Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:50

Гулнора Каримова PRчилари унга одил судлов истамоқда


Гулнора Каримова ўз вақтида Европа тергов идоралари саволларига жавоб бериш имконидан фойдаланмаган.
Гулнора Каримова ўз вақтида Европа тергов идоралари саволларига жавоб бериш имконидан фойдаланмаган.

Гулнора Каримова ҳамон уй қамоғида қолмоқда. Ўзбекистон президенти қизининг Лондондаги вакили Локсли Райан сешанба куни ана шу мазмундаги баёнотни ОАВга тарқатди. Davidson Ryan Dore PR фирмаси вакили, жумладан, Озодликка юборган баёнотда айтилишича, Гулнора Каримова мамлакатни тарк этгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликни чалғитиш мақсадида тарқатилмоқда. Ўзбекистон ва хорижда жиддий жиноятларда айбланаётган Гулноранинг PRчилари Интернетда ҳам унинг ҳимоясига қаратилган кампания бошлади.

Davidson Ryan Dore PR фирмаси вакили Локсли Райан 14 октябрь куни тарқатган банотда иддао қилинишича, гўё яқинда Гулнора Каримова уй қамоғидан озод қилингани ва мамлакатни тарк этгани ҳақида пайдо бўлган хабарлар ҳақиқатдан йироқдир.

“Гулнора Каримованинг ҳамон Ўзбекистонда уй қамоғида қолаётгани ва февраль ойидан бери ташқи дунё билан деярли алоқа қила олмаётганини тасдиқлашим мумкин. У ва у билан бирга ушлаб турилган 16 ёшли қизи ҳамон шошилинч тиббий ёрдамга муҳтождир. Гулнора озод этилганига доир ҳар қандай хабарлар ҳақиқатга мос эмас ва чалғитишни мақсад қилган”, дейилади Локсли Райан тарқатган баёнотда.

Гулнора Каримова мамлакатни тарк этгани ҳақидаги иддаолар ўтган ҳафта мухолифатдаги Ўзбекистон Халқ ҳаракати сайтида пайдо бўлди. “Усмон Ҳақназаров” тахаллуси билан танилган виртуал муаллифнинг навбатдаги мақоласида президент қизининг гўë 10 сентябрь куни Москвага учиб кетгани иддао қилинган.

Ўтган ой Ўзбекистон Бош прокуратураси “уйюшган жиноий гуруҳ”га алоқадорликда айбланаётган президент қизининг уй қамоғида қолаётганига ишора қилганига қарамасдан, Лондондаги PR фирмаси ҳам кутилмаганда Гулнора Каримованинг уй қамоғида эканини эслатмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 23 сентябрь куни журналистлар саволларига жавоб тариқасида эълон қилган хабарномада Гулнора Каримовага нисбатан тергов ишлари давом этаётгани билдирилган эди. Журанлистларнинг президент набираси Имон Каримова онаси Гулнора билан уй қамоғида қолаётганига доир хабарларни изоҳлаш сўровига прокуратура вакиллари “Каримова Имоннинг тергов қилинаётган жиноят ишларига умуман алоқаси йўқ. Демак, Бош прокуратура ёки бошқа ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари тарафидан унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини чеклаш билан боғлиқ процессуал чоралар, жумладан ҳаракат эркинлиги чекланишига доир чоралар қўлланилгани йўқ”, дея жавоб берди.

Прокуратура баёнотидан сал аввалроқ унинг уй қамоғида ҳарбий соқчилар билан тортишаётгани тасвирланган расмларни тарқатган Davidson Ryan Dore PR фирмаси вакилининг навбатдаги баёнотида “ўз сиёсий мақсадларида Гулнорани уй қамоғида ушлаб турган шахслар бутун дунё бўйлаб ва Ўзбекистоннинг ўзида Гулноранинг одил суд олдида жавоб беришини талаб қилаётган одамлар босими остида саросимага тушиб қолган кўринади”, дея иддао қилади.

