Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:04

Муштумчи рассом: Ўзимизнинг президентни карикатура қилолмаймиз


Рассом Маҳмуджон Эшонқулов чизган карикатура Шляпа кийган киши "Йўқолсин диктатура!" деган шиорни кўтариб турибди.
Рассом Маҳмуджон Эшонқулов чизган карикатура Шляпа кийган киши "Йўқолсин диктатура!" деган шиорни кўтариб турибди.

12 октябрь куни Тошкентда “Муштум” ҳажвий журналининг бир неча ойлик танаффусдан кейин нашрдан чиққан дастлабки сони тақдимот маросими ўтказилди.

Президент сайлови арафасида чиққан журналда берилган бир материал Ўзбекистонга сиёсий сатира қайтдими, деган саволни пайдо қилди.

Мамлакат сиёсий ҳаётида юз бераётган ва ижтимоий тармоқларда хайп бўлаётган баъзи воқеалар кейинги пайтларда ҳажвий кўрсатувларга ҳам кўча бошлади.

Афандининг жавоби

“Муштум”нинг танаффусдан кейин чиққан сонида “сиёсий” ҳажвия берилганига маҳаллий нашр эътибор қаратди. Qalampir.uzнинг ёзишича, журналда берилган “Янги партия” деган ҳангомада муаллиф “мамлакатда янги партия тузиш билан боғлиқ рўй берган шов-шувли воқеаларни қалам орқали кулгуга олган”.

Ҳангома бир одамнинг Афандидан янги партия очиш учун ишни нимадан бошлаш кераклигини сўрашидан бошланади.

"Муштум" жуналининг янги сони муқоваси (Рассом Маҳмуджон Эшонқуловнинг Фейсбук саҳифасидан олинди)
"Муштум" жуналининг янги сони муқоваси (Рассом Маҳмуджон Эшонқуловнинг Фейсбук саҳифасидан олинди)

Мана бу эса, Афандининг жавоби:

- Биринчидан, эшакдек келадиган қопағон ит боқишинг керак. Иккинчидан, ота-онанг ўлган бўлиши керак. Учинчидан, чет элда каталакдек бўлса ҳам битта уйинг бўлиши шарт.

Шу гапидан сўнг Афанди ҳар бир шартини изоҳлайди ва бу изоҳлар “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партиясининг йиғилишига номаълум хотинлар бостириб борганини, Ўзбекистон президентлигига ўз номзодини қўйиш ниятини билдирган хонанда Жаҳонгир Отажоновга ота-онаси сиёсатга аралашмаслик талаби билан босим ўтказганини, ҳамда сиёсий мухолифатнинг қатор вакиллари чет элларда яшаётганини ёдга солади.

"Муштум": Ҳеч қачон қарсакбоз бўлмаганман!

1923 йилда таъсис этилган “Муштум” журнали Бош муҳаррири Носиржон Тошматов 14 октябрда Озодликнинг “Сиёсий сатира қайтдими?”, деган саволига:

“Ижтимоий сатира ҳам, сиёсий сатира ҳам “Муштум”да ҳар доим бериб келинган. Журналимиз ҳеч қачон, бошқа нашрлардай қарсакбоз бўлган эмас” деб жавоб берди.

Озодликнинг “Янги партия” ҳангомаси анчайин ва нисбатан дадил ёзилгани тўғрисидаги писандасига “Муштум” раҳбари кулиб, бундай деди:

“Ҳа, энди бу “Муштум”нинг анъанавий услуби. “Афанди ҳангомалари” йўлида ёзилган замонавий мухтасар ҳангома”.

- Лекин Ислом Каримов даврида бундай ҳангоманинг “Муштум”да чиқишини тасаввур ҳам қилиб бўлмас эди...

- Шу кунда сўз эркинлиги нисбатан, нисбатан эмас, анча- мунча бор. 10 йил бурунги вазиятга қараганда фарқ ер билан осмонча, чунки бугун цензор йўқ ёки турткилаш йўқ, нега ундай ёздинг, бундай ёздинг, деган нарсалар йўқ, - деди “Муштум” журнали Бош муҳаррири Носиржон Тошматов Озодликка.

Муштумчи рассом: Ўзбекистонда сиёсий сатира ҳеч қачон бўлган эмас

Яна бир муштумчи, таниқли карикатурачи рассом Маҳмуджон Эшонқулов журналда босилган “Янги партия” ҳангомасини "яхши нарса” деб баҳолади. Бироқ рассомнинг фикрича, бу “Ўзбекистонга сиёсий сатира қайтди,дегани эмас".

Карикатурачи рассом Маҳмуджон Эшонқулов
Карикатурачи рассом Маҳмуджон Эшонқулов

“Агар “Янги партия” деган ҳангомани сатира десак, бу сатиранинг қайтиши эмас, бошланиши дейиш мумкин. Чунки шу пайтгача Ўзбекистонда сиёсий сатира ҳеч қачон бўлган эмас. Тўғри, анча-мунча танқидий чиқишлар бўлиб турган, лекин ҳукуматга, каттароқ раҳбарларга қаратилган ҳажвиялар ёзилмаган, карикатуралар чизилмаган”.

Карикатурачи рассомнинг фикрича, сатиранинг нишони аниқ, манзилли, матн бўлса бир ўқишда, расм бўлса бир кўришда таниладиган бўлиши керак.

