Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:31

Мирзиëев 11 йиллик мактаб тизимини қайтариш йўлида илк қадам қўйди


Президент Мирзиëев 78-мактабда.
Президент Мирзиëев 78-мактабда.

16 июнь куни Тошкент шаҳридаги 78-мактабга борган президент Шавкат Мирзиëев мазкур мактаб базасида 11 йиллик мактаб тизимини қайта тиклаш таклифини ўртага ташлади. Бу йиллардан бери мажбурий коллеж тизимини танқид қилиб келаëтган ота-она ва таълим соҳаси мутахассисларида мактаб тизимининг қайта тикланишига умид уйғотди.

Жасурнинг ўлими коллеж тизимининг салбий жиҳатларига эътибор қаратди

16 июнь куни пойтахтнинг Учтепа туманидаги 78-мактабга борган президент Шавкат Мирзиëев¸ президент матбуот хизматининг хабар қилишича¸ “ушбу мактабда тажриба сифатида 11 йиллик таълимни қайта тиклаш, унинг қошида ўқув-касб корхонаси ташкил этиш” ҳақида кўрсатма берган.

Бундай тажрибага нисбатан эҳтиëжни изоҳлаган президент:

- Юқори синфларда болалар шахс бўлиб, жамоа бўлиб шаклланади. Айни ўша пайтда уларни ўзлари ўрганган муҳитдан ажратиб қўймаслик керак. Бу ёшларнинг руҳиятига, давоматига, охир-оқибатда таълим-тарбиясига салбий таъсир қилиши мумкин. Шу боис таълим жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш, ўқув дастурларини такомиллаштириш зарур, деган жумладан.

Президентнинг 78-мактаб базасида 11 йиллик мактабни қайта тиклаш¸ коллеж тизимининг болалар таълим-тарбиясига салбий таъсири ҳақидаги билвосита гаплари пойтахт жамоатчилиги орасида ТошкентдагиБоровский номидаги Тиббиëт коллежининг 2-курс ўқувчиси Жасур Иброҳимовнинг ўз коллеждошлари томонидан уриб ўлдирилишидан туғилган эҳтирослар ҳовури босилмай туриб айтилди.

15 июнь куни Озодликнинг Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манбаси¸ бу воқеадан президентнинг ғазабга тушгани ва Боровский коллежини тугатиш ҳақида оғзаки буйруқ берганини билдирган эди.

Озодлик суҳбатлашган ўқитувчи ва ота-оналар¸ Жасурнинг ўлими Ўзбекистон таълим соҳасида кўпдан кутилган ўзгаришларга туртки бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Айни пайтда¸ 16 июнь куни Тошкент вақти билан куннинг иккинчи ярмида Озодлик боғланган Ўзбекистон Халқ таълими¸ шунингдек¸ Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги расмийлари¸ президентнинг бундай таклифидан ҳали бехабарликларини билдирдилар.

Бизнинг ишимиз кундалик янгиликларини кузатиш эмас. Ҳали эшитмадик бу гапни. 11 йиллик мактабга қайтишни тажрибадан ўтказиш таклифини биз берганимиз йўқ. Президент таклиф қилган бўлса¸ демак¸ 11 йилликка қайтилса керак”¸ деган мазмунда гапирди ҳар иккала вазирлик мутасаддилари.

“Мажбурий коллеж тизими болаларимиз бошига битган бало бўлди!”

Шоира¸ ҳуқуқ фаоли ва коллежда ўқишга мажбур ўсаëтган авлод онаси Дилором Исҳоқова¸ йиллардан бери 11 йиллик мактаб тизимининг тугатилиб¸ мажбурий коллеж тизимига ўтилганини танқид қилиб келмоқда.

