Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:50

Сейдулла Молдахонов: Хориждан "Илҳом" театри томошасини кўришга келаëтганлар кўп!


Таниқли ўзбек кино ва театр актёри Сейдулла Молдахонов.
Таниқли ўзбек кино ва театр актёри Сейдулла Молдахонов.

Таниқли ўзбек кино ва театр актёри Сейдулла Молдахонов Озодлик билан суҳбатда ўзи ижод қилаётган "Илҳом" театрининг кўчирилиши миллий фожиа бўлишини айтди.

45 йилдан буён Тошкентдаги “Шодлик” меҳмонхонаси ертўласида томоша қўйиб келган "Илҳом" театри 7 февраль куни меҳмонхонанинг янги эгаси "OFELOS PLAZA" МЖЧдан бинони бўшатиб қўйиш ҳақида расмий мактуб олган.

Озодлик "Илҳом" театри жойлашган бино атрофидаги можаро хусусида шу театр актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сейдулла Молдахонов билан суҳбатлашди.

Озодлик: “Шодлик” меҳмонхонаси ертўласи театр жамоаси учун нега муҳим? Театр бошқа бинога кўчиб фаолиятини давом эттиравермайдими?

Сейдулла Молдахонов: "Саҳнамиз 45 йилдан буён шу ертўлада. Унинг кўчирилиши миллий фожиа бўлади. Агар бизнинг ўзимизга алоҳида иморат берилса ҳам¸ харажатларни кўтаролмаймиз. Чунки, биз давлат театри эмасмиз. Театр ташкил топганидан буён давлатдан пул олмаган. Ҳозир ҳам давлатдан ҳеч қандай ёрдам ҳам олмаймиз. Янги бинога кўчадиган бўлсак¸ коммунал тўловларни тўлашга қурбимиз етмайди. Шу ертўла бизга маъқул. Бизга бошқа алоҳида бинонинг кераги йўқ.

Озодлик: Қандай қилиб бу ертўла "Илҳом" театрига берилган?

Сейдулла Молдахонов: 45 йил аввал бу подвалда ресторан учун картошка сақланган. Картошка омбори бўлган. Биз у ерни тозалаб, театрга айлантирганмиз. 45 йилда одамлар бу жойга ўрганди. Бу ертўла муқаддас жойга айланди. Энди меҳмонхонанинг янги эгалари уни яна картошка омборига айлантиришадими? Театр деворининг ўзи Тошкент учун катта бойлик. У ерга буюк итальян киночиси Антонионидан тортиб ўзимизнинг Али Ҳамроевгача дастхат ёзиб қолдиришган. Театр даҳолари Питер Брук, Галина Волчекларнинг дасхатлари турипти у ерда.

Озодлик: “Шодлик” меҳмонхонаси янги соҳиби сизлардан апрель ойи охиригача ертўлани бўшатиб қўйишни сўраган. Балки меҳмонхона янги эгасининг ўз бизнес режалари ҳам бордир. Ахир мулк эгаси энди уларку!.

Сейдулла Молдахонов: Биз буни тушунамиз. Лекин бошқа томондан¸ мана бу йил 44-сезон шу ертўлада ишлаяпмиз. Лекин театр ҳеч қачон бу ертўланинг эгаси бўлмаган. Ҳар доим бино эгалари билан муроса қилганмиз. Бу подвал "Ёшлар уйи" тасарруфида ҳам бўлган, ресторанники ҳам бўлган, ҳозир "Шодлик"ники, ҳар доим муроса қилганмиз. Ҳозир биз бутун дунёга танилган бир пайтда¸ кечирасизу¸ бизни БОМЖга айлантиришадими? Нимага керак бўлиб қолди бу подвал уларга, яна картошка сақлаш учунми?

Озодлик: Ҳар холда сайёҳлар учун бўлса керак?

Сейдулла Молдахонов: Мен сизга бир нарсани айтай. Қорақалпоғистонда бир одамни учратиб қолдим. Америкалик, Ўзбекистонга икки кунга келган экан. Ёнида таржимони ҳам бор. Таржимонининг айтишича, у еттинчи ёки саккизинчи мижоз экан. Улар Америкадан махсус тур билан келишар экан. Бир кун Тошкентда "Илҳом" театрида, кейинги куни Нукусда "Савицкий" музейида бўлиб, қайтиб кетишар экан. Туризм ҳақида гапирадиган бўлсак, "Илҳом" театридаги битта спектални кўриш учун Тошкентга келиб кетадиганлар бор. Театр бу обида. Ҳар куни 150-200 одам шу обидага келиб, хурсанд бўлиб кетади. Менимча¸ миллий обидани кўчириш нотўғри. 45 йилдан буён турган собиқ совет ҳудудидаги ягона шундай театр.

Маълумот учун: "Илҳом" театри жойлашган бино 1976 йилда унинг асосчиси Марк Вайлга берилган. 1994 йилда бўлиб ўтган хусусийлаштиришдан сўнг театр ушбу бинодан беғараз асосда фойдаланиб келган. Ушбу бинода жойлашган "Шодлик" меҳмонхонаси билан театрнинг ижара шартномаси муддати 2023 йилгача бўлган.

XS
SM
MD
LG