“Масалан мен карикатура чизадиган бўлсам, одамлар кўрибоқ “ие, фалончику”, деворадиган бўлиши керак. Шуни сатира дейилади. Биз карикатурачилар керак бўлиб қолса, Америка президентини, Европадаги президентларни чизамиз, лекин ўзимизнинг президентни карикатура қилолмаймиз. Чизган тақдиримиздаям босишмайди. Умуман, минтақа мамлакатларининг деярли ҳаммасида шундай”.

YouTubeдаги муштлар ва калласи кесилган ҳайкал

Том маънода сиёсий сатира бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда “сиёсат” сиёсатдан жуда узоқда юрадиган, асосан, ижтимоий тармоқлар томошабинлари учун мўлжалланаётган ҳажвий кўрсатувларга ҳам кириб келмоқда.

Масалан, “Қалпоқ” кўрсатувининг шу йил ёзда Ютюбга жойлаштирилган сони қаҳрамонларидан бири хонанда Жаҳонгир Отажоновни ёдга солса, тармоққа қўйилган бошқа бир видеороликда Андижон вилоят театридаги репетиция жараёни акс этган. Репетицияда иштирок этаётган артистлар скетчининг “қаҳрамони” Хидир исмли одам. Артистлар Хидир исмига ҳақоратомуз сўзни қофия қилади.

Бу сюжетни у суратга олинаётган пайтда қувғинга учрай бошлаган Хидирназар Аллақуловга нисбатан “сиёсий сатира”, деб қабул қилиш мумкин.

Бироқ Аллақуловнинг фикрича, бу сатира эмас, ҳақоратдир. У 14 октябрда Озодликка “ҳар қандай танқид учун очиқ" эканлигини айтаркан, бундай деди:

“Танқид ҳар доим, ҳар бир жамият учун керак. Лекин танқид ҳақоратга айланиб кетмаслиги лозим. Танқид қилинаётган одамнинг шаъни, қадр-қиммати ҳурмат қилиниши керак. Қилсин, унинг фаолиятини танқид қилсин, унинг шахсига ўтиб кетмасин”.

Баъзи ҳажвий кўрсатувлар секин-аста “президент даражасига” ҳам ета бошлади. Масалан, “Шапалоқ” кўрсатувининг сўнгги сони “Калласи узилган ҳайкал” деб номланган ва ундан шу ҳақдаги сюжет ўрин олган. Бир қарашда беозоргина юмористик сюжет. Лекин бу сюжетнинг айнан шу кунларда, президент Мирзиёевнинг калласи узилган ҳайкал тўғрисидаги хотиралари унут бўлмаган бир пайтда чиқиши бежиз эмасдай туюлади.

Ортиқ Султонов: Ўзбекистонда сиёсий сатира бўй чўзиб кўринган даврнинг ўзи йўқ

Таниқли стендап-қизиқчи ва кулгишунос олим, санъатшунослик фанлари номзоди Ортиқ Султонов 14 октябрда Озодликнинг “сиёсий сатира қайтяптими?”, деган саволига жавобан бундай деди:

Санъатшунослик фанлари номзоди Ортиқ Султонов
Санъатшунослик фанлари номзоди Ортиқ Султонов

“У ёки бу жанрнинг қайтиш-қайтмаслиги халқнинг табиатидан ҳам келиб чиқади. Ўзбекистонда сиёсий сатира бўй чўзиб кўринган даврнинг ўзи йўқ. Бизда кўпроқ аския, ҳазил, юмор кўпроқ бирламчи бўлиб келган. Бунинг сабаби шарқ тафаккуридан келиб чиқса керак. Қизиқчилар одамларнинг кайфиятини кўтаришни, уларни кулдиришни ўзининг вазифаси, деб билган. Европада эса, сатира ҳар доим бирламчи бўлган. Ўз тажрибамдан айтай: Россияда бир катта тадбирда чиқиш қилганимда, ўша ердаги ҳамкасблар ҳам кулиб, нимани гапирганимни тушунгач, ахир ,кулги кулги учун бўлиб қолдику, қани бу ерда муаммо, деб сўрашганди”.

Рассом Маҳмуджон Эшонқулов чизган карикатура.
Рассом Маҳмуджон Эшонқулов чизган карикатура.

Афанди бежиз огоҳлантирмабди

Озодликнинг 14 октябрь кунги суҳбатдошларидан яна бирининг айтганлари “Муштум” журналида босилган “Янги партия” ҳангомасидаги Афандининг огоҳлантируви нақадар долзарб эканига яна бир далилдир.

Фарғоналик рус тили ва адабиёти ўқитувчиси, ҳозирда тадбиркор Ҳабиб Тошматовнинг айтишича, у юртдаги ва Россиядаги ҳамфикрлари билан бундан икки ой муқаддам “Буюк Турон” ҳаракатини тузишга, шу ҳаракат орқали Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларда иштирок этишга жазм қилган. Унинг айтишича, “Буюк Турон” ҳаракати бошланганидан буён унинг яна бир қаноти - “Халқ Ўзбекистони” гуруҳи ҳам пайдо бўлди.

“Биз Ўзбекистон Конституцияси доирасида, унга оғишмай риоя қилган ҳолда сиёсий фаолият олиб бормоқчимиз. Бироқ иш бошлаб-бошламаёқ шахсан менга ота-онам орқали босим ўтказа бошлашди. Кеча, яъни 13 октябрь куни Учкўприк туман ҳокими (Фарғона вилояти) отамни чақиртирибди. Ҳоким қабулидан отам ўта дарғазаб келди. Мени десанг, сиёсатга аралашмайсан, деяпти...”

XS
SM
MD
LG