Жиззахда ниҳоясига етаëтган "Баркамол авлод - 2017" мусобақаларига тайёргарлик жараëнига ўрта ва олий таълим муассасалари талабалари мажбуран жалб этилмоқда. Талабаларнинг дарс ўрнига тозалаш-таъмирлашга мажбурланаётгани ҳақидаги Озодликка йўллаган шикоятини Жиззах ўрта махсус¸ касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи раҳбари рад этди.
Май ойининг иккинчи ярмида Жиззах шаҳрида "Баркамол авлод" спорт мусобақалари ўтказилади.
Ўзбекистондаги умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, олий ўқув юртлари талабалари ўртасида 2001 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинадиган бу тадбирга ҳар йили вилоятлардан бири мезбонлик қилади.
“Дераза артавериб, қизимнинг қўли шилиниб кетган”
Бу йилги мусобақалар мезбони Жиззахда яшовчи пенсионер Нортожи Ашурова¸ "Баркамол авлод" тадбирига кўрилаëтган ҳозирлик боис¸ 17 яшар қизи таълим олаётган Жиззах Транспорт ва алоқа касб- ҳунар коллежида март ойи охиридан буён дарслар деярли бўлмаётгани, талабалар тозалаш ва таъмирлаш ишларига жалб этилаëтганини айтади:
- Дарслар бўлмайди. Тўхтамай ишлатишади. Гулгаям сув қуяверади, ташқарида болалар ер чопади, қизлар пол ювади, дераза артади. Дераза артавериб, қизимнинг қўли шилиниб кетган. Ҳар доим борсам, пол артаётган бўлади, - деди Нортожи Ашурова.
Онанинг айтишича¸ 3 май куни коллеж раҳбариятидан қизини ишлатишни тўхтатишни талаб қилганидан бир кун ўтиб¸ коллеж раҳбарияти қизидан ишлашга мажбурланмагани ҳақида тилхат ёздириб олган.
- Мен Ҳайдарова Ойхон 17 апрелдан 3 майгача йўлкирам чиқсин деб, ўзимни фойдамга ювдим, деб ёздиришди. Дарсда ўтирган эдим, бу ёққа кел деб чақириб, хонага олиб кириб, эшикни ёпиб, кураторимни ҳам чақириб, ёздиришди. “Ҳамма гапни аянгга айтаверма, нима қиласанг аянгга айтиб?” деб, кураторим бақириб ёздирди, - деди Озодлик билан суҳбатда Ашурованинг талаба қизи Ойхон Ҳайдарова.
Ойхон Ҳайдарованинг синф раҳбари Мамарасул Абраев мазкур ҳодиса юзасидан Озодликка изоҳ беришни истамади.
Исми сир қолишини сўраган коллеж ўқувчиларидан бири талабаларнинг Жиззахда “Баркамол авлод” спорт мусобақаларини ўтказиш баҳонасида меҳнатга мажбурланаётгани ҳақида Ойхон айтганларни тасдиқлади.
"Ўқиш бўлмайди. Март ойи охиридан буён шу аҳвол. Фақат субботник, деб олиб чиқиб кетишади. Ер ағдаттиради. У ёқ бу ёқни тозаллаттиради. Иш тугагач, уйга қўйиб юборишади" - деди коллеж ўқувчиларидан бири.
Жиззах Транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи ўқувчисининг бу сўзларини айни коллежда таълим олаётган бошқа бир талабанинг отаси ҳам Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда тасдиқлади.
Бу хабарларни ўрганиш жараëнида Жиззахда ўтказиладиган "Баркамол авлод" тадбирларига ҳозирлик жараëнига нафақат умумий ва ўрта-махсус таълим муассасалари¸ балки олийгоҳ талабалари ҳам жалб этилгани маълум бўлди.
Хусусан¸ Озодликка боғланган талабалардан бири¸ дарсларнинг ўзи ўқийдиган олийгоҳ - мусобақалар ўтадиган Жиззах Политехника институтида ҳам деярли тўхтаб қолганини билдирди.
Бундан аввалроқ - 12 апрель куни Озодлик Жиззах шаҳрида коллеж талабаларининг кўча тозалаш ва тупроқ ташишга мажбурланаётгани ҳақида хабар қилган эди.
Раддия
Жиззахда бўлиб ўтажак "Баркамол авлод - 2017" мусобақалари ташкилотчиларидан бири, вилоят ўрта махсус¸ касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи Бобир Ўсаров талабаларнинг мусобақага тайёргарлик ишларига мажбурланаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этди.
- Йўқ бекор гап. Талабалар ишлатилмайди, ишлатилмади ҳам, - деди Бобир Ўсаров.
Унинг таъкидлашича, шаҳарни мусобақага тайёрлаш ишларига "фақат техник ходимлар" жалб қилинган.
Аввалроқ ЎзА агентлигига гапирган Бобир Ўсаров¸ тайёргарлик ишлари доирасида бир академик лицей ва 5 ўрта махсус, касб-ҳунар коллежида "катта ҳажмда қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари" олиб борилаётганини маълум қилган эди.
Расмийнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, мусобақалар ўтказилиши белгиланган таълим муассасаларига шу мақсадда 11 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган.
"Баркамол авлод - 2017" мусобақаларининг 17 та спорт тури бўйича, икки мингга яқин ёш спортчи иштирокида бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Мусобақалар Жиззах Олимпия заҳиралари коллежи, Жиззах Политехника Институти, ушбу институт қошидаги академик лицей спорт залларида, футбол майдонлари ва спорт иншоотларида ўтказилади.