Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:49

Ҳибсдаги МХХ полковниги Тўрақулов иши доирасида юзлаб ширкатнинг банк ҳисоблари текширилмоқда


Нодир Тўрақулов
Нодир Тўрақулов

Жорий йил февралидан бери қамоқда қолаëтган 42 яшар МХХ Tергов бошқармаси собиқ терговчиси Нодирбек Тўрақулов берган кўрсатмалар асосида Ўзбекистондаги 130 дан зиëд ширкатнинг банк ҳисоблари текширилмоқда.

Бу ширкатлар орасида Uzdunrobita телеком ширкати¸ MEGA PLANET савдо маркази¸ Mehrjon-mehribon лок-бўëқ ширкати ва ëғоч-тахта маҳсулотларини Россиядан экспорт қилиш билан шуғулланадиган Sib-Akbar каби йирик ширкатлар бор.

Озодлик рўйхатдаги ширкатлардан айримлари билан боғланганда¸ улар текширувлар бораëтганини тасдиқлади.

Ўзини собиқ МХХчиларни тергов қилаëтган гуруҳга яқин деб айтган мулозимнинг Озодликка билдиришича¸ Тўрақулов жорий йилнинг 17 мартидан бери ҳибсда қолаëтган Ўзбекистон Марказий банки раисининг собиқ ўринбосари Алишер Акмалов билан юзлаштирилган ва унга қарши айблов кўрсатмаларини берган.

Шунингдек¸ Тўрақулов 2015 йилдан бери қамоқда жазо ўтаëтган Миллий хавфсизлик хизмати Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармасининг собиқ бошлиғи, 54 яшар МХХ собиқ полковниги Жавдат Шарифxўжаев билан ҳам юзлаштирилган.

Суҳбатдош ўз гапларига исбот сифатида Тўрақулов устидан очилган 26612-18 сонли жиноят ишига доир баъзи ҳужжатларни Озодликка тақдим қилди.

Ҳарбий прокуратура қарорининг Озодликка жўнатилган нусхаси.
Ҳарбий прокуратура қарорининг Озодликка жўнатилган нусхаси.

Бу ҳужжатлардан бири нусхаси - Ўзбекистон Ҳарбий прокурори ўринбосари¸ адлия подполковниги А.Абдуҳакимов 23 март куни имзо чеккан қарордир.

"Банк сири ҳисобланган маълумотларни олишга "САНКЦИЯ БЕРАМАН" деб бошланган бу ҳужжат тергов гуруҳи аъзоси А.О.Тўйчиев тергов ҳаракатлари давомида аниқлаган маълумотларга асосланган.

Унда:

Н. Тўрақулов ва бошқаларга нисбатан бўлган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари бўйича" жами 130 ширкатнинг ташкил қилинган кунидан бошлаб 2018 йил 1 мартга қадар бўлган даврда амалга оширган конвертация операциялари ҳақидаги маълумотлар олиб қўйилсин" деб санкция берилган.

Озодлик 27 апрель куни бу рўйхатга киритилган “Тошкент вино комбинати”¸ “Сарой пластик”¸ “Great Shosh buziness”¸ MEGA PLANET ширкатларида кейинги икки ой давомида текширувлар бораëтгани¸ хусусан¸ уларнинг молиявий фаолиятига оид дигитал маълумотлар олиб қўйилганини аниқлади.

Текширувлар давом этаëтгани ҳақидаги бу маълумотни номлари тилга олинган ширкат вакиллари¸ шунингдек¸ тергов жараëнига бевосита алоқадор расмийлар тасдиқлади.

Озодликка маълумот сиздирган Ўзбекистон ҳуқуқ тартибот органларида ишловчи мулозимнинг иддао қилишича¸ Нодир Тўрақулов мансуб МХХдаги жиноий гуруҳ конвертация операцияларини текшириш буюрилган 130 та ширкатнинг ҳар биридан амалга оширилган конвертация учун 25 фоиз чўтал олиб келган.

Ҳозирга бу иддаони тасдиқловчи расмий ҳужжат-далил Озодликда йўқ.

