Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:34

"Иккинчи сорт фуқаролар" - ўзбек ижтимоий тармоқлари Путин мобилизацияси ҳақида


Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужумлари манзарасида Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрдан мамлакатда қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилди.

Кремлнинг ушбу қарори Ўзбекистондаги ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан фавқулодда хавотир билан қарши олинди. Уларга кўра, энг ҳимоясиз қатлам саналган меҳнат муҳожирларини алдов ва қўрқитиш йўли билан урушга юбориш ҳаракати аллақачон бошланган.

Россияда фаолият юритаётган ҳуқуқшунос Зарнигор Омонуллаева Ўзбекистон Жиноят кодексида чет давлат армиясига ёлланганлик учун узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси кўзда тутилганини эслатиб, меҳнат муҳожирларини қопқонга тушиб қолмасликка ундади.

“Сахаровода Москва мэри тарафидан эълон қилинган ҳарбий хизматга ёлланиш пунктларини 700 метр наридан айланиб ўтинг, у ерга яқинлашманг. Жудаям хунук ва бошқа давлатларга нисбатан ҳурматсизлик шаклида ташкил этилаётган ушбу пункт бежизга айнан Сахаровода йўлга қўйилмаяпти. Сахаровога оддий мигрантлар асосан патент учун келади. Уларни алдаш эса осон”, – деб ёзди Зарнигор Омонуллаева.


Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонга кўра, сафарбарлик доирасида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ватандошларини урушга тортиш бир аср олдинги ҳодисаларни ёдга солмоқда.

“1916 йилги Жиззах қўзғолони эсларингдами? Сўнгра бутун Туркистон бўйлаб ёйилиб кетган эди. Сабаби – ўшанда чор пошшоси Николай урушда дўпписи танг келиб қолгани учун Туркистондан фронтга ёрдам деб “сафарбарлик” эълон этган, халқ норози бўлиб қўзғолон кўтарган эди. Ота-боболаримиз у замонлар бугунги авлоддан онгли, ўз ҳаққини таниганроқ бўлган экан. Тарих қайтариляпти. Бугунги чор пошшоси Путин ҳам Украинада дўпписи тор келиб, “сафарбарлик” эълон этиб юборди. Буниси ҳам эскисига жуда-жуда ўхшаб кетяпти”, – дея ҳолатга муносабат билдирди таниқли адиб.

Путин урушга сафарбарлик эълон қилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:37 0:00

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ҳам Россияда ишлаётган меҳнат муҳожирларини урушга ёллаш мақсадида кенг кўламли ташкилий ишлар амалга оширилаётганидан ташвиш изҳор қилди.

“Россияда меҳнат қилиб юрган ватандошларимизни, миллатдошларимизни, ака-ука, опа-сингилларимизни бу урушга ҳаргиз бормаслик борасида огоҳлантириш, энг аввало, давлатнинг – ҳукуматнинг вазифаси. Лекин шу пайтгача давлат бу борада деярли ҳеч қандай тизимли иш олиб бормади. Бамисоли, ҳукумат Россия қаҳридан, ғазабидан қўрқаётгандек. Аслида, бу ҳолатда тинч туриш – Ўзбекистон давлати ва жамиятининг фожиасига, мутелигига, истилосига, қуллигига рози бўлишни англатади, холос. Давлатнинг ва миллатнинг қадр-қиммати юқори бўлиши керак”, – деб ёзди К.Раббимов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Аксар фаоллар фикрича, меҳнат муҳожирларининг ҳаёти Кремль учун "сариқ чақалик қадрга эга эмас".

“Меҳнат муҳожирларимизни Украинага, урушга фаол равишда юбориш бошланаётир. (Шахматдаги) пот ҳолати. Афтидан, ноқонуний мигрантларни қамоқ жазоси билан қўрқитиб, муқобил йўл сифатида урушга боришни таклиф этишади. Бу шунчаки хавотир қўнғироғи эмас, балки мислсиз мусибатдир. Ўзбеклар, тожиклар, қирғизлар Путин учун урушга, украинларни ўлдиришга юборилади. Тинч фуқаролар қотилга айланади, болалар етим қолади”, – дея бонг урди давлат бошқаруви бўйича эксперт, фаол блогер Азиза Умарова.


Ўзбекистон ҳукуматидан Россиядаги ватандошларни ҳимоя қилиш борасида амалий ҳаракат талаб этаётган зиёлилар, айни чоқда, рус армиясига одам ёллашга кўмаклашаётган гумашталарга ҳам шафқат қилмасликни сўрамоқда.

“Албатта, тобора мураккаблашиб, гибридлашиб бораётган вазият қонунчилик, профилактика ва жазо чораларини янада кучайтиришни талаб этади. Хусусан, Ўзбекистон фуқароларини хорижий армия ва ҳарбий тўдаларга ёллашга ҳаракат қилаётган ёки чорлаётган итялоқларга ҳам”, – деб ҳисоблайди таҳлилчи Отабек Бакиров.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими 23 сентябрь кунги баёнотида Россиянинг Украинага қарши урушини "Исломда ҳаром қилинган уруш" деб атади.

Диний идорага кўра, бу урушда "иштирок этганлар Аллоҳнинг шариатига қарши чиққан шайтон аскарлари қаторида бўлади. Унда ўлдирганлар қотил, ўлганлар эса гуноҳ узра жон берган боғийлар бўлади".

Бу Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасининг ҳозирга қадар Украинадаги уруш борасида берган илк баёнотидир.

Айни пайтда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мобилизация ва унга ўзбек ватандошларини тортиш борасидаги ҳаракатлар юзасидан сукут сақлаётир.

Кремлнинг босқинчилик сиёсатига қарши бўлган рус зиёлилари ҳарбий сафарбарлик маъносини англатувчи “мобилизация” атамаси ўрнида “могилизация” (одамларни оммавий гўрга тиқиш) cўзини қўлламоқда. Телеграмда қарийб 29 минг обуначига эга “HabiСatura” канали муаллифи ҳам ушбу мавзуни ўзига хос ҳажвий суратда акс эттирди.


22 сентябрь куни Россия президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси Кирилл Кабанов сафарбарлик доирасида сўнгги 10 йилда рус фуқаролигини олган марказий осиёликларни ҳарбий хизматга жалб қилиш, бўйин товлаганларни оила аъзолари билан фуқароликдан маҳрум этишни таклиф қилиб чиқди. Мулозим бу чора Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон масъул идораларининг ўз фуқароларини урушда иштирок этмаслик бўйича берган огоҳлантиришига жавоб бўлишини айтган. Ўзбекзабон платформада К.Кабановнинг бу таклифи ҳам кескин танқидга учради.

“Бундан чиқадиган хулосалар қуйидагича: Россиянинг бу каби амалдорлари бизнинг мустақиллигимиз, қонунларимиз ва мамлакатимизнинг ўз фуқароларини муҳофаза қилиш ҳуқуқини менсимайди; улар урушга биринчилар қаторида айни бошқа миллат, яъни Россиянинг ичида яшовчи ўзга миллат вакилларини сафарбар қилишга уринишяпти; гарчи ўн йиллаб у ерда яшаб ишлашса-да, у ерда уй-жой қилиб, оила, бола-чақалари билан фуқаролик олишга эришсалар-да, Россияда бу ватандошларимиз барибир иккинчи табақали фуқаро, яъни айни ҳуқуқсиз фуқаро бўлиб қолаверадилар, улар ва оила аъзоларидан қийин эришилган фуқаролик осонгина қайта олиб қўйилиши мумкин, ватандошларимизнинг инсон ҳуқуқлари, қолаверса, ҳатто ҳаёти ҳам бу каби кимсалар учун мутлақо қадрсиз”, – деб ёзди тошкентлик таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов.

Форум

XS
SM
MD
LG