Локсли Райан, Озодлик билан суҳбатда, Гулнорани ушлаб турган шахсларнинг сиёсий мақсадлари ва улар нимадан қўрқаётганини аниқ билмаслигини эътироф этди, лекин президент қизи атрофидаги ҳодисалар Ўзбекистонда сайловлар арафасида содир бўлаётганини яна бир бор эслатди:

- Уларнинг мақсади нима эканини билмайман. Бошидан айтиб келаётганимиздек, Каримова хоним февраль ойидан бери уй қаомғида тутиб турилган бўлса-да, унга нисбатан ҳақиқий босим сайловлар олдидан бошланаётгани ғайриоддий тасодифдир, дейди PR фирмаси вакили.

Гулнора Каримова муаммолари сайлов олдидан бошланди, деган иддаолар бироз қулоғидан тортилган, демоқда кузатувчилар. Чунки Ўзбекистон раҳбарининг қизи юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора олгани, жиноий йўл билан топилган пулларни ювганига доир айбловлар 2012 йилда пайдо бўлган.

Бундан ташқари мустақил Ўзбекистон тарихида бирорта сайлов олдидан бу каби ҳодисалар кузатилмаган. Сиёсий кучлар ўртасида ҳеч қандай рақобат кузатилмайдиган сайловда Гулнора Каримова ёки бошқа шахснинг жиноий жавобгарликка тортилглани ҳал этувчи роль ўйнайди дейиш қийин.

Davidson Ryan Dore PR фирмаси вакили бу ҳақда мулоҳаза қила олмаслиги, фақатгина Гулнора Каримовага Европада одил суд олдида жавоб бериш имкони яратилишини исташини айтади:

- У, яъни Гулнора Каримова ҳал этувчи фигура, деб кўрилмаётганига умид қиламан. Биз фақтагина агар унга Швейцария ёки Швецияда саволлар бўлса, Каримовага бу саволларга жавоб қайтариш имкони берилишини сўраяпмиз. Саволларга жавоб қайтариш имкони берилмасдан, унга нисбатан иддаоли айбловларнинг қўйилаётгани, менимча номақбулдир. Унга халқаро адвокатлар билан учрашиш имкони берилиши сўраяпмиз холос. Ундан кейин қонуний суд унинг айбдор ёки айбсиз эканини ҳал қилиши мумкин, дейди Локсли Райан.

Ўзбекистон Бош прокуратураси “уюшган жиноий гуруҳ”га алоқадорликда айблаётган Гулнора Каримова Швеция, Швейцария, Франция, Ҳолландия, Литва каби Европа мамлакатларида ҳам коррупция ва пул ювиш жиноятларида гумон қилинмоқда.

Ўтган йилнинг охирида ғарб матбутига берган интервьюсида Гулнора Каримова бу айбловларни ўзига қарши душманларнинг фитнаси, дея атаган эди. У Европада жиноят ишлари очилган 2012 йилдан то Ўзбекистонда жорий йил бошида жиноят иши очилгунига қадар Швейцария ёки Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари саволларига жавоб бериш имконидан фойдаланмади.

Davidson Ryan Dore PR фирмаси Гулнора Каримова ноҳақ уй қамоғида ушлаб турилибди мазмунидаги баёнотларни тарқатиш баробарида Интернетда FreeGulnaraNow (Гулнорани дарҳол озод қилинг) кампаниясини ҳам бошлади. Локсли Райан мазкур кампания президент қизининг дунёнинг турли мамлакатлар, жумладан Ўзбекистондаги кўплаб яқинлари ва дўстлари ёрдамида олиб борилаётганини иддао қилмоқда.

Гулнора Каримова ўтган йилнинг кузида Ўзбекистонда босимга учрай бошлаганидан кейин унинг атрофида бўлганлар ҳам ғойиб бўлди. Гулноранинг ноҳақ босимларга учраётгани, қийин аҳволда қолгани тўғрисида президент қизининг ўзи, ўғли ва Лондондаги PR фирмасидан ташқари ҳеч ким очиқчасига гапираётгани кузатилганича йўқ.

XS
SM
MD
LG