Линклар

Шошилинч хабар
28 апрел 2025, Тошкент вақти: 07:18

"Гулноранинг пуллари камбағалларга берилсин". Фаоллар хориждаги пулларни тўлиқ қайтаришга чақирмоқда


Гулнора Каримованинг хориж банкларида музлатилган пуллари. Иллюстратив сурат.
Гулнора Каримованинг хориж банкларида музлатилган пуллари. Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон ҳукумати Гулнора Каримованинг Швейцариядан қайтарилган пуллари қаерга сарфланаётгани ҳақида илк бор ҳисобот берди. Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия ва иқтисодиёт вазирлиги эълон қилган инфографика Ўзбекистон Олий суди Каримованинг қамоқдан озод этилгани ҳақидаги навбатдаги хабарни рад этган паллага тўғри келди.

Инфографикадан кўринишича, ўғирланган пуллар оналар ва чақалоқлар ўлимини камайтириш ҳамда таълимни ривожлантириш лойиҳаларига сарфланмоқда.

Айни пайтда Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисидаги фаоллар Каримованинг Белгиядаги пуллари тақдиридан хавотирда. Хориждаги Central Asia Due Diligence ва Uzbek Forum for Human Rights ташкилотлари Каримова пуллари борасида Белгия ҳукуматига қўшма баёнот билан чиқди.

Гулнора Каримова ҳалиям қамоқда

Ўзбекистон расмийлари 10 йилдан буён қамоқда қолаётган Гулнора Каримовага оид кетма-кет икки баёнот берди.

23 апрель куни Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов Гулнора Каримованинг озод этилганига оид тармоқларда тарқалган хабарларни инкор этиб, “бу маълумот асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмаслигини” таъкидлади.

2015 йилдан бери панжара ортида қолаётган Гулнора Каримова жорий йил бошида Зангиота туманидаги аёллар қамоқхонасидан манзил колонияга ўтказилгани айтилган. Сўнгги кунларда бир қанча нашрлар ўз манбаларига таяниб, Каримованинг озод бўлганини ёзишган эди.

Каримова пуллари бўйича ҳисобот

24 апрель куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов Швейцариядан қайтарилган Гулнора Каримованинг 87 миллион доллари нимага сарфланаётгани ҳақида илк бор ҳисобот берди.

Бу пул Гулнора Каримованинг Швейцариядан қайтарилиши режаланган 131 млн долларлик траншнинг бир қисми.

Швейцарияда Каримованинг $840 млн пули музлатилган.
Швейцарияда Каримованинг $840 млн пули музлатилган.

Олмалиқда ўтган матбуот анжуманида пулларнинг қайтарилган санаси очиқланмаган. Озодлик Каримованинг 95 миллион долларлик маблағи Швейцариядан 2022 йил охирида қайтарилганини аниқлади.

Расмийлар 3 йил давомида бу пуллар тақдири борасида сукут сақлаб келишган.

Олмалиқда ўтган матбуот анжуманида Гулнора Каримованинг Ўзбекистонга қайтарилган пулларидан 87 млн доллар қисми таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларига 43,5 миллион доллардан тенг тақсимлангани маълум қилинди.

Соғлиқни сақлаш тизимига сарфланган пуллар:

  • 231 та туғруқхона учун 23 турдаги 5 минг 841 дона замонавий тиббий ускуна сотиб олинган.
  • 11 минг нафардан зиёд тиббиёт ходимлари ўқитилган.
  • Туғруқхоналардаги 29 та миллий протокол ва қўлланмалар жаҳон стандартлари асосида янгиланган.
  • 1 минг 400 дан зиёд тиббий жиҳозлар олиб келиниши кўзда тутилган.

Ўзбек расмийлари тақдим қилган ҳисоботга кўра, Каримова пулларидан таълим соҳасига ажратилган 43,5 млн долларнинг 23,5 миллионига ахборот технологиялари ва таълим имкониятларини ошириш лойиҳаси ишга туширилган. Қолган 20 миллион долларига эса мактабларнинг санитария-гигиена тизимини модернизация қилиш режаланган.

Гулнора Каримова билан тугамайдиган коррупция ва “янги Гугуша”лар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:56 0:00

Каримова пуллари "Ишонч"га тушган

Матбуот анжуманида эълон қилинган маълумотлардан англашилича, Гулнора Каримованинг хориждаги пуллари “Ўзбекистон Ишонч жамғармаси”га келиб тушган.

Ушбу жамғарма сайтидаги маълумотга кўра, 2022 йилнинг июлида БМТнинг иштирокчи ташкилотлари ўртасида ўзаро англашув меморандумини тузиш орқали "Ишонч" жамғармаси ташкил этилган.

2022 йил 16 август куни Берн шаҳрида битим тузилиб, Швейцарияда мусодара қилинган Гулнора Каримованинг пулларини “Ишонч” жамғармасига ўтказиш режаланган.

“Ишонч” жамғармаси сайтида Ўзбекистонга “активларнинг принципиал, шаффоф ва самарали қайтарилишини қўллаб-қувватлаш жамғарма миссияси” экани айтилган.

Расмийлар иддаосича, Каримованинг пулларига нима, қанчадан харид қилинаётгани жиддий назоратда.

“Ишонч” жамғармаси сайтида Каримованинг 95 миллион долларлик маблағи Швейцариядан 2022 йил охирида қайтарилгани қайд қилинган. 24 апрель куни расмийлар бу пулнинг 87 миллион доллари нимага сарфланётганини очиқлади. Лекин қолган 8 миллион долларнинг тақдири номаълум.

Швейцария банкида Каримованинг жами 840 миллион доллар активлари музлатиб қўйилган.

Бу маблағининг Ўзбекистонга қайтарилиши тасдиқланган биринчи транши 131 миллион, иккинчи транши 182 миллион долларни ташкил қилади.

“Демак, 313 миллион доллар мусодара қилинган ва қайтаришга тайёр. Қолган маблағлар бўйича ҳозирча бир нарса дейишим қийин, чунки суд жараёнлари давом этмоқда. Айтишим мумкинки, Швейцария ва Ўзбекистон мусодара қилинган барча маблағлар Ўзбекистон халқи манфаати учун қайтарилиши керак, деган тамойилни қабул қилган. Бизнинг ҳолатда Швейцария бу маблағларнинг ҳеч қандай қисмини ўзида сақлаб қолмайди, фақат жараён харажатларини қоплайди, холос”, дейди Швейцариянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Константин Оболенский Олмалиқдаги матбуот анжуманида.

Каримованинг Белгиядаги пуллари

Ўзбек расмийларининг Гулнора Каримованинг Швейцариядаги пулларига оид ҳисоботидан бир кун аввал хориждаги иккита ташкилот Каримованинг Белгиядаги пуллари тақдиридан хавотир билдириб баёнот билан чиқишди.

Жорий йил март ойида Брюссель суди «коррупция ва пул ювиш»

Гулнора Каримованинг президент отаси билан ораси 2012 йилда бузилгани айтилади.
Гулнора Каримованинг президент отаси билан ораси 2012 йилда бузилгани айтилади.

жиноятлари доирасида 216 миллион долларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган. Белгия матбуотига кўра, бу пуллар Гулнора Каримовага тегишли бўлиб, 2014 йилда музлатиб қўйилган.

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, Белгия ҳукумати билан 108 миллион долларни Ўзбекистонга қайтариш борасида музокоралар олиб борилмоқда.

“Белгия ҳукумати билан ҳам ҳозирда қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда. У ердаги маблағ 108 млн доллар. Бу бўйича ҳам қўшимча ахборот бериб борамиз. Ҳали аниқ эмас. Ҳозир музокаралар олиб борилмоқда”, деди Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов.

Белгия Каримова пулларининг ярмини Ўзбекистонга шартсиз беришга рози бўлган. Қолган 108 миллион доллар эса Белгия ҳазинасига ўтказилиши маълум қилинган.

Ўзбекистон: Гулнора Каримова миллиард долларни қандай ўмарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:41 0:00

"Каримова пуллари Ўзбекистонга тўлиғича қайтарилсин"

Гулнора Каримованинг хориждаги пулларини Ўзбекистонга қайтариш жараёнини тадқиқ қилиб келаётган Лондондаги Central Asia Due Diligence ташкилоти раҳбари Алишер Илҳомов Каримова томонидан ноқонуний йўллар билан ўзлаштирилган пулларни Ўзбекистонга тўлиғича қайтаришга чақириб келади:

А.Илҳомов Каримованинг хориждаги пулларини Ўзбекистонга қайтариш жараёнини тадқиқ қилиб келмоқда.
А.Илҳомов Каримованинг хориждаги пулларини Ўзбекистонга қайтариш жараёнини тадқиқ қилиб келмоқда.

