Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:54

GM Uzbekistan иши бўйича яна 10 киши, жумладан Жалиловнинг ўғли ҳибсга олинди


Ўзбекистонда GM Uzbekistan иши бўйича ширкат бош директори Тоҳир Жалиловдан ташқари яна камида 10 одам ҳибсга олингани айтилмоқда. Озодлик манбалари ҳибсга олинганлар орасида ширкат раҳбарининг ўғли ва ўринбосарларидан бир ҳам борлигини айтмоқда. Жалиловнинг ўзи ҳамон Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида сўроқ қилинаётганини айтган манба жиноий схемалар воситасида сотилган автомобиллар эгаларидан мусодара этилаётганини ҳам иддао қилмоқда. Экспортга чиқарган машиналарни қайта Ўзбекистонга олиб кириб, пуллаш орқали катта миқдордаги маблағларни ўзлаштирганликда гумонланаётган GM Uzbekistan бош директори ўтган ҳафта ҳибсга олинган эди.

Жалиловнинг ўғли ва ўринбосари ҳам олиб кетилган

GM Uzbekistan бош директори ҳибсга олиниши ортидан ширкатда “қаттиқ текшир-текшир давом этмоқда”, дея билдирди Озодликнинг Ўзбекистон-АҚШ қўшма корхонасигша яқин манбаси.

Унинг айтишича, ўтган ҳафтадан бери Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ертўласида қамоқда сақланаётган GM Uzbekistan бош директори Тоҳир Жалиловдан ташқари шу пайтгача яна камида 10 киши, жумладан унинг ўғли ҳам ҳибсга олинган.

“Жалилов ертўлада сўроқ қилинмоқда. Билишимча, олиб кетилганлар орасида Жалиловнинг ўғли ва ўринбосари ҳам бор. Фирибгарлик схемасига ҳомийлик қилган МХХнинг иккита зобити ҳозирда қочиб кетган. Бу схемада жуда кўп одам бўлган. Лекин бундай катта ишни жуда нуфузли шахслар ҳимоясисиз қилиб бўлмаслиги аниқ ва Жалилов бу схемадаги энг асосий шахс эмаслигини айтишимиз мумкин”, дейди манба.

Ўзбекистон ҳокимият идораларидаги Озодлик манбаси ҳам Жалиловнинг ўғли бу ишга гувоҳ сифатида жалб этилганини тасдиқлади.

“Жалиловнинг ўғли сўроққа гувоҳ сифатида жалб этилган. У ҳибсга олингани тўғрисида аниқ маълумот йўқ, гувоҳ сифатида олиб кетилган. Лекин у ҳам отаси билан жума куни олиб кетилганича қўйиб юборилгани йўқ. Бундан ташқари, яна 10 киши қўлга олинганини биламан. Улар орасида GM Uzbekistan молиявий департаментнинг икки мулозими бор”, дейди ҳокимият идораларидан биридаги Озодлик манбаси.

GM Uzbekistan бош директори ва бошқа мулозимлари катта миқдордаги фирибгарликда айбланиб, ҳибсга олинганидан беш кун ўтиб ҳам Ўзбекистон Бош прокуратуарси ва бошқа тергов идораларидан бунга оид изоҳ олиб бўлгани йўқ.

GM Uzbekistan қўшма корхонасининг 75 фоиз улушига эгалик қиладиган “Ўзавтосаноат” давлат ширкати вакиллари ҳам Озодлик сўровига жавоб беришдан бош тортди. 47 ёшли Тоҳир Жалилов GM Uzbekistan бош директори давозимидан ташқари “Ўзавтосаноат” бошқарув раисининг ўринбосари лавозимини ҳам эгаллайди. Унинг исми “Ўзавтосаноат” расмий сайтидан олиб ташлангани йўқ.

Президент Москвадан қайтгач фош этилган схема

Озодлик манбаси “Ўзавтосаноат” бошқарув раиси ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Улуғбек Розиқулов машинасозлик соҳасини назорат қилиб келганига қарамасдан, ҳозирча унга нисбатан тергов идоралари томонидан саволлар туғилгани йўқ, дейди.

Президент Ислом Каримовнинг Москвага ташрифи арафасида GM Uzbekistan Россияга машиналарни вақтида етказиб бера олмаётгани тўғрисида хабар пайдо бўлди
Президент Ислом Каримовнинг Москвага ташрифи арафасида GM Uzbekistan Россияга машиналарни вақтида етказиб бера олмаётгани тўғрисида хабар пайдо бўлди

Апрель ўрталарида, Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Москвага сафари арафасида GM Uzbekistan Россия учун ишлаб чиқарган Ravon R2 русумидаги автомобилларни вақтида етказиб бера олмаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди.

GM Uzbekistan бош директори дохил жиноий схеманинг президент Каримов Москвадан қайтишининг эртасигаёқ фош этилгани эътиборлидир.

Қўшма корхонанинг 25 фоизига эгалик қиладиган АҚШнинг General Motors ширкати Озодлик сўровига жавобан бу ҳақда ҳозирча изоҳ бера олмаслигини билдирди.

GM Uzbekistan ширкатига яқин манбанинг билдиришича, ҳозирда ширкатнинг Асакадаги заводида ишлаб чиқариш деярли тўхтатиб қўйилган.

