Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:33

Мирзиёев жиноятни очганларни тўрт карра ойлик билан мукофотлашни таклиф қилди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари мулозимлари билан 9 февраль куни ўтказган селектор йиғилишида президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш ишлари бўйича давлат маслаҳатчиси, собиқ ички ишлар вазири Адҳам Аҳмедбоевни жиноятни очиш ишларида сусткашликка йўл қўйгани ва эътиборсизлиги учун қаттиқ койигани Озодликка 15 февраль куни маълум бўлди.

Президентга кўра, жиноят қидирув ва тергов билан шуғулланадиган бўлинмалар фаолиятида моддий рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш керак.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг селектор йиғилишида айтишича, Бош прокурор Ихтиёр Абдуллаев ва Ички ишлар вазири Абдусалом Азизов тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда жиноят қидирув ва тергов билан шуғулланувчи бўлинмалар фаолиятини такомилаштириш ва уларнинг тузилмасига тегишли ўзгартиришлар киритиш, масъулиятни ошириш ва моддий рағбатлантирувчи механизм жорий этиш юзасидан бир ой муддат ичида қарор лойиҳасини киритиши лозим.

Президент Мирзиёевнинг селектор йиғилишида айтган гаплари аудиоёзувини ана шу йиғилишда иштирок этган Озодлик манбаси жўнатди.

Шавкат Мирзиёевнинг селектор йиғилишида Аҳмедбоевни танқид қилгани
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:51 0:00
Бевосита линк

Озодлик ихтиёрида бу аудиоёзув айнан ана шу селектор йиғилишидан ёзиб олинганини тасдиқловчи бошқа манба йўқ.

Президент селектор йиғилишида ички ишлар бўйича ўз таклифини айтар экан, жиноятни очган прокуратура ва ички ишлар ходимлари учун моддий манфаатдорлик тизимини шакллантириш керак, деди:

“Прокуратурада бор, совбезда бор, ички ишларда бор, ҳамма бир иш билан шуғулланяпти. Лекин натижа мутлақо йўқ. Ҳар бир жиноятни очганга керак бўлса моддий рағбатлантириш беринг. Икки карра, уч карра, тўрт карра жиноятни очганига қараб ойликни берайлик. Жиноятни очганам бир юрибди, очмаганам бир юрибди”, деди президент.

Мирзиёев бу ҳақда ўз таклифларини киритишни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ишлари бўйича давлат маслаҳатчиси, собиқ ички ишлар вазири Адҳам Аҳмадбоевга ўн марталаб мурожаат қилгани, бироқ маслаҳатчидан жавоб бўлмаганини айтди:

“Мен неча марта жаноб Аҳмедбоевга айтдим. Лекин Аҳмедбоев билан тилимиз тўғри келмаяпти. У билмайман қайси тилни тушунади, ноинсоф, у қаерда ўқиган, умуман тушунмайди. Мен унга ўн марта топшириқ беряпман, тушунмайди у. Эй, сен ноинсоф, менга ... олиб кел менга деб неча ойдан бери айтяпман, у эса умуман тушунмайди, эрта, эрта, эрта, эрта, эрта.... Ё тушунмайди, ё гаранг, ё қилишни хоҳламайди. Шунинг учун бу жуда муҳим, прокуратура билан ички ишлар билан бир бўлиб, ҳар бир жиноятнинг натижаси бўйича қаттиқ шуғулланмаса бўлмайди. Бизларда тартиб йўқ. Ахмедбаевга ўхшаган вазирлар ўтирган бўлса, ҳеч нарсани тушунмаса, мен дардимни кимга айтаман. Қайси тилда гаплашай, ўрисча ҳам гапирдим, ўзбекча ҳам гапирдим, тушунмайди, у”, деди Шавкат Мирзиёев.

Истеъфодаги милиция майори хоразмлик Отаназар Оллоберганов ҳам жиноятлар сони кам очилишининг асосий сабаби ўзбек милицияси таркибининг профессионал эмаслигида деб билишини Озодликка айтди:

- Президент айтганидек, милицияда ҳам ишлайдиган яхши ходимлар бор. Уларни рағбатлантиришни мен ҳам қўллаб қувватлайман. Лекин ҳозирги ўзбек милициясининг катта қисми, тахминан 70-80 фоизи текинхўр. Уларга ойлик тугул, нон ҳам бермасдан, погонини юлиб олимб милициядан ҳайдаш керак. Президент танқидларидан кейин энди булар ҳам сал қўзғалиб қолди. Аммо, милиция таркибини тозалаш керак ва бу соҳада чуқур ислоҳот ўтказиш керак, деди Отаназар Оллоберганов.

Шавкат Мирзиёев 9 февраль куни ўтказган селектор йиғилишида бугунги ўзбек милициясидан халқ норози эканлигини таъкидлаб, танқид қилган эди:

-Ўтган йили 4518 нафар ходим, шундан 966 нафар ходим салбий ҳолатларга кўра ички ишлар идораларидан бўшатилган. Улардан аксарияти порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этган. Бундай ҳолатда аҳоли орасида ички ишлар ходими обрўсини қандай қилиб ошириш мумкин? Қонун ҳимоячиларининг ўзи жиноят содир этса, оддий одам дардини кимга айтиши керак? –деган эди Мирзиёев.

Шу кунги селектор йиғилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ИИВ Транспортдаги ички ишлар бошқармаси бошлиғи Рамзиддин Ғаффоров¸ Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Бобожонов ва Тошкент вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азиз Бобохўжаевларни ишдан бўшатган эди.

XS
SM
MD
LG