Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг (МХХ, ҳозирги ДХХ) собиқ раиси Рустам Иноятов ва оиласи аъзоларининг бир неча нафари “олтин паспорт” дастури доирасида Вануату давлати фуқаролигини олишган. Бу ҳақда 2022 ва 2023 йилларда сармоя эвазига Вануату паспортини олган шахслар рўйхатини ўрганиб чиққан Intelligence Online нашри хабар қилди.
Нашр қайдича, Рустам Иноятов ҳамда унинг Ўзбекистон ва Россияда агробизнес ва кўчмас мулк билан шуғулланиб келган ўғли Шариф Иноятов Тинч океанидаги орол давлатларидан бири фуқаролигини олишган.
Ўзбекистонда узоқ йиллар давомида энг нуфузли шахслардан бири бўлиб ҳисобланган Рустам Иноятов биринчи президент Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида қудратли Миллий хавфсизлик хизматига қарийб 23 йил (1995 йилдан 2018 йилгача) раҳбарлик қилган. МХХ раиси лавозимидан олинганидан кейин Рустам Иноятов президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган. Бироқ 2021 йил ноябрида у президент маслаҳатчиси лавозимидан ҳам озод этилган.
Intelligence Online рўйхатида 1961 киши бўлиб, уларнинг аксарияти Хитой ва Россия фуқароларидир. Улар орасида санкция остига тушган миллиардерлар ҳамда разведка ва жиноий тўдалар билан боғлиқ шахслар ҳам учрайди.
“Олтин паспорт” дастури 130 минг АҚШ доллари эвазига орол давлати фуқаролигини олиш имкониятини яратади, бу паспорт билан эса дунёнинг 130 мамлакатига визасиз кириб бориш мумкин.
Рустам Иноятов МХХ раислигидан четлатилганидан сўнг ҳам аввалги таъсирини сақлаб қолган, деб ишонилади. У раҳбарлик қилган махсус хизмат, гарчи номи ва раҳбарлари ўзгарган эса-да, ҳанузгача ёпиқ ва қудратли тузилма бўлиб ҳисобланади.
Очиқ манбалардаги маълумотларга кўра, Рустам Расулович Иноятов 1944 йилнинг 22 июнида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги Пашхурт қишлоғида туғилган.
1968 йилда Тошкент давлат университетининг Эрон филологияси факультетини битирган. 1965-67 йилларда ўқиш билан бирга Тошкентдаги қурилиш трестларидан бирида бетон қорувчи бўлиб ишлаган.
Иноятов тожик, форс, рус, инглиз тилларини яхши билади.
Университетдан сўнг СССР армиясида хизмат қилган ва ўша ерда СССР КГБга (Давлат хавфсизлик комитети) ишга кирган. СССР ва Ўзбекистон КГБсида бир қатор мансабларда ишлаган.
СССР армияси Афғонистонга бостириб киришидан олдин, КГБнинг контрразведка ходими бўлган Рустам Иноятов 1976 йилда Афғонистондаги элчихонада дипломатик ниқоб остида иш бошлаган ва бу хизмати 1981 йилгача давом этган.
Рустам Иноятов 1995 йилнинг 27 июнида пенсияга кузатилган Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Ғуломжон Алиев ўрнига тайинланган эди.
Ўша пайтда Ўзбекистон МХХсида ишлаб юрган Рустам Иноятов машина ўғрилигида ном чиқарган Шуҳрат Домбрабадский гуруҳини қўлга олиш тадбири билан Ислом Каримов назарига тушгани айтилади.
1996 йилда Иноятовга генерал-лейтенант ва 1999 йилдаги Тошкент портлашларидан сўнг генерал-полковник унвони берилган.
1999 йилнинг 16 февралида Тошкент шаҳрининг бир неча жойида содир этилган портлашларни МХХ аввалдан билгани ва бу портлашларнинг олдини олмай, махсус қўйиб бергани ҳақида ўша портлашларда айбланиб қамалган, кейинчалик қамоқда ўлган Зайниддин Асқаров хориж радиолари мухбирларига айтиб берган эди.
Бу воқеалардан сўнг Ўзбекистонда бошқача фикрловчи шахсларга ва диндорларга нисбатан босим ва таъқиб кучайди. Минглаб одамлар қамалгани, яна юзлаб одамлар таъқиблардан қочиб, мамлакатни тарк этгани ҳақида инсон ҳуқуқи ҳимоячилари хабар берган ва бу ҳолат халқаро ташкилотлар рўйхатларида қайд қилинган.
2005 йилнинг май ойидаги Андижон воқеаларидан сўнг Рустам Иноятов Европа Иттифоқи томонидан қора рўйхатга киритилган саккиз амалдордан бири бўлган.
2005 йил 13 май куни Андижоннинг Бобур майдонида содир бўлган қонли воқеаларда расмий Тошкент ҳисобича 187 киши, жумладан, аёллар ва болалар нобуд бўлган.
Норасмий манбаларга кўра, Андижон хунрезликлари оқибатида 1000дан зиёд одам ҳалок бўлган.
2005 йилнинг ноябрида Европа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан санкция жорий қилди. Бир йиллик муддатга жорий қилинган жазо чораларининг биринчи пункти ўлароқ, Андижонда намойишчиларга қарши ëппасига ўт очиш ва номутаносиб куч ишлатилиши учун масъул бўлган ҳамда қонли воқеалар юзасидан мустақил тергов ўтказилишига тўсқинлик қилаётган Ўзбекистон расмийларининг Европа иттифоқи ҳудудига киритилиши тақиқланди.
Қора рўйхатга ўша пайтдаги Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов каби расмийлар киритилган эди.
Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати собиқ раиси Рустам Иноятовнинг мамлакат ичкарисида ва хорижда катта бизнес-империяси борлиги айтилади.
Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомовнинг айтишича, “Очиқ манба тадқиқотлари” (Open Source Investigations, OSI) журналистлари 2018 йилнинг 22 январь куни Иноятовлар оиласининг Дубайда 12 миллион доллар сарфлаб, тураржой иншооти қургани ҳақида хабар қилган.
Айни пайтда Озодлик тасарруфида Иноятовнинг бизнес-империяси мавжудлигини тўғридан-тўғри тасдиқловчи маълумот йўқ.
Форум