Манбалар GM Uzbekistan иши бўйича шу пайтгача берган маълумотларга кўра, Тоҳир Жалилов дохил бўлган гуруҳ Россияга экспорт қилиш учун чиқарилган автомобилларни Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида маҳсус жамлоққа олиб чиқиб сақлаган. Жиноий гуруҳ “отстойник” деб атаган бу жамлоқда сақланган минглаб автомобиллар кейин Ўзбекистонга қайта олиб кирилиб, ички нархларда пулланган.

GM Uzbekistan машиналари Россияда Ўзбекистондагидан кўра қайриб икки баробарга арзонроқ сотилиши маълум. Жиноий гуруҳ ана шу схема орқали нарх ўртасидаги фарқни ўзлаштирган, дейди Озодлик манбаси.

“Махинация жуда оддий бўлган. Қозоғистоннинг жанубий минтақаларига машиналар олиб чиқилиб, яна қайта реэкспорт қилинаётган бўлган. Ичкарига қайта олиб кириб пуллашган. Ҳозир терговчилар сотилган ҳар бир машинани текширмоқда. Завод тўхтаган ёки жуда чекланган миқдорда ишлаб чиқаряпти. Бундан ташқари, эшитишимча, ҳозир водийда ўша схема бўйича сотилган эскпорт вариантдаги 100га яқин машина мусодара қилинган. МХХ машиналарни сотиб олган одамларни текшириб, машиналарни тортиб қўйиб, муҳрлаб қўймоқда”, дейди Озодлик манбаси.

Ўзбекистонлик учун икки баробар қимматроқ машиналар

GM Uzbekistan ички бозор учун чиқарилган машиналар рўйхатида Gentra йўқ
GM Uzbekistan ички бозор учун чиқарилган машиналар рўйхатида Gentra йўқ

GM Uzbekistan йилига юз минглаб автомобил ишлаб чиқариши айтилса-да Ўзбекистонда машина нархининг 85 фоизини олдиндан тўлаб қўйган харидор бир неча ойлаб навбат кутишига тўғри келгани боис талаб жуда каттадир. Йиллар давомида сунъий тарзда яратилган бу вазият ҳам жиноий гуруҳ фойдасига ишлаган, демоқда манбалар.

Россия бозори учун Ravon брэнди остида учта моделдаги автомобиль – R2, Gentra ва Nexia автомобиллари чиқарилади. Бу машиналарнинг Ўзбекистон ички бозори учун Chevrolet маркаси остида чиқариладиган аналоглари ўзбек харидори учун қарийб икки баробар қимматроқдир.

Ўтган йилнинг охирларида қисқа муддат GM Uzbekistan автомобилларини мамлакат ичида сотиб олиш фавқулодда осонлашгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлди. Бунда айниқса, Россия бозори учун чиқарилган Gentra машиналари чаққон сотилган эди.

Фарғоналик Шуҳрат Ҳамидов ўша кунлари Gentra машинасининг омадли ҳаридорларидан бирига айланди.

- Ўтган йилнинг охирида, тўрт ой бўлди, Gentra машинасини олдим. Автосалонга борсам, қўлимга шартномани беришди, бориб пулини тўлаб келинг, телефонингизни қолдиринг, дейишди. Бориб 85 фоиз пулини тўладим. Шанба куни эди. Энди 5-6 ой кутаман десам, сешанба куни телефон қилишиб, машинангиз келди, олиб кетишингиз мумкин, дейишди. Уч кун деганда машинани олиб чиқдим,- дейди фарғоналик суҳбатдошимиз.

Ravon Gentra Россияда 6400, Ўзбекистонда 18000 доллар туради
Ravon Gentra Россияда 6400, Ўзбекистонда 18000 доллар туради

Фарғоналик Шуҳрат ака, Россияда 6400 доллар турадиган Gentra машинасини Ўзбекистонда 51 миллион сўмга сотиб олганини ҳам қўшимча қилди. Ўша пайтдаги расмий курс билан ҳисоблаганда бу қарийб 18 минг доллар, қора бозор курси билан ҳисоблаганда 10 минг доллар бўлади.

Бундан ташқари Gentra автомобили GM Uzbekistan расмий сайтида эълон қилинган Ўзбекистон ички бозорида сотиладиган автомобиллар рўйхатида йўқлиги ҳам қизиқарлидир.

GM Uzbekistan 2008 йилнинг мартида Uz-DaewooAuto ўрнида тузилган. 75 фоизи “Ўзавтосноат” давлат ширкати, 25 фоизи АҚШнинг Genral Motors компаниясига қарашли қўшма корхона раҳбарлигига Тоҳир Жалилов 2010 йилда тайинланган.

Унгача Россияда “UzDaewooAvto” вакили ва “ЎзАвтоРус” ширкати раҳбари лавозимида ишлаган. Ўша пайтда Жалолов Воронежда дилерлик салонларини ташкил этиш учун маҳаллий амалдорларга пора бергани билан боғлиқ иддаолар юзасидан жиноят иши очилган эди. Бу жиноят иши бўйича Жалоловдан пора олганликда айбланган амалдорлар судга тортилган эди.

XS
SM
MD
LG