҳам, ҳозирги ҳукумат ҳам бунақа чиқишларни оғриқли қабул қилади. Лекин Каримов даврида бунақа чиқишлар шафқатсиз бостирилган. Мирзиёев даврида эса, норозиларнинг талабларини қабул қилиш тенденцияси бор. Лекин бундай стихияли чиқишлар тез тарқатилади. Одамлар, асосан маиший талаблар билан чиқади, сиёсий талаб билан чиқишлар Ўзбекистонда деярли кузатилмайди. Стихияли чиқишларни мамлакат миқёсида катта норозиликка айлантириш институтлари йўқ Ўзбекистонда", - дейди Ташанов.

Ўтган йили газ ва электр таъминотидаги мунтазам узилишлар ортидан Андижон, Фарғона, Сирдарё ва Қорақалпоғистонда аҳоли норозилик билдириб, йўлларни тўсиб қўйган эди.

Ҳукумат мамлакат бўйлаб давом этаётган энергетика инқирозини ҳал қилиш юзасидан аниқ режасини эълон қилмагани каби, узоқ муддатда аҳолининг бу каби норозиликлари борасида қандай йўл тутиши ҳам номаълум.

Маҳаллий ҳокимиятлар аҳоли норозилигини вақтинча чоралар, жумладан, шошилинч тарзда кўмир тарқатиш ёки электр таъминотини бир муддат қайта тиклаш билан ҳал қилишга уринмоқда.

Ўзбекистонда аҳолининг тинч намойишлар ўтказишига рухсат этилмайди, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари бу борадаги мавжуд тартиб амалда демократик жамиятларнинг фундаментал ҳуқуқи бўлган тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини чеклашини танқид қилиб келадилар.

XS
SM
MD
LG