Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:16

Исроил ўлдирган "Ҳизбуллоҳ" лидери Ҳасан Насруллоҳ ким эди?


Ироқлик намойишчи Ҳасан Насруллоҳ сурати туширилган плакатни ушлаб турибди. Бағдод, 28 сентябрь, 2024.
Ироқлик намойишчи Ҳасан Насруллоҳ сурати туширилган плакатни ушлаб турибди. Бағдод, 28 сентябрь, 2024.

"Ҳизбуллоҳ" лидери Ҳасан Насруллоҳ таъсирли ва зиддиятли шахс эди. У “Ҳизбуллоҳ”ни кучли сиёсий партия ва ҳарбий ташкилотга айлантиришга ҳисса қўшди, бироқ хавфсизлик хавотирлари туфайли сўнгги йигирма йил давомида омма олдида камдан-кам кўриниш берарди.

Ҳасан Насруллоҳ Эрон қўллаб-қувватлайдиган қуролли гуруҳ ва Ливан жанубининг катта қисмини назорат қилувчи сиёсий партия "Ҳизбуллоҳ"нинг узоқ йиллик раҳбари эди.

"Ҳизбуллоҳ" 28 сентябрь куни ўз раҳнамоси бир кун олдин Исроилнинг Ливан пойтахти Байрутга қилган шиддатли ҳаво зарбалари натижасида ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Насруллоҳ 30 йилдан ортиқ вақт давомида “Ҳизбуллоҳ”ни бошқариб, шиа жангариларини Ливандаги асосий сиёсий кучга ва қўшни Исроилнинг кучли рақибига айлантирди.

Шу даврда 64 ёшли руҳоний Яқин Шарқдаги энг қудратли ва зиддиятли шахслардан бирига айланди.

Ливандаги шиа жамоасининг кўплаб аъзолари учун у қаҳрамон эди. Аммо бошқалар уни мамлакатни минтақавий можароларга тортган урушқоқ шахс деб билишарди.

"Ҳизбуллоҳ" Қўшма Штатлар томонидан террорчи ташкилот деб таснифланган, аммо Европа Иттифоқи унинг фақат қуролли қанотини қора рўйхатга киритган.

Насруллоҳ 1960 йилда Байрутнинг жанубий чеккасида камбағал оилада туғилган. Ироқдаги шиа семинариясида таҳсил олганидан сўнг, у Ливандаги шиа жамоасининг мавқеини оширишга интиладиган "Амал" ҳаракатига қўшилди.

1982 йилда Исроилнинг Ливан жанубига бостириб кириши – Ливанда вайронкор фуқаролар уруши пайтида Насруллоҳ янги ташкил этилган “Ҳизбуллоҳ”га қўшилди.

Харизматик руҳоний ва моҳир нотиқ бўлган Насруллоҳ “Ҳизбуллоҳ” сафларида тез кўтарилди. 1992 йилда Исроил Ҳизбуллоҳ раҳбари Аббос ал-Мусавийни ўлдирганида, 32 ёшли Насруллоҳ унинг ўрнига тайинланди.

Насруллоҳ “Ҳизбуллоҳ”нинг асосий ҳомийси бўлган шиалар кўпчиликни ташкил этувчи Эрон билан яқин алоқалар ўрнатди. Теҳроннинг катта молиявий ва сиёсий ёрдами билан Насруллоҳ “Ҳизбуллоҳ”ни Ливанда кучли сиёсий ва ҳарбий тузилмага ҳамда минтақадаги асосий ўйинчига айлантирди.

“Ҳизбуллоҳ”нинг Исроилга қарши кураши Насруллоҳга Ливан ичида ва ташқарисида қўллаб-қувватловчиларни кўпайтирди. 2000 йилда “Ҳизбуллоҳ”нинг доимий ҳужумларидан сўнг Исроил 18 йиллик ишғолдан кейин ўз қўшинларини жанубий Ливандан олиб чиқди.

2006 йилда “Ҳизбуллоҳ”нинг икки исроиллик аскарни ўғирлаб кетиши Исроил билан 34 кунлик даҳшатли урушни келтириб чиқарди. Юз берган вайронгарчилик ва қурбонларга қарамай, уруш Ливанда ва минтақада “Ҳизбуллоҳ”нинг обрўсини оширди.

Насруллоҳ раҳбарлигида бу гуруҳ Сурия фуқаролар уруши пайтида Сурия президенти Башар ал-Асадга ёрдам берди, Ироқ ва Яманда Эрон қўллаб-қувватлайдиган жангариларни ўқитди ва АҚШ ҳамда Европа Иттифоқи томонидан террорчи ташкилот деб эътироф этилган Фаластин гуруҳи ҲАМАСга ёрдам кўрсатди.

“Ҳизбуллоҳ”, шунингдек, 1994 йилда Аргентина пойтахти Буэнос-Айресдаги яҳудий жамоат марказини портлатиб юборишда айбланади.

Сўнгги йигирма йил ичида руҳоний камдан-кам ҳолларда омма олдида кўринарди, унинг тарафдорларининг аксарияти унинг бир пайтлар қора соқоли фақат телевизор экранларида оқарганини кўришган. Қора салла кийган Насруллоҳ хавфсизлик сабаблари туфайли кўпинча махфий жойлардан видео алоқа орқали узоқ нутқлар сўзларди.

2023 йил октябрь ойида Ғазо уруши бошланганидан бери Ҳизбуллоҳ ва Исроил доимий равишда чегаралараро ҳужумларни амалга ошириб келмоқда. Ҳизбуллоҳ фаластинликлар билан бирдамликда ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

ҲАМАС “тўлақонли келишув”га рози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:41 0:00

Насруллоҳ ташкилоти сўнгги ойларда жиддий зарбаларга учради. Исроил "Ҳизбуллоҳ" раҳбариятининг асосий аъзоларини ўлдирди, ҳарбий қурол-яроғларининг катта қисмини йўқ қилди ва алоқа тизимларини издан чиқарди.

19 сентябрдаги сўнгги нутқида, Исроил “Ҳизбуллоҳ” аъзолари томонидан ишлатиладиган электрон қурилмаларни нишонга олгани гумон қилинган ҳужумлардан сўнг, Насруллоҳ Исроилни "қасос келиши"дан огоҳлантирганди.

Форум

XS
SM
MD
LG