“Швейцариядан Гулнора Каримова пулларини Ўзбекистонга қайтариш жараёни фуқаролик жамиятининг узоқ муддатли босими натижаси бўлган. Мен ҳам бу жараёнларда шахсан иштирок этганман. Швейцариядаги активлар БМТ траст жамғармаси орқали ижтимоий мақсадларга йўналтирилди. Жараён нисбатан ижобий ва шубҳали томонларга эга. Белгиядаги ҳолат эса анча ёмонроқ. Аввало, Белгия нима учун конфискация қилинган маблағларнинг ярмини ўз эҳтиёжи учун олиб қолгани тушунарсиз. Бу ҳолат БМТ Конвенциясининг 57-моддасига зид, чунки ушбу моддада активларни келиб чиққан мамлакатга қайтариш назарда тутилади. Ўзбекистон халқи бу коррупциянинг асосий жабрланувчиси экан, демак, барча маблағлар шу халқ манфаатига қайтарилиши керак эди. Бу принциплар Белгия ҳукумати томонидан, айниқса уларнинг мусодара ва қайтариш агентлиги томонидан қўпол равишда бузилди”.

Central Asia Due Diligence ва Uzbek Forum for Human Rights ëйинлаган қўшма баëнотда Белгия ҳукуматига мурожаат қилиниб, Ўзбекистонга Каримова маблағларини жамоат назорати остида қайтариш ёки мустақил жамғармалар орқали бошқариш сўралган.

“Бу маблағлар ноқонуний тарзда ўзлаштирилган ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид равишда Белгия хазинасига ўтказилган. Лекин, шу билан бирга, бизда яна бир ташвиш бор — бу қайтарилаётган активлар Ўзбекистон ҳукуматига шартларсиз бериляпти. Бу эса 2017 йилдаги Глобал форум принципларини бузиш ҳисобланади. Маълумки, Ўзбекистонда системали коррупция мавжуд ва ушбу маблағлар яна шу коррупцион тизим фойдасига ишлатилиши мумкин. Шу сабаб Каримова активларини қайтаришнинг икки йўлини таклиф қиламиз. Биринчиси, коррупцияга қарши ислоҳотларни амалга ошириш шарти билан қайтариш керак. Масалан, давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳалигача қабул қилинмаган. Агар ҳукумат мана шундай ислоҳотларни амалга оширса, активларни бевосита бериш мумкин бўларди. Иккинчиси, мустақил орган орқали бошқариш: бу Швейцариянинг 2007 йилда Қозоғистонга қайтарилган активлари мисолидаги каби. У ерда "Бота" фонди орқали маблағлар камбағал оилаларга йўналтирилган, бутун жараён очиқ ва шаффоф бўлган. Агар Белгия ҳам шу йўлдан борса, бу жуда олқишланарли бўларди”, дейди Лондондаги Central Asia Due Diligence ташкилоти раҳбари Алишер Илҳомов.

Бош вазир аралашган коррупция жанжали

Ўзбек фаоллари 2014 йилдан бери Гулнора Каримованинг хориждаги пуллари тақдиридан хавотир билдириб келишади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳисоб-китобича, Гулнора Каримова давлат ва одамларга 1 триллион 270 миллиард 200 миллион сўм, 1 миллиард 651,8 миллион АҚШ доллари, 26,1 миллион евро миқдорида зарар келтирган.

Гулнора Каримова Европа ва АҚШдаги қатор халқаро жиноят ишлари ва суриштирувлар фигуранти саналади.

Европа давлатлари Гулнора Каримовани, хусусан, Ўзбекистонда фаолият юритаётган йирик телеком ширкатларидан юзлаб миллион ақш доллари миқдорида пора олиб, уларни турли коррупцион схемалар ёрдамида легаллаштирганликда айблаган.

Ўзбек телекоммуникация бозоридаги коррупцияга доир халқаро суриштирувларда жорий Бош вазир Абдулла Арипов номи ҳам тилга олинган. Ўша пайтда коммуникация соҳасини назорат қилган Бош вазир ўринбосари Абдулла Арипов 2012 йилда ишдан олинган. Айрим хабарларда унга нисбатан жиноят иши очилгани айтилади. Собиқ мулозим бир муддат Тошкент алоқа коллежида оддий ўқитувчи сифатида ишлагани маълум. Мирзиёев ҳокимиятга келгач, Абдулла Ариповни реабилитация қилди ва Бош вазир этиб тайинлади.

Ўтган вақт мобайнида Арипов бирон марта ўзбек телекоммуникация бозоридаги коррупция иши тергов қилинган Швейцария, Франция ва АҚШга сафар қилмаган.

Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани жиноий гуруҳ ташкил этганлик, фирибгарлик, ўзлаштириш ва расраф қилиб талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбдор деб топиб, унга 13 йил 4 ой озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган эди.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG