Энг охирги воқеалардан бири Фарғонада прокуратура ходими вафоти билан боғлиқ. Мутахассислар фикрича, оддий фуқароларга алоқадор ўхшаш ҳолатлар эса кўпинча кўздан пинҳон қолмоқда. Буни Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги тизимли инқирозга ишора деганлар бор.
Расмий муносабат йўқ
Фарғона шаҳридаги хусусий клиникада 10 апрель куни бурун тешигидаги тўсиқни олдириш учун жарроҳлик амалиётини ўтказган 33 ёшли бемор шифохонада ҳаётдан кўз юмди. Маҳаллий матбуот у Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Фарғона вилоят бошқармасининг ходими Муҳаммаджон Ҳусаинов эканини ёзди.
Маълумотларга кўра, операция A Doctor А деб аталган янги очилган хусусий клиникада содир бўлган. Айрим нашрлар прокуратура терговга қадар текширув бошлагани ҳақида маълумот берди, лекин фожеадан бери икки ҳафта ўтганига қарамай, Бош прокуратура ҳам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам расмий муносабат билдирмади.
Марҳумнинг яқинлари у операциядан кейин беш соатга етмасдан жони узилганини айтишмоқда. Жарроҳлик амалиётини ўтказган шифокор эса жараённи муаммосиз якунлаганини, операциядан сўнг беморни анестезиолог назоратига топширганини билдирган.
“Нима сабабдан ўлимлар рўй бермоқда? Биринчи ўринда, операцияларни тажрибасиз ёки ёрдамчи шифокорлар томонидан амалга оширалётгани. Яна бир сабаб, операцияга тайёргарлик босқичида беморга етарлича текширувлар ўтказилмаяпти. Яна битта сабаб, қўлланилаётган анестезиянинг сифатига эътибор қаратилмагани. Шифокорлор айбни анестезиологга тўнкайди. Бу ҳам тўғри, чунки мен шифохоналарда малакали анестезиологларни кўрмадим”, - дейди фаоллардан бири, шифокор Муаззам Иброҳимова.
Тизимли муаммолар
Прокуратура ходими вафот этган A Doctor А клиникаси кимга тегишли экани ҳақида очиқ манбааларда маълумот йўқ. Лекин гап ҳозир клиника эгасида ёки айнан шу касалхонанинг фаолиятида эмас, балки Ўзбекистонда сўнгги пайтларда бундай фожеаларнинг кўпайиб бораётганида.
2023 йилнинг мартида 27 ёшли вайнер Фарҳод Маннопов Тошкентдаги хусусий клиникалардан бирида бурнини операция қилдиргач вафот этган.
2024 йилнинг декабрида актриса Ҳалима Ибрагимова ҳам хусусий клиникада оламдан ўтди. Унинг яқинлари чуррасини олдириш учун жарроҳлик амалиётидан кейин аҳволи оғирлашганини айтишган.
Ўтган ойда Кокош тахаллуси билан танилган блогер Комила Абдуқодирова Тошкентдаги хусусий клиникада ўтказилган операция оқибатида оғир аҳволга тушиб қолган. Бунинг учун у шифокорни айблаб, мутахассис бўлмаган одамлар уни операция қилганини айтиб чиққан.
Фаоллар бундай муаммолар аввалдан борлигини, давлат касалхоналарида ҳам рўй беришини, лекин охирги пайтларда клиникалар сони кўпайиб, тажрибасиз мутахассислар ишга жалб этилаётгани, шунингдек интернет даврида маълумотлар тезда оммага тарқалаётгани билан изоҳлашади.
Ўзбекистондаги хусусий шифохоналарнинг бирининг эгаси, Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова эса фожиа билан якунланган жарроҳлик амалиётларида айб беморларнинг ёки турли сабаблар билан шифокорга мурожаат қилганларнинг ўзида эканини таъкидлайди. Яқинда тармоқларда тарқалган видеода у шифокорларни айблаганларни судга бериш мумкинлигини эслатган.
