Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:01

ЖБ: Ўзбекистон глобал шокларга бардош бериш учун ислоҳотларни давом эттириши керак


Тошкентнинг Олой бозори, 31 май, 2022 йил.
Тошкентнинг Олой бозори, 31 май, 2022 йил.

Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистон глобал шокларга бардош бериш учун Ўзбекистон ислоҳотларни давом эттириши ҳамда инклюзив бозор иқтисодиётини барпо этиши керак.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Анна Бъерде Eurasient нашри учун Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақида мақола ёзди. Озодлик мақола таржимасини жузъий қисқартиришлар билан чоп этмоқда.


Ўтган ой мен Тошкентга ташриф буюриб, Ўзбекистон раҳбарияти билан самарали музокаралар ўтказдим. Айни дамда мамлакатда кенг қамровли иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар давом этмоқда. Мулоқот чоғида Ўзбекистон қашшоқликка барҳам бериш ва фуқароларнинг умумий фаровонлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирларни кўрар экан, мамлакат ва Жаҳон банки ўртасидаги стратегик ҳамкорликни келгуси йилларда янада мустаҳкамлашга келишиб олдик.

Ўзбекистон сўнгги беш йил ичида бозор иқтисодиётига йўналтирилган ислоҳотлар йўлидан бориб, улкан ютуқларга эришди. Ўзбекистон 2030 йилга бориб юқори-ўрта даромадли мамлакатлар қаторига кириш мақсадига эришиш учун жадал ўсиш суръатини сақлаб қолиши керак бўлади. Афсуски, Европа ва Марказий Осиё минтақаси COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган иқтисодий қийинчиликлардан энди қутула бошлаганида Украинадаги уруш бу мақсадга эришишни қийинлаштирди.

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осийи бўйича вице-президенти Анна Бъерде Президент Шавкат Мирзиёев билан. Тошкент, 22 октябрь, 2022 йил. Президент матбуот хизмати.
Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осийи бўйича вице-президенти Анна Бъерде Президент Шавкат Мирзиёев билан. Тошкент, 22 октябрь, 2022 йил. Президент матбуот хизмати.


Хомашё нархларининг ошиши инфляция босимини кучайтирар экан, Жаҳон банки эндиликда Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги ривожланаётган иқтисодиётлар ялпи ички маҳсулоти 2022 йилда 0,2 фоизга қисқаришини прогноз қилмоқда. Келгуси йилда минтақанинг ўсиши ижобий бўлиши, аммо атиги 0,3 фоизни ташкил қилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, яқин келажакда бир нечта қийинчилик таҳдид солади, хусусан, юқори товар нархлари, Хитой ва Европа Иттифоқида иқтисодий секинлашув эҳтимоли, юқори фоиз ставкалари ва глобал миқёсда молиялаштириш шартларининг кескинлашиши. Келажак ҳодисалар бўйича кўплаб ноаниқликлар мавжуд, бу эса прогноз қилишни мушкуллаштиради.

Қувонарлиси шуки, Марказий Осиё иқтисодиётларида Жаҳон банки 2022 йил баҳорида башорат қилганидан яхшироқ кўрсаткичлар кузатилмоқда. Ҳозирда банк 2022 йилда Марказий Осиё мамлакатларида учун ўртача ўсиш суръати 3,7 фоиз, 2023 йилда эса 3,9 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда.

5 йилда 6 баробар: Мирзиёев орттирган ташқи қарз
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:53 0:00


2017 йилдан бери давом этаётган бозор ислоҳотларини амалга оширишга қаратилган узлуксиз саъй-ҳаракатлар туфайли Ўзбекистон ташқи таъсирларга нисбатан анча чидамли бўлди. 2022 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулот 5,3 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Яъни, Ўзбекистон Арманистон, Хорватия, Грузия ва Черногория қаторида Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги 23 мамлакати ичида энг тез ўсаётган давлатлардан бири бўлади. Келгуси йилда эса ўсиш 4,9 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Айни дамда бу минтақадаги энг юқори ўсиш прогнозидир.

