Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:37

Мурод Ражабовнинг қачон бўлиши номаълум томошасига ўқитувчиларга мажбуран чипта сотилмоқда 


 Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов Гулнора Каримова васийлик қилган Форум Фонди томонидан ташкил этилган ҳар бир тадбирда фаол иштирокчи ўлароқ қатнашиб келган.
Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабов Гулнора Каримова васийлик қилган Форум Фонди томонидан ташкил этилган ҳар бир тадбирда фаол иштирокчи ўлароқ қатнашиб келган.

Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги мактаб ўқитувчиларининг Озодликка билдиришича¸ туманда Ўзбекистон Халқ артисти Мурод Ражабовнинг театрлаштирилган томошасига чипталар мажбуран сотилмоқда. Ўқитувчиларга кўра, 8000 сўмдан пулланган чипталарда томошанинг қаерда ва қачон бўлиши кўрсатилмаган.

Ишдан ҳайдалиш хавфи остида исмини очиқламасликни сўраган жиззахлик ўқитувчилардан бири, ўзи ва яна бошқа ўқитувчиларни 6 декабрь куни Ўзбекистон Халқ артисти Мурод Ражабовнинг театрлаштирилган томошасига 8000 сўмга чипта олишга мажбур қилишганини айтади.

“Жиззах вилояти Дўстлик туманида ўқитувчиларга Мурод Ражабов томошасига мажбурлаб чипта сотилаяпти. Шаҳар мактабларику майли, боришар бу томошага. Лекин қишлоқларга нимага керак бунақа чипта?”, дейди жиззахлик ўқитувчи йигит.

Озодлик боғланган яна бир жиззахлик ўқитувчига кўра, томошанинг қачон ва қаерда бўлиши ҳақида на билетда ëзилган ва уни сотганлар буни маълум қилган.

“Томошанинг қачон бўлишини, қаерда бўлишини билмаймиз. Сўрасак, ўзимиз айтамиз, дейишди. Баҳорда шунақа битта концертга билет сотишди. Кейин билсак, у концерт аллақачон ўтиб кетган экан. Мурод Ражабовнинг томошасига билетни қўлимизга тутқазиб, оласизлар, дейишди. Директоримиз “Менга мажбурлаб беришди, ўзимнинг чўнтагимдан тўлайманми”, деб дағдаға қилди. Кейин олишга мажбур бўлдик”, дейди жиззахлик ўқитувчи аёл.

Жиззахлик ўқитувчилардан бири ўзи олган чипта суратини Озодликка йўллади.

8000 сўмлик чиптада "Ўзбекистон Халқ артисти Мурод Ражабов ва унинг шогирдлари иштирокидаги “Замон нафаси” деб номланган театр томошаси" деб ёзилган¸ бироқ сана ва томошанинг қаерда бўлиши кўрсатилмаган.

“Президент ўқитувчиларни ҳеч нарсага мажбурлама¸ деган. Лекин булар ҳеч қачон одам бўлмайди, очиқчасига президент қарорларига бўйсунишмаяпти”, дейди яна бир жиззахлик ўқитувчи.

Дўстлик туманидаги мактаблардан бирининг директори Озодлик билан суҳбатда ўз мактабига туман Халқ таълими бўлими томонидан Мурод Ражабов иштирокидаги томошага 10 дона чипта берилганини эътироф этди.

“Менга Районодан телефон қилиб "театрга билет бор"¸ деб айтишди. Кейин котибам билетларни олишга борди. Борса, 10 дона бериб юборишибди. Пулларини ҳали бермадик. 10 билетни сотсак, пулини ҳаммасини олиб бориб берамиз. Энди биласиз, Районодан бир нарса дейишса, биз муҳокама қилиб ўтирмаймиз. Сўзсиз бўйсунамиз. Қаршилик қилсангиз, мактабга текшириш юбориб, бошимизни оғритишади”, дейди Дўстлик туманидаги мактаблардан бирининг директори исмини очиқламаслик шарти билан.

Дўстлик туман Халқ таълими бўлими мулозимларидан бири Озодлик билан суҳбатда ўқитувчиларга Мурод Ражабов томошасига чипта сотилганини тасдиқлади, бироқ бу мутлақо ўқитувчилар ташаббуси эканини таъкидлади.

“Биз ҳеч кимни мажбурламадик. Ўқитувчилар ўзи "театр келса, бизга билет олиб беринг" дейишгани учун билетларни мактабларга бердик”, деди туман Халқ таълими бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими.

Озодлик жиззахлик ўқитувчиларнинг театр томошаси учун чипта олишга мажбурланганликлари борасидаги шикояти бўйича, Ўзбекистон халқ таълими вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик матбуот хизмати ходими бу ҳолатдан бехабар эканлиги, вазиятни ўрганиб, 30 дақиқа ичида жавоб беришга ваъда қилди. Бироқ Озодликнинг кейинги қўнғироқларига ҳеч ким гўшакни кўтармади.

Ўзбекистонда санъаткорларнинг концертлари, спорт мусобоқаларига чипталарнинг аҳолига мажбурлаб сотилиши биринчи марта бўлаётгани йўқ.

Наманганннинг “Навбаҳор” стадионида Ўзбекистон Xалқ артисти Озодбек Назарбеков концертига коллеж ва мактаб ўқувчилари 20 минг сўмга чипта олишга мажбурлангани ҳақида Озодлик ёритган эди.

Таниқли ҳофиз Бобомурод Ҳамдамовнинг Бухоро вилояти Ромитон туманида бўлган концертига чипталар аҳолига мажбурлаб сотилгани ҳам хабар қилинган эди.

Шунингдек, Жиззах ҳокими хонанда Ҳосила Раҳимова концертига билетларни мажбуран соттиргани ҳолати ҳам бор.

XS
SM
MD
LG