Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:00

Коронавирус: Касалланиш кўпаймоқда, расмий статистикага доир саволлар ҳам


Андижонда ковид-тест учун навбатда турганлар.
Андижонда ковид-тест учун навбатда турганлар.

Ўзбекистонлик мустақил журналист ва блогерлар, шунингдек, Озодлик суҳбатлашган коронавирус қурбонларининг яқинлари мамлакатда давом этаётган пандемиянинг навбатдаги тўлқини манзарасида касалланиш ва қурбонлар сонига доир расмий статистикани яна савол остига олишмоқда.

Соғлиқни сақлаш расмийлари эса, пневмония ва ўпка яллиғланиши каби касалликлар боис ҳаётдан кўз юмаётган кишиларни коронавирус қурбонлари қаторига қўшмаслик кераклигини таъкидлашади.

Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида коронавирус юқтириб олган беморларни даволаш учун очилган марказда Дилбар исмли 62 ёшли аёлнинг жасади 17 август куни қариндошларига берилди.

Янгиариқ туманидан асли касби ўқитувчи бўлган марҳум яқинларининг Озодликка айтишича, аёл кучли иситма билан 11 август куни Урганчдаги Олимпия захиралари коллежи базасида очилган ковид-марказга ётқизилган, олти кун ўтиб, бемор айни марказда вафот этган.

“Уйда иситмаси кўтарилавергач ковид-марказга ётқизишганди. 17 август куни ўлди, деб айтишди. Охирги кунлари нафас ололмай қийналди. Пневмония деб ташхис қўйди, лекин ҳамма белгилари коронавирусники эди. Ўлим варағига ҳам пневмония деб ёзиб беришди”, - дейди марҳуманинг қариндоши.

ЭКСКЛЮЗИВ - Қабристон сукунати: Ковид қурбонлари ошмоқда, расмийлар сукутда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00

Бу Хоразм вилоятидаги коронавирус гумони билан боғлиқ сўнгги кунлардаги ягона ўлим холати эмас.

Шу ҳафта бошида биргина Урганч тумани Қоровул қишлоғидаги камида икки хонадондан ўлик чиқарилди.

Бундан олдин шу қишлоқдаги бир оилада бобо ва набирасининг бир кунда коронавирусдан вафот этгани овоза бўлган эди.

“Сўнгги уч ҳафтада бизнинг қишлоқда тўртта ўлик чиқди. Заргар Болтабой акани хонадонида бобо ва невара ковид билан касалланиб, бир кунда ҳаётдан кўз юмди. Икки кун олдин икки қўшнимизнинг уйида жаноза бўлди. Олдингидай ковид-марказдан селофан қопга ўраб, бир-икки одам иштирокида тўғри қабристонга олиб бориб кўмишаётгани йўқ. Хонадонларда жаноза маросимлари қилиняпти, жаноза ва маъракалар коронавирусдан олдин қандай бўлган бўлса, шундай бўляпти”, - дейди Урганч туманида яшовчи Жуманазар ака.

Урганчдаги Олимпия захиралари коллежидаги ковид-марказ олдида турган беморлардан бирининг қариндоши Озодликка 16 август куни марказдан икки жасад чиқарилгани гувоҳи бўлганини айтди.

“Икки кун олдин иккита ўликни беришди. Қариндошлари қон йиғлаб олиб кетди”, - деди исми очиқланмаслигини сўраган урганчликлардан бири.

Расмий рақамларга қаралса, Хоразм вилоятида 17 августга келиб, коронавирусдан ўлганлар сони 1 нафар эканини кўриш мумкин.

“Пневмониядан ўлганларни коронавирус қурбонлари қаторига қўшмаслик керак”

Хоразм вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси мулозими Озодликка вазиятни қўйидагича изоҳлади:

“Ковид-марказларда ётган ва ҳаётдан кўз юмган беморларнинг ҳаммасида ҳам коронавирус аниқланиб тургани йўқ. Кўпчилигида пневмония, ўпка яллиғланиши. Агар коронавирус бўлса ёки шу касалликдан ўлган бўлса, жасад қариндошларига шундайлигича берилмайди-ку, махсус елим қопга ўралиб берилади. Сиз айтаётган ўлим ҳолатлари коронавирус билан боғлиқ эмас, бизда йил бошидан битта коронавирус ўлими қайд этилди, буни яширишнинг ҳожати йўқ”, - дейди Хоразм вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг исми очиқланмаслигини сўраган мулозими.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 17 август куни 851 кишида коронавирус аниқлангани, беморлардан 7 нафари вафот этганини билдирган.

Вазирликка кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси аниқланганидан буён 145615 киши шу касалликни юқтирган, 994 киши вафот этган.

“Ўлим ҳолатлари тўғрисида бор ҳақиқатни ошкор этиш керак!”

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ва ўлим ҳолатлари билан боғлиқ оид расмий статистикани савол остига олаётганлар кўп.

Самарқандлик журналист ва блогер Тошпўлат Раҳматуллаев 26 июль куни ўзининг Фейсбук саҳифасида деярли ҳар куни ковид туфайли вафот этаётган ҳамшаҳарларининг жанозасида қатнашаётгани ҳақида ёзди.

“Мамлакат бўйича ўлим 5-7 кишини ташкил этаётганлиги ҳақидаги хабарга қандай муносабат билдиришни ҳам билмайсан киши. Икки кун аввал Боғимайдон маҳалламизда 61 ёшли эркак, бугун Қир маҳалласининг Тошлоқ гузарида 59 ёшли ва Хожа Дониёр маҳалласида 58 ёшли эркакнинг жанозаси ўқилди”.

Ўз постида блогер, Ковид оқибатлари ҳақида, ўлим ҳолатлари тўғрисида бор ҳақиқатни ошкор этсак, касаллар қанчалик азоб чекаётганлигини очиқ кўрсатсак, балки шулар одамларимизга таъсир этиб, карантин талабларига риоя этадиган бўлишар?

Ҳозир одамларга коронавирусдан сақланиш муҳимлиги ҳақида гапирсангиз, “қўйинг-э, йўлларимизда кунига ўртача беш киши ўлмоқда, бу касаллик унча даҳшатли эмас” деган жавобни оласиз. Шу сабабли ковид билан боғлиқ бор статистика ошкор бўлмоғи лозим”, дея қўшимча қилади самарқандлик мустақил журналист.

Ўзбекистонлик яна бир блогер Лобар Турсунқулова ҳам коронавирус бўйича берилаётган расмий рақамлар ҳақиқий воқеъликни акс эттиришини савол остига олади: “Коронавирус бўйича давлат статистикасига ишониш керакми ёки ҳар куни ўз кўзимиз билан кўраётган реалликками?, - дейди блогер.

Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2021 йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатда жаъми 79,7 мингта ўлим қайд этилган.

Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 7 фоизга кўпроқ.

Лекин қўмита ҳисоботида ўлим ҳолатларининг қанчаси коронавирус билан боғлиқлиги ҳақида айтилмаган.

XS
SM
MD
LG