Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:48

Москвада Ислом Каримов ҳайкали хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда очилди (ФОТО)


Москвадаги Ислом Каримов ҳайкали.
Москвадаги Ислом Каримов ҳайкали.

18 октябрь пайшанба куни Тошкент вақти билан соат 14:00га яқин Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси яқинидаги хиёбонда Ислом Каримов ҳайкалининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир кўпсонли полиция ва махсус хизматлар ходимларининг қаттиқ назорати остида ўтказилди.

Монумент очилишида 200 дан зиёд одам, жумладан Ўзбекистондан махсус таклиф қилинган меҳмонлар иштирок этди.

Полиция ходимлари билан ўраб олинган ёдгорлик яқинига журналистлар ва таклиф қилинганлар фақат рўйхат асосида қўйилди.

Очилиш маросими полиция ва махсус хизматлар қаттиқ назоратида ўтди.
Очилиш маросими полиция ва махсус хизматлар қаттиқ назоратида ўтди.

​Ҳайкал очилиши маросимида марҳум президентнинг беваси Татьяна Каримова, ҳайкал муаллифи, инглиз ҳайкалтароши Пол Дэй, Ўзбекистон Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев, Россия Федерацияси Кенгаши раиси муовини Николай Фёдоров, Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Григорий Карасин, Москва мэри муовини Александр Горбенколар иштирок этишди.

Британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй ва Татьяна Каримова монумент олдида.
Британиялик ҳайкалтарош Пол Дэй ва Татьяна Каримова монумент олдида.

Ўзбекистондан таклиф қилинганлар орасида Ўзбекистон Халқ артистлари Ёқуб Аҳмедов, Эркин Комилов, Лутфулла Саъдуллаев, Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган артистлар Гавҳар Зокирова, Мирза Азизов, Ўзбекистон Халқ рассоми Акмал Нур ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан Татьяна Каримова Россия ҳукуматига миннатдорчилик билдириб, кеча куни Керчь шаҳрида содир бўлган фожеа муносабати билан ўз ҳамдардлигини билдирди.

Ислом Каримов хиёбонига ўрнатилган Ислом Каримов ҳайкалини ясаш, олиб келиш ва ўрнатиш марҳум президентнинг қизи Лола Каримова-Тиллаева ва беваси Татьяна Каримовалар бошқараётган Ислом Каримов Хайрия жамғармаси томонидан молиялаштирилгани хабар қилинган.

Якиманка туманида истиқомат қиладиган бир гуруҳ фаолларни полиция ходимлари маросим ўтаётган хиёбонга яқин йўлатмади. Фаоллар ҳайкал рўпарасидаги бино деразаларига бир нечта плакат осди.

Ҳайкал рўпарасида ўрнатилган норозилик плакатлари
Ҳайкал рўпарасида ўрнатилган норозилик плакатлари

Баннерлардан бирида “Позор” сўзи битилган.

Якиманкада Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилишига қарши акциялар ташаббусчиси маҳаллий депутат Андрей Морев Озодлик билан суҳбатда ёдгорлик яширинча 15 октябрга ўтар тунда ўрнатилганини айнан маҳаллийларнинг норозилиги билан боғлади.

- Ҳозир Ўзбекистоннинг ўзида бу одамга, унинг бошқарувига нисбатан муносабат ўзгараётган бир пайтда нима сабабдан унга ҳайкал бизда туриши керак?Туманимизда яшовчиларнинг аксари уни диктатор деб билишади. Шу боис ҳам унга Якиманкада жой бериш ноўриндир! Бизда “Музейон” деб номланган ва Советлар даври диктаторлари ҳайкаллари жойлашган жой бор. У ерда Сталин, Дзержинский ҳайкаллари каби унга ажойиб компания топилади, деди ҳайкалга қарши кураш давом этишини билдирган депутат Морев.

Маросимни ташқаридан туриб кузатган «Фарғона.ру» ахборот агентлиги раҳбари Даниил Кислов ҳам ҳайкал очилишига изоҳ бериб, деди:

- Бугунда Каримовнинг ўзи Ўзбекистонга керак эмас. Бир қарашдан, улар Каримовни Россияга, Москвага сургун қилворгандек туюлаяпти. Менимча, бу ёдгорлик москваликларга жуда фойдали бўлади. У бизга “Қаранг, сиз ҳам шу куйга тушишингиз мумкин!”, деётгандек.

Маросим тугаб, ёдгорлик яқинига “оддий” одамларга яқинлашиш рухсат берилиши ортидан, якиманкаликлардан бири ҳайкал олдига “Москвада диктаторга жой йўқ!” деган ёзувчли қора тасма ўралган гулдаста қўйди.

Тасмада "Москвада диктаторларга ўрин йўқ!" ёзуви битилган
Тасмада "Москвада диктаторларга ўрин йўқ!" ёзуви битилган

Бу гулдаста кейинроқ ҳайкал зиёратига келган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири томонидан олиб ташланди.

Ҳайкал олдига келиб, фотосурат ва селфига тушаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Ислом Каримовга Москвада ҳайкал ўрнатилганидан жуда қувончда эканини билдирди.

Ўзини Жамшид деб таништирган самарқандлик мигрантлардан бири қўл қовуштириб, Ислом Каримов хотирасига Қуръондан тиловат ҳам қилди..

XS
SM
MD
LG