Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жорий этилган молиявий санкциялар сабаб Ўзбекистон иқтисоди ҳам жиддий муаммоларга дуч келиши мумкин. Бу ҳақда икки ҳафта давомида Тошкентда бўлган Халқаро валюта жамғармаси миссиясининг 13 апрель куни эълон қилинган якуний хулосасида сўз боради.
Унда айтилишича, ўсиш кўрсаткичининг пасайиши, савдо баланси дефицити ва инфляция юқорилаши манзарасида Ўзбекистон мамлакат иқтисодиёти янги ноаниқликларга юз тутган.
ХВЖ экспертлари инфляцияга қарши кураш, иқтисод тикланишни қўллаб-қувватлаш, иш ўринларини яратиш каби жабҳаларда ижобий кўрсаткичларни сақлаб қолиш осон бўлмаслигидан огоҳлантиради.
Миссия хулосасида Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорларидан бири эканига эътибор қаратилган.
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь-февраль ойлари якуни бўйича икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 1 млрд 252 млн долларни ташкил этган. Бу борада Россия Хитойдан кейинги иккинчи ўринда қайд этилган. Аммо таҳлилчилар бу урушга қадар кўрсаткич эканини таъкидлаб, март ойидан савдо кўрсаткичи сезиларли даражада пасайишини истисно этмаётир.
ХВЖ хулосасида ҳам санкциялар ва ҳарбий ҳаракатлар сабаб Россия билан савдо-иқтисодий алоқалар сусайишига ишора қилинган. Халқаро тузилма миссияси Ўзбекистон ҳукуматига яқин келажакда уруш оқибатларини юмшатиш учун кенг кўламли чора-тадбирлар, жумладан, янги савдо йўлларини излашни ҳам тавсия этган.
Украинадаги уруш манзарасида Россиянинг экспорт йўлакларига қарам Ўзбекистон муқобил савдо йўлларига эга бўлиш ҳаракатларини кучайтирди. Ташқи савдо ва инқестициялар вазирлигига кўра, мамлакат экспорт жуғрофияси сўнгги пайтларда Австралия, Аргентина, Доминикан Республикаси, Суринам каби олис мамлакатлар ҳисобига кенгайди.
Шунингдек, Ҳиндистон ва Покистон портларидан Ўзбекистонга илк карго юклари етказилди. Тошкент халқаро молия ташкилотлари кўмагида Транс-афғон темир йўли лойиҳасини амалга оширишга умид қилмоқда.
Ўтган йилнинг муайян чоракларида Туркия Россияни ортда қолдириб, Ўзбекистоннинг экспорт бўйича ҳамкорлари орасида иккинчи, янги очилган қўшма корхоналар сони бўйича биринчи ўринга кўтарилганди. Украина уруши ортидан юзага келган буҳрон асосий савдо ҳамкорлар рўйхатига яна жиддий таҳрирлар киритса ажаб эмас.
Ўзбекистон ўтган йили Польша, Латвия, Литва, Германия каби Европа мамлакатлари билан савдо-иқтисодий робиталарни кучайтириш режасини очиқлаган эди. Аммо эндиликда бу режалар рўёби ҳам савол остида қолмоқда. Гап шундаки, Ўзбекистон юклари Европага асосан Украина ва Беларусь ҳудудлари бўйлаб, автомобиль транспорти орқали етказилади. Шу кунларда Болтиқбўйидан Европага олиб борувчи автойўлларда ҳам узун навбатлар кузатилаётгани айтилмоқда.
Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров импорт-экспортни жонлантириш учун Каспий денгизи портлари, Кавказ ва Туркия орқали Европа ҳудудларига чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлайди. Айни пайтда, кўҳна қитъа бандаргоҳлари билан Покистон ва Эрон денгиз портлари орқали боғланиш мумкин. Лекин ҳар икки йўналишда ҳам рисклар сақланиб қолмоқда.
“Биринчи йўналишда Оқтов–Боку пароми энг кўп вақт олувчи омил бўлиб, у ерда ҳам жуда катта тирбандлик кузатиляпти. Иккинчи йўналишда эса автомобиль йўллари Афғонистон ҳудудини кесиб ўтиши керак (чунки Туркманистон орқали йўл ёпиқ). Кўпчилик санкциялардан қўрқиб Эрон ҳудудига киришни хоҳламайди. Хуллас, бу соҳада маълум муаммолар бор ва уларни ҳал қилиш яна экспорт-импорт билан шуғулланувчи давлат структуралари фаолиятига боғлиқ”, – деб хулоса қилади А.Абдуқодиров ўзининг Телеграм-каналидаги шарҳида.