Собиқ МХХчининг мол-мулки хатланди

Ҳибсдаги собиқ МХХ полковниги Тўрақулов устидан олиб борилаëтган ўта оғир жиноятларни тергов қилаëтган гуруҳга яқинлигини иддао этган яна бир мулозимга кўра¸ Нодир Тўрақуловнинг Андижон¸ Термиз ва Тошкентдаги уй¸ автомобиллари ва Тўрақулов қариндошлари номига расмийлаштирилган мол-мулклари хатлаб қўйилган.

Унинг айтишича¸“суд ҳукми чиққунига қадар Тўрақуловга оид деб топилган кўчмас мулк¸ транспорт воситаси ва бошқа мулкларнинг сотилиши ëки бошқа одамга берилишига расман тақиқ қўйилган.

16 февраль куни очилган 26612-18-сонли жиноят иши доирасида Нодир Тўрақулов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 301-моддаси (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги)¸ 230-моддаси (Адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарори, ажрим ёки қарор чиқариш)¸ 165-моддаси (Товламачилик ) ва 168-моддаси( Фирибгарлик)да кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.

Терговга алоқадорлигини айтаëтган мулозим ўз гапига исбот сифатида Нодир Тўрақуловнинг Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани¸ халқ орасида “Центр Луначарский” деб аталадиган бойлар яшайдиган мавзедаги ҳовлисининг фотосини юборди.

Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақуловники экани айтилаëтган ҳовли сурати.
Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақуловники экани айтилаëтган ҳовли сурати.

Озодлик суҳбатлашган Тўрақуловнинг яқинлари бу суратдаги 1200 квадрат метрлик ҳовлининг Нодир Тўрақуловга тегишли эканлигини тасдиқлашди.

Уй-жойларни олиб сотиш билан шуғулланувчи ширкат вакилига кўра¸ айни мавзедаги ва айни ўлчамдаги ҳовлининг нархи шу кунларда 600 минг АҚШ долларидан 1 миллион 200 минг долларгача нархланмоқда.

Бундан олдин Нодир Тўрақуловнинг отаси Дилмурод Тўрақуловга қарашли “Пойтуғ газ тўлдириш корхонаси” (ГНЕЗ)да текшириш бошланиб¸ мол-мулклар хатлаб қўйилган эди.

МХХ полковниги шахсан президент ғазабига учради

Собиқ МХХ терговчиси Нодир Тўрақулов Ўзбекистон президентининг 19 январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан Тошкентда қамоққа олинган эди.

Тўрақулов қамоққа олинганидан кейин у ишлаган МХХ идораси раҳбари Давлат хавфсизлик хизмати деб ўзгартирилди¸ уни 23 йил давомида бошқариб келган қудратли генерал Рустам Иноятов ўрнига¸ 30 январь куни мамлакат Бош прокурори бўлиб ишлаган Ихтиëр Абдуллаев тайинланди.

ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев 16 март куни Сурхондарё вилояти ҳокимлигида ўз идораси мулозимлари¸ хусусан унинг собиқ полковниги Нодир Тўрақуловдан жабр кўрган тадбиркорлар, корхона-ташкилотлар раҳбари ва собиқ ҳокимлар билан шахсан учрашув ўтказган эди.

Бу учрашувда қатнашган жабрланувчилардан ўзларига нисбатан ноқонуний ҳаракат тутган МХХ расмийлари¸ хусусан¸ Нодир Тўрақулов тўғрисида аниқ кўрсатма ёзиб бериш сўралган эди.

Нодир Тўрақулов ва унинг иши доирасида тергов ҳаракатларига тортилган собиқ амалдорлар устидан суд жараëнининг қачон бошланиши ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Бу ишнинг Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасида тергов қилинаëтгани¸ маҳкаманинг ëпиқ эшиклар ортида ўтишини тахмин қилишга асос беради.

МХХ раисининг собиқ 1-ўринбосари¸ генерал Шуҳрат Ғуломов устидан суд бўлиб¸ унинг умрбод қамоққа ҳукм қилингани ҳақида ҳозирча президент баëнотидан бошқа расмий маълумот жамоатчиликка тақдим этилгани йўқ.

XS
SM
MD
LG