Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:43

Мирзиëев уч полковникни ишдан ҳайдаб, милицияда ҳалоллар қолишини уқтирди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 9 феврал куни ўтган селектор йиғилишида ИИВ Транспортдаги ички ишлар бошқармаси бошлиғи Рамзиддин Ғаффоров¸ Андижон вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Бобожонов ва Тошкент вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азиз Бобохўжаевларни ишдан бўшатди.

Ўзбекистон телеканалида ëйинланган маълумотда бу мулозимлар "ўз иш фаолиятлари давомида жиддий хато ва нуқсонларга йўл қўйгани" учун ишдан олингани таъкидланган.

Бу мулозимларнинг кейинги тақдири ва уларнинг ўрнига ким тайинлангани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Селектор йиғилишида Мирзиëев ички ишлар ходимларини танқид қилди¸ ҳусусан йўл-патрул ҳизмати зобитларини порахўрликда айблади.

Президентга кўра¸ ўтган йили жами 4518 нафар ходим, шундан 966 нафари ходим "салбий ҳолатларга кўра", ички ишлар идораларидан бўшатилган. Улардан аксарияти порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, мансаб ваколатлари доирасидан четга чиқиш каби жиноятларни содир этган.

Президидент ўзбек милиционерлари ишини "яроқсиз" ва "инсон манфаатларига зид" деб баҳолади:

- Яроқсиз иш услуби экани ҳеч кимга сир эмас. Буни мен биринчи марта айтаяпман. Кимгадир ëқмайди. Кимгадир баландпарвоз гап бўлиб туюлади. Бу, лекин, ҳақиқат. Худо хоҳласа ҳаммасини жой жойига қўямиз. Ҳалол (милиционер) ишлайди¸ ноинсоф кетади¸ деди президент.

Президент Шавкат Мирзиёев селектор йиғинида ҳафтанинг ҳар пайшанба кунини "Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни", деб эълон қилишни таклиф қилди.

"Қонунсиз милиция"

Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 16 сентябрь куни "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонунни мувақққат президент сифатида имзолаган бўлса ҳам¸ бу қонун кучга кириши 2017 йилнинг март ойигача тўхтатиб қўйилган.

Қонун лойиҳаси 2016 бошида марҳум президент Каримов ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини жиддий танқид қилганидан кейин тайёрланиб Олий Мажлисга тақдим этилган эди.

Ҳали кучга кирмаган бу қонун ички ишлар органларининг ваколат ва мажбуриятларини меъëрлайди.

Қонундан ҳусусан ички ишлар ходимларининг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоясини аниқ белгилаб бериши билдирилган.

Бугунга қадар Ўзбекистон милицияси 1990 йилда қабул қилинган Низом асосида ишлаб келмоқда.

Милицияда ишлаб истеъфога чиққан зобит Абдуқодир Абдуллевнинг Озодликка айтишича, бу қонуннинг ишлашини милиция шахсий таркиби умид билан кутмоқда:

- Бу қонун ишласа, ўшанда, иннайкейин, президент айтганидек, милиционерлар олаëтган ойлигини ҳалолу-пок қилиб чиройли қилиб оиласини ҳам боқишга вақтиям етади. Буëқда ишлашга ҳам вақти етади. Қонун бўлмагани учун милиция ходимлари пахта теряпти этак боғлаб¸ ягана қиляпти¸ фермерларнинг ўрнига мол ҳайдаяпти¸ дейди собиқ милиция ходими.

“Ўнта милициянинг ойлигини битта милицияга берса, порахўрлик йўқолади”

Инсон ҳуқуқлари фаоли Толиб Ëқубовнинг Озодликка айтишича Ўзбекистон мустақил бўлган 1991 йилдан кейин милиция ходимларининг сони кескин кўпайган:

- Совет Ўзбекистони пайтида республика бўйича 45 минг милиция ходими ишлаган. Ҳозир Тошкент шаҳрининг ўзида 60 мингга яқин милиция ходими ишлайди. Уч-тўрт йил олдин мен қўлга киритган ҳужжатда Ўзбекистонда милиция ходимлари сони 800 минг экани ëзилган эди. Бу аҳоли сонига ҳисоблаганда жуда кўп, - деди Ëқубов.

Суҳбатдош Собиқ Иттифоқ республикалари ичида милициядаги коррупцияга қарши муваффақиятли кураш мисоли сифатида Грузия тажрибасига таяниш лозимлигини айтди:

- Саакашивилининг қилган нарсаси шундан иборатки¸ у милицияда ишлаëтган одамларнинг ҳаммасини юз фоиз ишдан ҳайдади. Бу энди дунëда кўрилмаган нарса. Кейин ўнта милициянинг ўрнига битта милицияни ишга олди. Қолган 9 та милициянинг ойлигини битта милицияга берди. Ана шундай қилиб Грузия милициясидаги корупцияга барҳам берилди. Бизда ҳам шундай қилиш керак. Ўнта милициянинг ўрнига биттаси қолиб катта маош эвазига самарали ишласин¸ дейди Ëқубов.

Озодлик суҳбатлашган баъзи милиция ходимлари ҳам бу эҳтимолни назардан соқит қилмади.

Ўз исми айтилишини истамаган ИИВ ходимининг Озодликка билдиришича¸ аксар милиция ходимларининг тамагирликка мойил экани сир эмас:

-Тўғриси ҳам шундай. Лекин бошқа тоза одамни қаердан олади. Чет элдан одам олиб кела олмайдику?! Шу боис ҳеч нарса ўзгармасдан шу ҳолича қолгани ҳам маъқул¸ деди суҳбатдош.

Айни пайтда Озодлик билан суҳбатлашган сиёсий тахлилчи Анвар Назировнинг айтишича, президент танқидига қарамасдан Ўзбекистонда "милиция тизими тубдан ўзгартирилиб ислоҳ қилинмас экан, коррупция билан боғлиқ вазият ўзгармайди".

XS
SM
MD
LG