Президент Мирзиëевнинг 78-мактабда тажриба сифатида эски¸ бутун дунëда синовдан ўтган 11 йиллик мактаб тизимига қайтиш томон илк қадам қўйганини олқишлаган Исҳоқова¸ мажбурий коллеж тизимини ўтиш давридаги ўспиринлар ҳаëтидаги энг оғриқли жиҳатлардан бири эканини таъкидлайди:

- Ўзбекистон таълим тизимини ëппасига мажбурий равишда коллеж тизимига ўтказиш болаларимиз таълими¸ дунëқараши¸ уларнинг хулқ-атворига ниҳоятда ëмон таъсир қилаëтган асосий омилга айланди. 9-синфни битираëтган боланинг дунëқараши¸ хулқ-атвори жуда мўрт бўлади. Шундай қалтис бир пайтда болаларимизни ўзи ўрганган муҳитдан юлиб олиб¸ коллежга ташлаяпти. Одатда ўзбеклар жуда камдан-кам ҳолатларда ўз маҳалласидан узоқдаги мактабга боласини беради. Чунки маҳаллада ҳамма бир-бирини танийди¸ бирор ножўя ҳаракат қилса¸ ота-она дарров хабар топади¸ маҳалла ҳам болага дарров танбеҳ беради¸ ножўя ҳаракатдан тўхтатишга уринади. Ана шундай мўрт болани икки-учта транспорт алмаштириб¸ шаҳарнинг бошқа районидаги коллежга¸ мутлақ нотаниш муҳитга ташлашади. Бундай кескин бурилиш оқибатларини¸ болалар ўқиш савиясининг пасайиши ва коллеж талабалари ўртасидаги жиноятчиликнинг ошишида кўриб турибмиз¸ дейди ўз ўғли мисолида бу тизим таъсирини бевосита бошдан кечирган Исҳоқова.

“Яхши ният билан жорий қилинган коллеж тизими ўзини оқламади”

Исми очиқланмаслигини истаган тошкентлик мактаб ўқитувчиси¸ Ўзбекистонда коллеж-лицей тизимига ўтишдан кўзланган мақсад¸ болаларга таълим баробарида касб-ҳунар ҳам бериш бўлганини эслайди:

- Мақсад¸ жайдари қилиб айтганда¸ ҳар бир битирувчининг нони бутун бўлсин¸ эртага олий ўқув юртига киролмаса ҳам¸ қўлида бир ҳунари бўлсин¸ ишлик бўлсин¸ деган мазмунда эди. Лекин амалда бу нарса ўзини оқламади. Бола ҳали ким бўламан¸ деган саволга жавоб топиб улгурмай¸ унга касб-ҳунар танлаш мажбурияти юкланди. Оқибатда¸ ким бўламан¸ деган савол жавобини бола эмас¸ ота-она ëки уларни коллежларга тарқатишга мажбур бўлган ўқитувчилар ҳал қиладиган бўлди. Ота-оналар тиббиëтга кир¸ ҳар на укол қилиб кун кўрарсан¸ ҳа бухгалтерияга кир¸ ҳамма жойда иш топилади¸ деган асосда қарор бериб келмоқда. Ваҳоланки¸ боланинг бу саволга жавоби анча кеч шаклланади¸ бу пайтга келиб¸ унинг қўлида коллеж дипломи¸орқасида беҳудага сарфланган уч йил бўлади. Муҳими¸ бу тизим Ўзбекистондаги ишсизлик муаммосини ҳал қила олгани йўқ¸ аксинча¸ уни янада чуқурлаштирди. Бугун коллежни битирган болаларнинг аксар кўпчилиги иш топа олмай¸ ўқишга кира олмай¸ Россияда юрипти¸ дейди иккала фарзанди учун коллеж танлашнинг қанчалар қийин бўлгани мисолида бу суҳбатдош.

Ўзбекистон таълим тизимини ислоҳ қилиш жараëнида 1992 йилдан тажриба сифатида коллеж ва академик лицейлар жорий қилина бошлаган бўлса¸ 11 йиллик мактаб тизимининг бутунлай бекор қилиниб¸ уч йиллик мажбурий ўрта махсус касб-ҳунар таълимига ўтиш 2009 йилга келиб якунланди.

Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расмийсининг Озодликка билдиришича¸ ҳозирда Ўзбекистонда 1441 та касб-ҳунар коллежи¸ 41 академик лицей мавжуд.

Халқ таълими вазирлиги сайтида келтирилган рақамларга кўра¸ Ўзбекистонда жами 9680 та мактаб бор ва уларни 2016 йили 466 007 нафар ўқувчи битириб¸ мажбурий касб ҳунар таълими муассасига узатилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG