Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:08

"Прокуратура баёноти Гулноранинг Ғарбдаги миллиардларини қайтаришга уринишдир"


Туркияда чиқадиган "Ҳуррият" газетасида Гулнора Каримова интервьюси босилган саҳифа сурати. Сурат устида турк тилида "Ҳаётим Муҳташам юз йил каби", деган сарлавҳа босилган.
Туркияда чиқадиган "Ҳуррият" газетасида Гулнора Каримова интервьюси босилган саҳифа сурати. Сурат устида турк тилида "Ҳаётим Муҳташам юз йил каби", деган сарлавҳа босилган.

Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага очилган жиноий ишлар бўйича Бош прокуратура 28 июль куни эълон қилган батафсил баëнотдан мақсад¸ Озодлик суҳбатлашган мустақил журналист ва таҳлилчиларга кўра¸ “Гугуша” ўғирлаб¸ хориж банкларига беркитган миллиардлаб доллар маблағ ва кўчмас мулкни Ўзбекистон ҳукумати ихтиëрига берилишига эришишдир.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида 28 июль куни эълон қилган “Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар”да марҳум президент тўнғичининг 2001-2013 йилларда содир этган оғир иқтисодий жиноятлари юзасидан якунланган ва ҳамон давом этаëтган жиноий ишларга оид айрим тафсилотлар берилди.

Хабарда айтилишича¸ Гулнора Каримовага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик)¸ 167-моддаси ( Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш)¸ 179-моддаси ( Сохта тадбиркорлик)¸ 184-моддаси (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш)¸ 227-моддаси ( Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш ) ва бошқалар (бошқа айблар сал пастроқда ойдинлаштирилади -таҳр.) билан айблов эълон қилинган.

Г.Каримованинг ушбу жиноятларни содир этишдаги айби уюшган жиноий гуруҳ аъзолари Н.Содиков, Р.Мадумаров, Ш.Сабиров ва бошқаларнинг, гувоҳлар, жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, уюшган гуруҳ назоратидаги 45 та хўжалик юритувчи субъектлар ва 16 та оффшор компаниялар фаолиятини текшириш материаллари, олинган ёзма ва ашёвий далиллар, экспертиза хулосалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан ўз тасдиғини топган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан Г.Каримова айбланаётган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган ва унга 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган”¸ дейилади Бош прокуратура хабарида.

Айни пайтда расмий хабардан Гулнора Каримовага нисбатан қўйилаëтган бошқа айблар ҳамон давом этаëтган тергов ҳаракатлари марказида экани¸ улар орасида “давлат органлари ваколатларини асоссиз ўзлаштириш”¸ “уюшган жиноий гуруҳнинг оффшор компаниялари ҳисоб рақамига “бўнак” (откат) олиш¸ импорт товарлар миқдор ва нархини яшириш каби Жиноят кодексининг яна олти моддасида кўзда тутилган айблар борлиги англашилади.

Расмий хабарда айтилишича¸ давом этаëтган жиноий ишларда марҳум президентнинг тўнғич қизи 168 (Фирибгарлик), 178 (Чет эл валютасини яшириш)¸ 182 (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш), 189 (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш)¸ 228 (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-модда бўйича (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)да айбланмоқда.

Ўзбекистон Жиноят кодексидаги энг оғир иқтисодий жиноятларда айбланаëтган Гулнора Каримова эҳтиëт чораси сифатида қамоққа олинган.

Расмий хабардан ўзбек сўмидан тортиб¸ қатор хориж валюталарида келтирилган ўғирлик¸ талон-тарожнинг жами миқдорини аниқлаш¸ Гулнора Каримовадан Ўзбекистон ва ўзбекистонликларга етган жами зарар ҳажмини аниқ рақамларга айлантириш қийинлиги кўрилади.

Дастлабки хомчўтдан¸ Каримова томонидан ўғирлангани исботланган ва гумонланаëтган маблағнинг бир неча миллиард долларга тенг экани кўрилади.

Олиб борилаëтган тергов ҳаракатлари давомида бу айблар ўз тасдиғини топса¸ Каримова аввалги суд томонидан белгиланган 5 йиллик озодликдан маҳрум этилиш жазоси устига узоқ йилларга қамалиши мумкин.

Гулнора Каримова жиноятларини биринчи бўлиб фош қилганлар Ўзбекистон прокуратураси хабарини олқишлади¸ аммо...

2012 йилга қадар Ғарб матбуоти томонидан “Ўзбекистон маликаси”, деб сифатланиб¸ отаси курсисига ворис, деб кўрилган Гулнора Каримованинг хориж ширкатларидан олган юзлаб миллионлик откатларни ўз хизматчилари номига очилган оффшор компанияларининг Ғарбдаги ҳисоб рақамларига қўйгани ҳақидаги илк ҳужжатли айблов Швеция тележурналистлари ҳозирлаган махсус кўрсатувда намойиш этилган эди.

2012 йилнинг 19 сентябрь куни Швеция жамоатчилик телевидениеси намойиш этган "TeliaSonera - ўзбек иши" деб номланган ҳужжатли филмда учдан бир қисм акциялари Стокҳолм ҳукуматига қарашли бўлган TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун президентнинг тўнғичи Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганликда айбланди.

Швед суриштирув журналистлари гуруҳи бошлаган бу иш 11 декабрь куни намойиш этилган "TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи" ва 2013 йил майида кўрсатилган “Москвадан келган чопар” ҳужжатли фильмларида давом эттирилди.

Бу ҳужжатли фильмлар ортидан Европанинг 12 давлатида Гулнора Каримова билан боғлиқ жиноий иш очилди¸ Каримовага пора берганини тан олишга мажбур бўлган Европа мобиль ширкатлари тарихда кўрилмаган рекорд миқдордаги жаримага тортилди.

Мазкур фильм муаллифи Йоахим Дифвермарк 28 июль куни Озодлик билан суҳбатда¸ Ўзбекистон Бош прокуратурасининг “Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар”идан “қойил” қолганини яширмади:

- Бу хабардан ҳайрон бўлдим¸ қайсидир маънода¸ ўзбек ҳуқуқ тизимига “қойил” ҳам қолдим. Биз Гулнора қилган жиноятлари учун эмас¸ кўпроқ сиëсий сабабдан уй қамоғида сақланмоқда¸ деб ўйлаëтган эдик. Швецияда TeliaSoneraдан юзлаб миллион доллар пора олган “диктаторнинг қизи” сифатида танилган Гулнора Каримова устидан давом этаëтган тергов амалиëтлари бундан кейин очиқ бўлиши лозим. Ўзбекистонга кирган ҳар бир хориж ширкатининг кимларгадир откат бергани¸ кимларгадир ҳомийлик учун пора бериб келгани ҳеч кимга сир эмас. Бу рўйхат фақат Гулнора билан чекланмайди. Бизнинг вазифамиз¸ бу ишни қилаëтганларни¸ коррупцияни фош қилишни давом эттиришдир. Зотан Ўзбекистон каби мамлакатларда айнан коррупция ижтимоий адолатсизлик замирида ëтган энг катта сабабдир¸ деди “Гулнора иши”ни бошлаган швед журналистларидан бири.

Халқаро суриштирув журналистларининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) тадқиқотчиси¸“Гулнора Каримова миллиард долларни қандай ўмарди? номли кенг кўламли журналистик суриштирув муаллифи Миранда Патручич Ўзбекистон Бош прокуратурасинигн 28 июль кунги баëнотини олқишлаган ҳолда¸ тергов амалиëтларининг фақат Гулнора иши билан чекланиб қолмаслиги лозимлигига эътибор қаратди:

- Отасининг ҳокимияти соясида Гулноранинг маҳаллий тадбиркорларни хонавайрон қилгани¸ хориж ширкатларидан юзлаб миллион откат олиб¸ бу пулларни оффшорга беркитиб келгани оид исбот-далиллар шу қадар кўпки¸ Ўзбекистон прокуратураси ҳам ниҳоят бу айбловларни тафтиш қилишга мажбур бўлмоқда. Бу ниҳоятда кенг кўламли коррупция ва Гулнора ўз қилмишлари учун адолат олдида жавоб бериши шарт. Лекин бу коррупция фақат Гулнора ëки собиқ биринчи оила билангина чекланмайди. Каримов ҳокимияти тепасидагиларнинг аксарияти у ëки бу шаклда коррупцияга тортилган¸ улар орасида ҳозир ҳам вазир бўлиб ўтирганлар бор. Бугунги ҳукумат ўз яқин ўтмишидаги коррупцияни тафтиш қилишни Гулнора иши билангина чекланмаслиги лозим. Агар бугунги ҳукуматнинг коррупцияга қарши курашиш нияти самимий бўлса¸ бунинг учун қонунларни тартибга келтириши¸ фуқаролик жамияти ва мустақил матбуотнинг ишлашига имкон бериши лозим¸ дейди Гулнора иши юзасидан ўтказган журналистик суриштируви учун халқаро мукофотга сазовор бўлган Миранда Патручич.

TeliaSonera ва VimpelCom телеком ширкатлари Гулнора Каримовага юзлаб миллион доллар “откат” берганини тан олганидан сўнг¸ ўз акциялари сотувга қўйилган АҚШ Адлия вазирлигига умумий қиммати 2 миллиардга яқин жарима тўлашга мажбур бўлди.

Бу иш доирасида АҚШ Адлия вазилриги Каримoвaга тегишли экани айтиладиган оффшор ширкатларининг хориж банкларидаги 850 миллион долларини музлатиб қўйди. Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти тадқиқотчиси Алишер Илҳомов Ўзбекистон ва ўзбекистонликлардан ўғирланган бу пулларнинг ҳукумат эмас¸ бевосита халққа¸ жамоатчиликка қайтарилиши талаби билан кампания олиб бормоқда.

28 июль куни Бош прокуратура баëнотига муносабат билдирган Илҳомов¸ Тошкентдаги ҳаракатлар асос-мақсади ана шу пулларни қайтариш эканини айтади:

- Назаримда¸ бу ишларнинг ҳаммаси ЕИ ва АҚШдаги жиноий ишлар ортидан Гулноранинг музлатиб қўйилган бир миллиардга яқин пули атрофида айланмоқда. Ҳукумат ана шу пулларни қайтариб олмоқчи. Иккинчи жиҳат¸ Мирзиëев ҳукуматининг коррупцияга оид халқаро майдондаги жиддий танқидларга муносабат билдириб¸ бу ишни эътиборсиз қолдирмаëтганини кўрсатиш истагидир. Сентябрь ойида АҚШга келиши кутилаëтган Шавкат Мирзиëев¸ бу ерда президент Трамп билан учрашишни ва ундан бу пулларни қайтаришни сўрашни режалаëтган бўлиши мумкин. Прокуратура хабари¸ ҳукуматнинг бу пуллар манбаи¸ яъни Ўзбекистондан ўғирланганини кўрсатиш йўлидаги уринишидир. Лекин¸ очиғи, бу уринишларнинг ҳаммаси¸ ҳозирча менга адолат тантанасидан кўра¸ фарсни эслатмоқда. Ҳукумат Гулнора ишида адолат қарор топишини истаса¸ нега Гулноранинг нимада айблангани¸ қаерда¸ қачон суд қилинганини беркитиб келди? Нега бу ишга мустақил адвокатлар¸ ҳуқуқ фаоллари¸ журналистлар ва бошқа жамоатчилик вакиллари қўйилмади? Бугун эски сана билан Гулноранинг судланганию¸ қамоққа олинганини эълон қилиш¸ бу жараëнга оид очиқ қолаëтган саволларга жавоб бера олмайди¸ дейди Илҳомов.

Бу таҳлилчи ҳам Гулнора Каримова айбланган ва айбланаëтган жиноятларни ëлғиз ўзи амалга оширмагани¸ бу жиноятларга йўл қўйган¸ расмий ҳужжатларга қўл қўйган¸ унга шерик бўлган ҳукумат аъзоларию¸ бошқа шахсларни ҳам жазога тортиш лозимлигини таъкидлайди.

Швеция прокурори излаганини топди...

Гуннар Стетлер¸ Швеция бош прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бошқармасининг бош прокурори. Стетлер¸ 2012 йилдан бери Швециянинг энг йирик телекоммуникация ширкати – TeliaSoneraнинг Гулнора Каримовага 320 миллион доллар миқдорида пора бергани айблови юзасидан тергов олиб бормоқда.

28 июль кунги Ўзбекистон Бош прокуратураси хабари билан googletranslate орқали танишиб чиққани ва унинг профессионал таржимасини олгач¸ синчиклаб ўрганиб чиқажагини билдирган Стетлер¸ Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон Бош прокуратурасининг Каримова ишига муносабатида айрим ижобий ўзгаришлар кузатилаëтганини эътироф қилди.

Швед прокурори¸ ўзбек ҳамкасбларининг 28 июль кунги баëнотида ўзи олиб бораëтган Гулнора ишига жиддий туртки бериш эҳтимолини тилга олди:

- Швецияда бораëтган жиноий ишни охирига етказишим учун Гулнора Каримованинг Ўзбекистонда ҳукумат арбоби бўлгани¸ ëхуд ҳукумат арбоби даражасида мавжуд система устидан назорат ўрнатганини исбот қилиш ўта муҳимдир. Швеция қонунчилигининг порага оид моддаси айни шу нарсани исбот қилишни талаб этади. Ўзбекистон прокуратураси эълон қилган тафсилотлар Каримованинг телекоммуникация тизимини назорат қилиш қудратига эга бўлган шахслигини исботлашга қўшимча далил бўлади¸ деди Гуннар Стетлер.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG