Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:30

Юристлар: Янги партия тузиш йўлидаги энг катта ғов... қонундир


Ўзбекистондаги мавжуд 5 партия сафига яна камида икки партия қўшилмоқчи
Ўзбекистондаги мавжуд 5 партия сафига яна камида икки партия қўшилмоқчи

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси келаси йил ўтиши кутилаётган президент сайловларининг санасини ҳануз эълон қилганича йўқ, аммо сайловга тайёргарликлар аллақачон бошланиб кетган.

Ва бу жараёнда фаоллик кўрсатаётганлар амалдаги партиялар эмас, балки ҳозирча партиясизлардир.

Шу кунларда Ўзбекистонда камида иккита янги сиёсий партия тузиш устида иш кетмоқда. Икки партиядан бири партияни тузиш ва уни рўйхатдан ўтказиш масаласида Адлия вазирлиги билан мулоқотга киришишга, мамлакат президентига мурожаат қилиб, ундан сиёсий партия ташкилий қўмитаси йиғилишини ўтказишга ёрдам беришини сўрашга ҳам улгурди.

Маҳаллий ҳуқуқшуносларнинг фикрича, Ўзбекистон Республикасининг 1996 йилда қабул қилинган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунида сиёсий партиялар тузиш йўлида бир қатор сунъий тўсиқлар қўйилган, айни пайтда, минтақадаги айрим давлатларда партия тузиш ва уни расмий қайддан ўтказиш максимум соддалаштирилган.

“Халқ манфаатлари” демократик партияси

Педагог олим, ёзувчи Маҳмуд Йўлдошевнинг Озодликка айтишича, у етакчилик қилаётган ташаббусчилар гуруҳи тузишга уринаётган сиёсий партия халқ манфаатлари учун курашни ўзига бош мақсад қилиб олмоқчи ва шунинг учун ҳам партия “Халқ манфаатлари” деб аталади.

Психология фанлари номзоди, ёзувчи Маҳмуд Йўлдошев
Психология фанлари номзоди, ёзувчи Маҳмуд Йўлдошев

Маҳмуд Йўлдошевнинг 29 октябрда Озодликка билдиришича, тузилажак партиянинг ташкилий гуруҳига 40 нафардан ортиқ фаоллар кирган.

Унинг сўзларига кўра, гуруҳга вилоятлардан ҳам фаоллар қўшилмоқда ва тез кунларда гуруҳ партиянинг ташкилий йиғилишини ўтказишга ҳозирланмоқда.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов етакчилик қилаётган ташаббусчилар гуруҳи “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партиясини тузиш йўлидаги ҳаракатларини “Халқ манфаатчилари”дан олдинроқ – жорий йил баҳор-ёзида бошлаган.

Хидирназар Аллақулов ва унинг маслакдошлари августнинг бошида Адлия вазирлигига хат билан мурожаат қилган, хатда “бир гуруҳ ёзувчилар, шоирлар, олимлар, журналистлар, блогерлар, тадбиркорлар ва ёшлар мустақил сиёсий партия тузмоқчи эканлиги” билдирилиб, карантин шароитида “партия тузиш жараёнини қандай ўтказиш лозимлигини тушунтириб бериш” сўралган.

Вазирлик 20 августдаги жавоб хатида карантин шароитида ҳар қандай йиғилишлар тақиқланганини билдирган.

Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов
Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов

Шундан сўнг 23 сентябрда “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партиясини тузмоқчи бўлаётган гуруҳ мамлакат президентига мурожаатнома йўллаб, давлат раҳбаридан партия ташкилий қўмитаси йиғилишини ўтказишда ёрдам беришини сўради.

Хат муаллифлари Президентга унинг 2017 йил, 27 декабрда айтган “Мен Президент сифатида мухолифатга қарши эмасман, лекин у ўзимизда шаклланиши учун муҳит яратиш керак, токи у одамлар халқнинг муаммоларини билсин, шу ерда сув ичиб, шу ерда нон есин” деган сўзларини эслатган.

“Ҳақиқат ва Тараққиёт” социал-демократик партияси ташаббус гуруҳи раҳбари Хидирназар Аллақулов 29 октябрда Озодликка Президент маъмуриятидан ҳозирча жавоб бўлмаганини билдирди.

Ўзбекистонда “сиёсий партия” тушунчаси нимани англатади?

1996 йилнинг 26 декабрида имзоланган “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунда сиёсий партияга шундай таъриф берилган:

“Сиёсий партия Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг қарашлар, манфаатлар ва мақсадлар муштараклиги асосида тузилган, давлат ҳокимияти органларини шакллантиришда жамият муайян қисмининг сиёсий иродасини рўёбга чиқаришга интилувчи ҳамда ўз вакиллари орқали давлат ва жамоат ишларини идора этишда қатнашувчи кўнгилли бирлашмасидир”.

24 йилдан бери амал қилиб келаётган қонунда сиёсий партиялар фаолиятининг ҳуқуқий асослари, улар фаолиятининг кафолатлари, сиёсий партияни тузиш ва уни рўйхатга олиш тартиби ва бошқа бир қатор масалалар тартиби белгилаб қўйилган.

Бироқ Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик икки ҳуқуқшунос, айнан шу қонун янги сиёсий партия тузиш йўлидаги аососий ғов 'эканини таъкидлашди.

Қонундаги тўсиқлар

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов қонуннинг 6- моддасига эътибор қаратади:

"Сиёсий партия тузиш ташаббускорлари камида эллик кишидан иборат бўлиши, улар партия таъсис ҳужжатларини тайёрлаш, аъзолар таркибини шакллантириш ҳамда таъсис съезди ёки конференциясини чақириш бўйича ташкилий қўмитани тузишлари лозим.

Ташкилий қўмита ўзи тузилган кундан бошлаб етти кунлик муддатдан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига ўз ташаббуси, қўмитанинг таркиби, раҳбари (етакчиси), жойлашган манзили ҳамда таъсис съезди ёки конференцияси чақириладиган санани ёзма равишда хабар қилиши лозим.

Ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб узоғи билан уч ой фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгадир. Сиёсий партия таъсис съездида ёки конференциясида тузилади.

Таъсис съезди ёки конференцияси партия устави ва дастурини қабул қилади, унинг сайлаб қўйиладиган органларини тузади"

Қонуннинг айнан шу талабларини шарҳлар экан, Руҳиддин Комилов бундай деди:

“Сиёсий партияларни тузишдаги барча муаммолар шу ердан бошланади. Авваламбор, камида 50 кишидан иборат ташаббускорларни йиғиш, қандай ва қаерда йиғиш бирламчи улкан муаммодир. Қандайдир амалдорлар келиб, тақиқланган йиғилиш учун жавобгарликка тортиш билан қўрқитиши, йиғилишга йўл қўймаслиги, имкон бермаслиги, тарқатиб юбориши ҳеч гап эмас”.

Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов
Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов

Ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов Озодлик билан суҳбатда янги партия тузиш ва уни рўйхатдан ўтказишни мураккаблаштирадиган яна бир неча жиҳатга тўхталди.

Ўзбекистонлик яна бир юрист, “Халқ манфаатлари” партиясини тузиш ташаббусчиларидан бири Журъат Тожиев қонун талабларини танқид қилар экан, бундай деди:

“Сиëсий партиялар тўғрисида”ги қонун ўзбек демократиясининг олдидаги энг катта тўсиқдир. Аввало миқдор цензи, яъни фавқулодда кўп - 20 000 имзо имзо йиғиш талаб қилинади.

Юрист Журъат Тожиев
Юрист Журъат Тожиев

Қиёслаш учун: Қозогистонда 1000 та холос. Яьни 1000 та имзо билан партия тузиш мумкин. Ташкилий қўмита аъзолари сони бизда камида 50 киши бўлиши керак ,дейилган. Қозоқ қардошларимизда эса бу миқдор 10 тани ташкил этади. Яна бир чеклов бу - вақт цензи. Яъни қонунимиз айтяптики, ташкилий қўмита тузилганидан бошлаб бир ой ичида тегишли ҳужжатларни ва 20 000 та имзони топшириш шарт. Энди бир ой ичида 20 000 тўплашни тасаввур қилаверинг!”

