Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:39

"Ўзбек маликаси"нинг Швейцария банкидаги музлатилган миллионлари кимга қайтарилади?


Гулнора Каримова айни пайтда Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаётгани айтилади.
Гулнора Каримова айни пайтда Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаётгани айтилади.

Ўзбекистон собиқ президентининг қизи, “Ўзбек маликаси” сифатида танилган Гулнора Каримованинг 840 миллион доллар активлари ҳукумат сўрови билан Швейцариядаги банкда музлатиб қўйилган.

Швейцарияда узоқ давом этган суд жараёнидан сўнг тез орада қарор чиқиши кутилмоқда: Хўш, бу пуллар кимга берилади, Швейцария ҳукуматигами ёки Ўзбекистон ҳукумати, ёки Zeromax компаниясининг собиқ инвесторларигами, эҳтимол ҳозирда қамоқда бўлган 51 ёшли Гулноранинг ўзига қайтарилар?

Британияда чиқадиган Financial Times газетаси ана шундай саволларни қўймоқда.

Ўн йиллик терговдан сўнг Швейцария прокурорлари Каримовага қарши айбловни 28 сентябрь куни судга киритилди. Суд бу бойликлар қаердан келгани ва қаерга кетишига ойдинлик киритиши керак, деб ёзди Financial Times.

Нашрга кўра, Zeromax кредиторлари аллақачон янги юридик жараённи бошлаган. Цугда асосланган Zeromax 2010 йили 4.6 миллиард долларлик қарз билан банкрот деб эълон қилинганда бу Швейцариядаги иккинчи энг катта банкротлик ҳолати бўлган эди. Бундан аввал ушбу холдинг ширкат Ўзбекистондаги энг катта инвестор ва иш берувчи бўлган ва кўпчилик уни Каримова билан боғларди.

Татьяна Каримовага қамоқдаги қизини кўрсатишмади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:32 0:00

Financial Times'нинг ёзишича, ширкат кредиторлари орасида Бразилия футбол юлдузларидан тортиб Германиянинг Қора ўрмон ҳунармандларигача бўлган.

Кредиторларнинг 10 октябрь куни илгари сурилган юридик даъвосида айтилишича, Швейцария ҳукумати ўйин қилмоқда ва уларнинг ҳуқуқлари таъминланишига йилларча ҳалал бериб келган. Уларнинг айтишича, расмий Берн бу пулларни турли дипломатик имтиёзлар эвазига ўзбек ҳукуматига секингина бериб юбормоқчи.

“Мижозларимиз 2017 йилдан буён Швейцария ва Ўзбекистоннинг юқори даражали расмийлари тил бириктирганидан шикоят қилмоқда”, дейди кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган Цюриҳдан адвокат Томас Рим Financial Times'га.

Швейцария ҳукумати даъвосича, Каримова ва Zeromax ўртасида алоқа йўқ. 2018 йилги суд ҳукмига кўра, Zeromax Каримова томонидан бошқарилмаган ва унга фойда ҳам келтирмаган. Агар ушбу ҳукм кучда қолса, Каримованинг пуллари Ўзбекистон ҳукуматига берилиши керак бўлади.

Каримова бойлигининг жиноий манбалари ҳақидаги иддаолар янгилик эмас. АҚШ Адлия вазирлигининг 2019 йилги айблов хулосасида айтилишича, Каримова телекоммуникация соҳасида Тошкентда шартнома тузмоқчи бўлган халқаро компаниялардан 850 миллион доллардан ортиқ пора олган. Иш ҳали судгача етиб бормаган. 2010 йилда ошкор қилинган дипломатик ёзишмаларда америкалик дипломатлар уни “Ўзбекистондаги энг нафратланилган шахс” ва мамлакатдаги “деярли ҳар қандай фойдали бизнесдан улуш ундиришга уринган” “қароқчи барон” деб таърифлашган.

Каримова Zeromax бўйича ҳам, ва бошқа айбловларни ҳам тамоман рад қилиб келмоқда.

“У ўзига қўйилган барча айбловларга қарши ўзини оқлаш учун курашади”,- дейди Женевадан адвокат Грегуар Манже.

"Швейцария банкларида музлатилган пуллар ҳозир қонунан унга тегишли", - дейди у.

Суд қачон бўлиши аниқ эмас, аммо Financial Times мақоласида айтилишича, барча томонлар бу чигал вазият тезроқ ҳал бўлишига умид қилмоқда.

"Бу ерда ҳамма нарса қийноқ устига қурилган". Мирзиёевнинг VIP маҳкумлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:30 0:00

2020 йил мартида Тошкент шаҳар суди Каримовани жиноий тил бириктирганлик, товламачалик, ўзлаштириш, ўғрилик, пул ювганлик ва бошқа жиноятларда айбдор деб топиб, 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этган. У айни пайтда жазо муддатини Зангиотадаги аёллар қамоқхонасида жазо ўтаяпти.

Швейцария, Франция, АҚШ ва бошқа қатор мамлакатлардаги Гулнора Каримовага алоқадор бўлган мулкларнинг умумий қиймати қарийб 1,4 миллиард долларга баҳоланган. Ўзбекистон ҳукумати мазкур активларнинг бир қисмини қайтариб олишга уриниб келмоқда.

2020 ва 2021 йилларда Ўзбекистон Франциядан 20 миллион долларни қайтаришга муваффақ бўлган. Бу маблағ Париждаги кондоминиум ва 1815 йилда қурилган Château de Groussay қасрининг сотилишидан тушгани айтилган.

Аввалроқ Озодлик Британияда Гулнора Каримованинг қиймати 25 млн доллардан ортиқ учта уйи мусодара этилгани ҳақида хабар қилган эди. Британиянинг Ўта йирик миқдордаги фирибгарликка қарши кураш бюроси (Serious Fraud Office) Каримова 2004 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда Ўзбекистондаги бозорга киришга ёрдам бергани эвазига телекоммуникацион ширкатлардан пора ўлароқ юзлаб миллион доллар олганини иддао қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG