Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:50

"Радио Гранд" таъсисчиси унинг эгаси Гулнора Каримованинг собиқ эри эканини инкор қилди


Гулнора Каримованинг собиқ эри Рустам Мадумаров ҳозирда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда.
Гулнора Каримованинг собиқ эри Рустам Мадумаров ҳозирда Ўзбекистонда қамоқ жазосини ўтамоқда.

«Радио Гранд» Гулнора Каримованинг қамоқдаги собиқ эри Рустам Мадумаров бошқарган ширкатга мансуб бўлганини инкор этди, аммо радио давлат фойдасига мусодара қилингани тўғрисида суд ҳукми чиққанни тасдиқлади.

1 май куни 101.5 FM тўлқинидаги «Радио Гранд»га эгалик қилувчи йирик фирма — EDEL VEYS-ALI 100 фоиз улуши, дебитор-кредиторлари ва бошқа турдаги барча мол-мулклари билан Ягона электрон савдо майдончасида сотувга қўйилгани хабар қилинган эди.

ЎзА мазкур фирма Рустам Мадумаровга мансуб экани ҳақида маълумотлар мавжудлигини ёзган.

8 майда бўлиб ўтадиган очиқ аукционнинг нархни тушириб бориш йўли билан, демпинг усулида ўтказилиши кўрсатилган.

Бошланғич нархи 7 миллиард 567 миллион 767 минг 500 сўм бўлган фирма нархи ҳозирда 4 миллиард 142 миллион 518 минг 600 сўмга тушган.

Радио раҳбари ва таъсисчиси Светлана Хоннинг “Радио Гранд”нинг Facebook саҳифасида эълон қилган баёнотида айтилишича, МИБ вакиллари “ радиостанция аслида унга тегишли эмаслигини хабар қилишган”.

- 2002 йилдан “Радио Гранд”нинг ягона раҳбари ва таъсисчиси менман. 2008 йилда биз акциямизнинг 26 фоизини Гулнора Каримовадан вакил бўлиб келган одамга берганмиз. Мадумаров ҳақида у пайтда умуман гап бўлмаган. Гулнора Каримовадан одамлар келишди, улар орасида юрист ҳам бор эди. У “26 фоизини беришинглар шарт”, деб айтди. Агар биз шу 26 фоизни бермаганимизда ишлай олмасдик. Кейин 2008 йилда Уставимизга дастлаб Саблина Лариса Владимировнани, 2013 йилда эса Емелянова Ирина Владимировнани менга ҳаммуассис қилиб киритишди. Мен уларни кўрмаганман ҳам. Ҳар йили кўрилган фойданинг бир қисмини уларнинг банк ҳисоб рақамига ўтказиб турганман. 2017 йилда эса суд орқали “Радио Гранд”нинг яна юз фоиз муассисига айланганман,-деди Светлана Хон.

Хоннинг айтишича, 2018 йилнинг 25 майида у МИБга чақиртирилган ва унга 2015 йилда Тошкент вилоят Жиноят ишлар суди қарори билан “Радио Гранд”га эгалик қилувчи EDEL VEYS-ALI ширкатининг 100 фоиз акциялари Рустам Мадумаровга олиб берилгани тўғрисида қарор чиқарганини билдиришган.

- Мен бу судда қатнашмаганман, бу судга мени чақиртиришмаган. Тошкент вилоят судига бу иш юзасидан менга маълумот бериш тўғирсидаги барча илтимосларим жавобсиз қолдирилди,-деди Светлана Хон.

«Радио Гранд» ўзининг Facebook саҳифасида: “Ишончимиз комилки, даҳшатли хато юз берган, бироқ қандайдир сабабга кўра у ҳали ҳал қилинмаган. Аммо бу ҳаммаси эмас! Хабарлардан шу маълум бўлдики, «Гранд» радиоси мўъжизавий равишда қарийб икки баробарга арзонлашиб кетган. Қандайдир шахс радиони қанча пулга олишини олдиндан ҳал қилиб, 8 май кунини шунчаки кутаётгандек тасаввур пайдо бўлади», деб баёнот берган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Гулнора Каримованинг бизнесдаги коррупцион схемаларига алоқадор кўрилаётган ҳамкори Рустам Мадумаров 2014 йил июнида узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилинганини очиқлаган.

XS
SM
MD
LG