Ўзбекистон бозорга йўналтирилган ислоҳотлар бўйича қойил қолишга арзигулик натижаларга эришди. Сўнгги беш йил ичида мамлакатда валюта ва савдо чекловлари юмшатилди, нархлар эркинлаштирди, ишбилармонлик муҳити яхшиланди. Солиқ кодекси тубдан ўзгартирилиб, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари эҳтиёжларига йўналтирилди ва бюджет янада шаффоф қилинди. Инфляцион таргетлаш режими ва янги фискал қоидалар истеъмол нархлари ва давлат қарзини назорат қилиб туришга ёрдам беради.

Ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар ҳам жадал суръатлар билан амалга оширилди. Хусусан, 2020 йил январь ойидан бошлаб ҳукумат ижтимоий ёрдам оладиган кам таъминланган оилалар сонини икки бараварга оширди ва уларга оёққа туришига кўмаклашмоқда (ёрдам олган оилалар 2019 йилда 0,6 миллион, 2021 йилда 1,2 миллион ва 2022 йил апрелига қадар 1,8 миллионни ташкил қилган). Жаҳон банки Ўзбекистонга ушбу ислоҳотларнинг кўпини амалга оширишда кўмаклашди.


Сўнгги йилларда ислоҳотлар кун тартибининг йўналиши кенгайди ва чуқурлашди ҳамда аниқ тармоқларга эътибор қаратила бошланди. Ҳукумат молиявий жиҳатдан мушкул аҳволга тушиб қолган, аммо баркамол фирмаларни реструктуризация қилиш, самарали бизнес ва муносиб иш ўринлари учун ажратилган капитални ҳимоя қилиш ҳамда бозор тамойилларига ўтишни тезлаштириш учун янги тўловга лаёқатсизликни ҳал қилиш тизими жорий қилинди. 2022 йилнинг июль ойида ижтимоий ҳимоя стратегияси тасдиқланди. Хусусийлаштириш бўйича янги қонун эса давлат активларини сотиш бўйича трансформацион дастур бўлиши кутилмоқда. Парламент айни дамда рақобат тўғрисидаги муҳим қонунни кўриб чиқмоқда, бу эса барча бизнес учун тенг шароитларни таъминлаш сари ташланган улкан қадам бўлади.

Ҳукуматнинг 2026 йилгача қашшоқликни икки баравар камайтириш ва 2030 йилга бориб юқори-ўрта даромадли мамлакат даражасига эришиш каби катта мақсадларга эришиш учун ислоҳотларни келишилган ҳолда ва барқарор суръатда олиб бориш зарур. Бу мақсадларга эришиш учун киши бошига даромад йилига 9 фоизга ўсиши керак. Хўш, мамлакат нималарга эътибор қаратиши керак?

Хусусий сектор учун шарт-шароитларни яхшилаш, маҳсулдорлик ва ўсишга тўсқинлик қилаётган шахсий манфаатлар хавфини бартараф этиш учун ҳали кўп иш қилиниши керак. Ўзбекистон халқаро рақобатбардошлигини ошириш учун фактор бозорларини (ер, капитал, энергия ва хом ашё, ишчи кучи каби бозорларни) янада эркинлаштириши ҳамда савдо харажатларини қисқартириши керак. Ресурсларнинг нотўғри тақсимланишини бартараф этиш ва меҳнат унумдорлигини ошириш учун эса нархларни либераллаштириш, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, молиявий тизимларни такомиллаштириш ва бизнес муҳитни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади.

Соғлиқни сақлаш ва таълим хизматлари сифатини яхшилаш ҳам жуда муҳим. Шунингдек, камбағал ва заиф қатламларни ўтиш давридаги харажатлардан ҳимоя қилиш учун яхши режалаштирилган ижтимоий хавфсизлик дастурларига қўшимча сармоя ётқизиш муҳим аҳамиятга эга. Бу ўзгаришларнинг аксарияти мураккаб ва айрим фуқароларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун уларни эҳтиёткорлик билан режалаштириш ва кетма-кет амалга ошириш лозим бўлади.

Мақола муаллифининг фикри таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди. Мақола оригинали билан мана бу линк орқали танишишингиз мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG