Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:40

Қашқадарёлик ўқитувчилар: Ислом Каримов бюсти учун мажбуран пул йиғилмоқда


Мактабларга тарқатилаётган бюстлар учун Ислом Каримов музейида турган ҳайкалтарош Жасвант Анназаров ишлаган бюстдан нусха олингани айтилмоқда
Мактабларга тарқатилаётган бюстлар учун Ислом Каримов музейида турган ҳайкалтарош Жасвант Анназаров ишлаган бюстдан нусха олингани айтилмоқда

Қашқадарёлик ўқитувчилар марҳум президент Ислом Каримов бюсти учун ўзларидан пул йиғилаётганидан норозилик билдиришмоқда.

Ўқитувчиларга кўра, ҳокимлик вилоятдаги 200та мактабга нархи 450 минг сўм бўлган Каримов бюстларини мажбуран тарқатган ва пулини ўқитувчилардан ундирмоқда.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ўқитувчилар даъвосини инкор қилиб, бюстлар ҳомийлар ҳисобига сотиб олиниб, мактабларга тарқатилаётганини иддао қилди.

Каримов бюстларини ишлаб чиқараётган Тошкентдаги “Темир воҳаси” корхонаси бюстларни бутун мамлакат бўйлаб тарқатишни режалаган.

Корхона бошлиғи Толиб Пўлатовга кўра, бюстларни ишлаб чиқариб, тарқатиш ташаббуси Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондига тегишли. Озодлик мазкур фонд билан боғланиш имконига эга бўлмади.

Ўқитувчилар шикояти

Чироқчилик бир гуруҳ ўқитувчилар марҳум президент Ислом Каримов бюсти учун улардан пул йиғилаётганидан шикоят қилиб, Озодликка боғланди.

“Биз ўқитувчилар номидан мурожаат қиляпмиз. Яқинда директор ҳокимликдан Ислом Каримов бюстини кўтариб келди. “Бюстнинг нархи 450 минг сўм экан, мактаб ходимларига бўлиб чиқсак, ҳар кимга 10 минг сўмдан тўғри келар экан. Ҳамма шу пулни берсин, кейин йиғилган пулни ҳокимиятга олиб борамиз”, деди директор. Ўзи пандемия даврида зўрға ўтирган бўлсак, биздан яна мажбуран пул йиғишяпти. Йиғ-йиғлар жонимиздан ўтиб кетди”, дейилади чироқчилик ўқитувчилар мурожаатида.

Озодлик Чироқчи туманидаги бир қанча мактабнинг директорлари билан боғланди. Улар ҳам ўқитувчилар даъвосини тасдиқлашди.

“Бир ҳафтача аввал Яссавий қишлоғидаги 10 та мактаб директорини 120-мактабга чақиришди. Борсак, ҳокимликдан биттаси Дамасда келиб, ҳаммамизга биттадан Ислом Каримов бюстини берди. Ўша пайтда ойликларимиз ҳали тушмаган эди. “Пулини ҳозир бера олмаймиз”, дедик. Кейин ҳаммамизга бюст бериб, тилхат ёздириб олишди. “Ҳақиқатан ҳам биринчи президентимиз Ислом Каримовнинг бюстини олдик. Унинг жавобгарлигини ўз бўйнимизга оламиз. Бюстни маънавият хонасига қўямиз” деб ёздик. Ҳозир пулини йиғяпмиз. 100 минг сўмча қолди. Йиғиб бўлишимиз билан ҳокимиятга олиб бориб берамиз”, - деди исмини очиқламаётганимиз мактаб директори.

Бошқа бир мактабнинг директори Каримов бюсти учун пул йиғишга мажбурлигини айтиб, йиғ-йиғлар унинг ҳам жонига теккани айтди.

“Ўқитувчилар биздан хафа бўлишади. Ҳозир мен 450 минг сўмни чўнтагимдан тўлашим керакми? Мен ҳам мажбурман ўқитувчиларга “пул бер” дейишга. Бир РайОНО, бир ҳокимлик учун пул йиғилади. Мактабга ҳар-хил нарсалар олиш кераклигини айтишади. Директорлар нима қилсин, биз ҳам ойликка қараб қолганмиз”, - деди аноним қолиш истагини билдирган Чироқчидаги мактаб директорларидан бири.

Инкор

Чироқчи туман ҳокимлигининг Озодлик боғланган ходими Каримов бюстларини тарқатиш буйруғи вилоят ҳокимлигидан берилганини айтди.

Қашқадарё вилояти ҳокимлиги мулозими ўқитувчиларнинг Каримов бюсти учун пул йиғаётгани ҳақидаги даъволарини рад қилишга уринди.

“Биринчидан, биринчи президентимиз бюстларини тарқатиш вилоят халқ таълими билан келишилган ҳолда амалга ошириляпти. Вилоятдаги намунали мактаблар танлаб олиниб, уларга ҳомийлар ёрдамида шу бюстлар сотиб олиб бериляпти. Ўқитувчилардан пул йиғиш тақиқланганку, бу ишни қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Бу мутлақо ҳомийлар ҳисобига амалга оширилиши керак. Сизда нотўғри информация бор”, - деди ўзини таништирмаган ҳокимлик мулозими.

Жами 1500 бюст ишлаб чиқарилди

Озодлик кун давомида ўтказган суриштирувлари натижасида Ислом Каримов бюстларини ишлаб чиқариб, тарқатаётган корхонани аниқлашга муваффақ бўлди.

Тошкентдаги “Темир воҳаси” корхонаси бошлиғи Толиб Пўлатов Озодлик билан суҳбатда Ислом Каримов бюстларидан 400 дона Қашқадарёга олиб борганини айтди:

“Қашқадарёга жами 400та олиб бориб бердим. Улардан 200та турли бюджет ташкилотлари учун, 200таси мактаблар учун. Мен шахсан бориб, Зоир Тоирович билан гаплашдим. Ислом Каримов бюстини қўйишга лойиқ бўлган мактабларга тарқатиш режаланди. Маънавият хоналарида Ислом Каримов бурчаги ташкил қилинадиган бўлди”.

Толиб Пўлатов бюстлар учун ўқитувчилардан пул йиғилаётганини қоралашини айтди:

“Бу мажбурий эмас. Агар ўзларинга маъқул тушса, Ислом Каримовга нисбатан ҳурматларинг бўлса, олинглар, дедик. Пул йиғаётгани нотўғри. Биз бунга келишмаганмиз ҳокимият билан. Улар ҳомийлар ҳисобига қиламиз, дейишган. Кимнидир мажбурлаш бўлмасин, деганмиз. Бу халқ таълимининг айби”.

Пўлатов таъкидича, Каримов бюстларини ишлаб чиқариш ташаббуси Ислом Каримов номидаги хайрия жамоат фондига тегишли:

“Ташаббус Ислом Каримов фондиники. Биз ишлаб чиқариб, тарқатиш билан шуғулланяпмиз. Бу бюстларнинг автори ҳайкалтарош Жасвант Анназаров. У ишлаган бюст Ислом Каримов музейида турибди. Биз кўпайтириб тарқатяпмиз”.

Толиб Пўлатов берган маълумотга кўра, Ислом Каримов бюстларини ишлаб чиқариш 2019 йилда бошланган, ҳозиргача 1500 бюст ишлаб чиқарилиб, Қашқадарёдан ташқари Фарғонадаги мактаб ва ташкилотларга ҳам тарқатилган.

Пўлатов “Каримов бюстларини бутун мамлакат бўйлаб тарқатиш режалангани"ни айтди.

Озодлик Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди билан боғланиш имконига эга бўлмади. 22 январь куни тушдан кейин фондга қилган телефон қўнғироқларимизга жавоб бўлмади.

Музейга айлантирилган Оқсарой
Музейга айлантирилган Оқсарой

Президент Мирзиёевнинг қарорига биноан, собиқ Ўзбекистон, ҳозирги Ислом Каримов кўчасида жойлашган Оқсарой биносида Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди фаолият олиб бормоқда.

Музей экспонатлари марҳум президентнинг кенжа қизи Лола Каримова- Тиллаева раҳбарлигидаги Ислом Каримов номидаги хайрия жамоат фонди ҳисобидан харид қилингани айтилади.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти хотирасини абадийлаштириш учун қабул қилинган дастур доирасида Ислом Каримовга Самарқанд ва Қаршида ҳам ҳайкал ўрнатилди.

2017 йилнинг 7 март куни Туркманистонда биринчи бўлиб марҳум ўзбек президенти бюсти тантана билан очилган эди.

Россия пойтахтининг Ислом Каримов номи берилган хиëбонига британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй (Paul Day) ясаган Ислом Каримов ҳайкали ўрнатилган. Ёдгорлик мажмуасини лойиҳалаш, тайёрлаш ва ўрнатиш Лола Каримова-Тиллаева раҳбари бўлган Ислом Каримов фонди томонидан амалга оширилган.

Москвадаги Ислом Каримов ёдгорлиги
Москвадаги Ислом Каримов ёдгорлиги

XS
SM
MD
LG