Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:48

GM Uzbekistan амалдори 68 харидорнинг пулини еб кетгани аниқланди


Расмий матбуот “GM Uzbekistan” ширкати таъминот тизими директори ўринбосари 70 га яқин фуқарога автомобил олиб беришни ваъда қилиб, 667 минг долларга яқин маблағини ўзлаштириб юборганини ёзмоқда. Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий нашри бўлган "Ҳуқуқ" газетаси амалдорга тегишли жазо берилганини хабар қилди. Бу сўнгги пайтларда ширкатда бўлаётган кенг кўламли ҳибсларга оид хабарларнинг яна бир тасдиғидир.

"Ҳуқуқ" газетасининг ёзишича, “GM Uzbekistan” компанияси таъминот тизими директори ўринбосари Равшан Искандаров автомобиль олиб бериш ваъдаси билан 68 нафар фуқарони алдаган.

"Kun.uz" сайти тарқатган хабарга кўра, Искандаров 2012-2014 йилларда турли русумдаги автомобилларни маълум вақтда олиб бераман дея, фуқаролардан қарийб 667 минг доллар ва 65,1 миллион сўм маблағ йиққан.

"2012 йил август ойидан 2014 йил август ойига қадар... Равшан улардан қарийб 667 минг АҚШ доллари ва 65 млн 121 минг сўм олади. Пулларнинг 51 минг АҚШ долларини укасига, 415 минг АҚШ долларини касалхона қурилиши учун беради. Қолган пулларни эса ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборади. Бу борада унга тўрт марта судланган таниши Зайнобиддин Низомов кўмаклашган" деб ёзмоқда нашр.

Хабарда қайд этилишича, жиноят ишлари бўйича Анжидон вилоят суди судланувчиларни жазолаган, аммо қандай жазо берилгани, хусусан, куйиб қолган хардиорларга пули қайтарилганми-йўқми - бу ҳақда маълумот берилмаган.

GM Uzbekiston ширкати таъминот тизими раҳбари муовини ва бир қанча шахсларга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақда Озодлик аввал хабар берган эди.

Аввалига ширкат бош директори Тоҳир Жалилов, орадан қисқа муддат ўтиб, директордан ташқари яна камида 10 одам ҳибсга олингани хабар қилинган. Бунинг ортидан “Ўзавтосаноат” бошқарув раиси, Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Рўзиқуловнинг ҳам терговга чақирилгани ҳақида Озодлик манбалари хабар қилган эди.

Шу кунда эса бу ҳибслар ортидан GM Uzbekistan ширкати ҳамда бу ширкат билан ҳамкорлик қилган яна қатор ширкатларда кенг қамровли текширувлар бораётгани маълум бўлди.

Манбаларга кўра, GM Uzbekistan замодига бутловчи жиҳозлар тайëрлаб берган ширкатларга товар ва хизматлари учун ўз вақтида пул тўланмаган ва бу ҳам терговчилар тарафидан “криминал схеманинг бир қисми” дея малакаланган.

Тергов давом этаëтган айни кунларда Озодлик электрон почтасига GM Uzbekistan ширкатига бутловчи жиҳозлар етказадиган ширкатлардаги қаллобликлар ҳақида иддаоли маълумот ҳам етиб келди.

Бу маълумотда Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев қариндошларининг GM Uzbekistan ширкатига “авторадио етказиб бериш билан боғлиқ қаллобликлар” қилгани иддао қилинади.

Бундан аввалроқ Солиқ қўмитаси раиси¸ генерал-лейтенант¸ Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятовнинг қудаси Ботир Парпиевнинг GM Uzbekistanдаги жиноий схемаларга алоқаси борлигини Uzmetronom Интернет нашри ҳам иддао қилган эди.

Озодлик ҳозирча бу маълумотларни расман тасдқиқловчи ҳужжатга эга эмас.

Озодликнинг “Ўзавтосаноат” корхонасидаги манбаси эса шу кунларда конвейер тўхтагани, аммо “автомобиль заводи фаолияти тўхтатилиши вақтинчалик ҳолат" эканини тасдиқлаган. Аммо, бошқа манбалар шу кунларда Асакадаги заводда ишлаб чиқариш деярли тўхтатиб қўйилганини айтмоқдалар.

Аслида, GM Uzbekistan 2016 йил май ойида янги Chevrolet Aveo моделини ишга ишлаб чиқаришни бошлаши лозим эди. Янги T250 платформа асосида ясаладиган автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун корхонага 104,2 млн доллар инвестиция киритилгани хабар қилинган.

Ўзбекистон вазирликларидан бирида ишловчи Озодлик манбасининг айтишича¸ шу кунларда терговчилар ана шу сармоя тақдири билан ҳам қизиқмоқда.

“Ўзавтосаноат” бошқарув раиси ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Рўзиқуловнинг терговга чақирилгани ҳам T250 платформа асосида ясаладиган автомобиль ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун олинган 104,2 млн доллар маблағ билан боғлиқ¸" деган эди Озодлик манбаси.

Бундан ташқари, корхонада ишлаб чиқарилган Nexia, Cobalt, Lacetti, Gentra¸Malibu, Matiz ва Spark каби 12 моделдаги автомобиллар учун олинган сармояларнинг ҳам мақсадли ишлатилмагани борасидаги иддаолар ўртага чиққани айтилмоқда.

2010 йилдан бери ўзбек автоконцернини бошқараëтган ва айни пайтда "Ўзавтосаноат" ҳиссадорлик ширкати бошқарув раиси ўринбосари бўлган Тоҳиржон Жалилов товламачилик йўли билан ширкат пулларини ўзлаштирганликда гумон қилиниб, май ойи бошида ҳибсга олинган.

Озодлик манбаларига кўра, Жалилов GM Uzbekistan корхонаси ишлаб чиқарган машиналарни Россияга эскпорт қилишда ноқонуний схемалар ёрдамида катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликда гумонланмоқда. Айтилишича, Жалилов билан биргаликда бошқа мулозимлар устидан ҳам назорат тартибида тергов бошланган.

XS
SM
MD
LG