"Ҳалима ўзининг айби билан ўлди, Коко Шанель дегани бор экан (Кокош демоқчи - ред.)... Шифокорларни камситганингиз учун сизларни судга берса бўлади. Бизнинг медицина жуда кучли медицина. Операциядан олдин қўл қўйилади, ҳамма нарсага розилигингиз олинади. Элликка элик. Хеч қачон 100 фоиз гарантия берилмайди амалиётга” - деган Усмонова.
“Мен барча хусусий клиникаларга лой чаплаш ниятида эмасман, чет элдаги клиникалардан қолишмайдиганлари бор. Лекин гуруч курмаксиз бўлмагани сабабли, хусусий тиббиётда ҳам маъсулиятсиз тадбиркорлар кўпайиб кетди. Яъни, бу соҳада пул кўп деган тадбиркорлар малакали мутахассисларни йиғмасдан, кераклича жиҳозланмасдан клиникаларни очишяпти. Тиббиёт сифатини назорат қиладиган органлар билан ҳам худди шу шаклда келишувлар бўляпти. Пора эвазига... Қора йўллар билан клиникаларни очишяпти. Жарроҳлиқ амалиётидан олдин беморга ёки унинг яқинларига "нимадир бўлса, давоим йўқ" деган қоғозга қўл қўйдириш тажрибаси тиббиётдаги маъсулиятсизликнинг сабабларидан бири бўлиб қоляпти. Шунинг учун тиббий омбудсман хизматини" йўлга қўйиш зарур бўлиб турибди - дейди Муаззам Иброҳимова.
Тиббиёт фанлари номзоди, профессор Зарифбой Ибодуллаев эса сўнгги йилларда Ўзбекистонда шифокорлар тайёрлаш тизимидаги камчиликларга эътибор берилмай, клиник шароитда ишлаш кўникмалари етарлича шаклланмаётганини таъкидлайди:
“Бизда 10 йиллар олдин, 20 йиллар олдин умумий амалиёт врачини тайёрлашга катта урғу бериб юборилди. Ҳатто илмий кенгашда “эсингизда тутинг, биз тор доирадаги мутахассасиларни эмас, умумий амалиёт врачини тайёрловчи институтмиз, деган ректор. Хўп, майли дедик. Озгина кулги ҳам кўтарилди. Мен бир профессорга айтгандим, 10 йил ўтиб реанимотолог қани, деб излаб юрмасак бўлди, дегандим. Ҳозир мутахассислар етишмаяпти” .
Молиявий танқислик ва кадрлар етишмовчилиги
Ибодуллаевнинг таъкидлашича, муаммо фақат хусусий клиникаларда эмас, балки давлат касалхоналарида ҳам ҳал қилиш керак бўлган масалалар кўп. Айниқса, қоғозбозлик ишлари беморларнинг ҳолига қарашдан ҳам долзарб. Бундан ташқари, давлат клиникасида ишлаганларнинг маоши озлиги туфайли, айрим шифокорлар қўшимча равишда хусусий клиникаларда ҳам фаолият юритишади.
2024 йилдаги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда хусусий клиникалар сони 9000дан ошган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар йили хусусий тиббиёт муассасалари сони ўртача 600-700 тага ортиб бораётганини маълум қилган. Натижада ҳозирга келиб, хусусий клиникалар давлат муассасалари сонидан ортиб кетган.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларга қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатни тиббий туризм марказига айлантириш режасини эълон қилган. Статистик маълумотларла қўшни давлатлардан ўн минглаб одам тиббий сабаблар билан мамлакатга ташриф буюргани айтилади.
2024 йилда қабул қилинган президент қарори билан соҳа ривожи учун қўшимча чора-тадбирлар белгиланган. Бироқ ЮНИСЕФнинг ўтган йил октябрдаги баёнотида таъкидланишича, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ҳали ҳам молиявий танқислик ва кадрлар етишмовчилиги каби жиддий муаммолар билан тўқнаш келмоқда.
Форум