Адлия вазирлиги нима деди?

Вазирлик Ахборот хизмати “Ҳақиқат ва Тараққиёт” партияси билан ёзишмалардан хабарсизлиги, партия тузиш масалалари бўйича Нодавлат ва нотижорат ташкилотлар бўлимига мурожаат қилишни тавсия қилиш билан чекланди. Тилга олинган бўлим телефонини кўтарган ходим эса, Озодлик саволларини эшитиб, ҳамкасби билан улаб беришни ваъда қилди. Ваъда ортиданоқ алоқа узилди ва кейинги қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Қўшниларда қандай?

Қирғизистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунига кўра, сиёсий партия 10 кишидан иборат гуруҳ ташаббусига кўра тузилиши мумкин.

Қозоғистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунига биноан, 1000 кишидан кам бўлмаган фуқаролар ташаббусига кўра сиёсий партия тузиш мумкин. Бунинг учун 10 кишидан кам бўлмаган ташкилий қўмита тузилади.

Тожикистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунига биноан, партияни рўйхатга олиш учун камида 1000 киши иштироки кўзда тутилади.

Туркманистон Республикасининг “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунига биноан сиёсий партия ташкил этиш учун 9 кишидан кам бўлмаган ташкилий қўмита тузилади.

Бу маълумотларни Озодлик билан ўртоқлашган ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов қонунларни амалда либераллаштириш вақти келганини урғулайди.

“Барча қардош республикаларда сиёсий партияларни рўйхатга олишнинг соддалаштирилган шакли мавжуд бўлиб, биздагига ўхшаб 50 кишидан иборат ташаббускор гуруҳнинг ҳам, 20 000 имзонинг ҳам кераги йўқ. Ҳаётни, қонунларни либераллаштирамиз, дея бақиргандан, қичқиргандан кўра, чиндан ҳам либераллаштирсак, мақсадга мувофиқ бўлармиди? Модомики, соғлом рақобат тараққиёт асоси экан, нима учун сиёсатда шундай бўлиши мумкин эмас?”

Ўзбекистондаги тан олинган партиялар

Шу кунда Ўзбекистонда расмий тан олинган ва вакиллари Олий Мажлисдан жой олган 5 та сиёсий партия бор:

  1. ЎзХДП / Ўзбекистон Халқ демократик партияси;
  2. ЎЗЛиДеП / Ўзбекистон Либерал демократик партияси;
  3. ЎзМТДП / Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси;
  4. “Адолат” СДП / Ўзбекистон Адолат социал демократик партияси;
  5. Экопартия / Ўзбекистон экологик партияси.

Қувғиндаги партиялар

Ўзбекистон мустақилликка эришиши арафасида тузилган ва мустақилликнинг илк ойларида рўйхатдан ўтказилган “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” партиялари лидерлари Ислом Каримов даврида мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Уларнинг Ватанга қайтишига ҳанузгача изн берилмаган.

Мирзиёев ҳукумати хориждаги мухолифат мансубларининг сиёсий мулоқот ва ислоҳотларни бошлаш чақириқларини жавобсиз қолдирган.

Ўтган йил декабридаги парламент сайловларини кузатган Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти кузатувчилар миссияси овоз бериш жараёнлари Каримов давридагидан эркинроқ ўтгани, аммо сайлов тизимидаги ўзгаришлар мухолифатнинг ўрнини тўлдира олмаганини айтган.

Конституцияга мувофиқ 2021 йилда Ўзбекистонда президент сайловлари бўлиб ўтиши керак, аммо сайловларнинг санаси ҳануз эълон қилинмади.

Шу йил майида Ўзбекистонда президент ва парламент сайлови ўтказиш санасини декабрь ойидан март ойига кўчиришга доир президент фармони лойиҳаси эълон қилинганди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 20 май куни жойлаштирилган “Ўзбекистон миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони лойиҳасининг муҳокамаси расман 4 июнда ниҳоясига етди.

Унинг қачон қабул қилиниши ва келгуси йил ўтиши кутилаётган президент сайловларига қандай таъсир қилиши маълум эмас.

XS
SM
MD
LG