Линклар

Шошилинч хабар
23 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:25

Ўзбекистон хабарлари

Фарғоналик таниқли шоир Шамшод Абдуллаев Олмаотада вафот этди

Шамшод Абдуллаев (архив сурати)
Шамшод Абдуллаев (архив сурати)

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида 23 октябрь куни фарғоналик шоир, ёзувчи ва эссеист Шамшод Абдуллаев оламдан ўтди. Бу ҳақда “Фарғона.ру” ахборот агентлиги хабар қилди.

1957 йилнинг 1 ноябрида Фарғонада туғилган Шамшод Абдуллаев русийзабон авангардчи шоирлар орасида ўтган асрнинг 80-90-йилларида шакллантирилган “Фарғона поэтик мактаби”нинг норасмий лидерларидан бири ўлароқ кўриларди. Миллати ўзбек бўлишига қарамай, рус тилида ижод қилган Шамшод Абдуллаев бир неча шеърий тўплам ва прозаик асар муаллифи бўлиб ҳисобланади.

Асарлари бир неча тилга таржима қилинган фарғоналик шоир, “Фарғона.ру” қайдича, Андрей Белий номидаги мукофот (1993 йил), “Знамя” журналининг эссеистика бўйича мукофоти (1998 йил), “Глобус” мукофоти (1998 йил), Россия шоирлари орасида икки марта шеърият учун мукофот (2006 ва 2013 йиллар), Францияда рус тилида чиққан “Окно” журнали мукофоти (2011 йил), Иосиф Бродский жамғармаси мукофоти (2015 йил) ва бошқа мукофотлар соҳиби бўлган.

Шамшод Абдуллаев Тошкентда “Звезда Востока” журналига (“Шарқ юлдузи”нинг русчаси) муҳаррирлик қилган. “Фарғона.ру” маълумотига кўра, нашр Ўзбекистон расмийларининг босимига учраган, шундан сўнг журнал ходимлари ва Фарғона мактаби вакиллари мамлакатни тарк этиб, муҳожиротга кетишга мажбур бўлишган.

Кун янгиликлари

ИИВ: “Whats” молиявий пирамидаcи 4 млрд сўмни ўзлаштирган

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда “Whats” номи билан молиявий пирамида ташкил қилиб, фуқароларнинг катта миқдордаги маблағини фирибгарлик йўли билан ўзлаштирган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, жорий йил август ойидан октябрига қадар Бухоро шаҳрида ташкил этилган “Whats” платформаси бўйича 500 нафардан зиёд фуқародан мурожаат келиб тушган. Мазкур гуруҳ етказган зарари миқдори 4 миллиард сўмни ташкил қилмоқда.

“Kun.uz” нашрининг аниқлик киритишича, молиявий пирамида эгалари “Whats” номли платформа ташкил қилиб, “қадам”ларни сотиб олиш учун 120 доллардан 17 минг долларгача пул тикишни, ҳар бир янги аъзо учун 12 фоиз бонусга эга бўлишни таклиф қилган.

Қайд этилишича, платформа ижтимоий тармоқларда фаол тарғиб-ташвиқ қилинган. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги маҳаллий блогерлар ва вайнерларнинг тарғибот мазмунидаги видеолари уни янада оммалаштирган.

Таҳлилларга кўра, кейинги йилларда интернет ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланган ҳолда молиявий пирамида ташкил этишга уринишлар сони ортган.

Боласи ногирон бўлиб қолган ота ССВни ёлғончиликда айблади

“Док-1 Макс” иши Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири бўлиб ҳисобланади
“Док-1 Макс” иши Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири бўлиб ҳисобланади

“Док-1 Макс” иши оқибатида ногирон бўлиб қолган ўзбекистонлик болаларга ҳар жиҳатдан кўмак кўрсатилаётгани ҳақидаги расмий баёнот шубҳа остига олинди.

Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худоёров 21 октябрь куни журналистлар билан мулоқотда “Док-1 Макс” дорисининг ножўя таъсири оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга “давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатилаётгани”ни айтганди.

Фарзанди 2022 йил декабрь ойида ушбу доридан заҳарланган ва 65 кун комада ётган Феруз Нуриддиновнинг Daryo.uz нашрига айтишича, вазир жамоатчиликка ёлғон маълумот берган.

“Ўша вазир ҳам, унинг ходимлари ҳам ҳатто давлатнинг бирорта шифохонаси шифокорлари бирор марта ўғлимнинг ҳолидан хабар олмаган-ку! Ҳатто уйимнинг эшиги қайси томонга очилишини билмай туриб, “биз ногирон бўлиб қолган болаларни даволаяпмиз, кўмак беряпмиз” дейишга уялмадими? Ўша вазирдан сўранг-чи, доримас, бирорта шприц берганмикан?” деган жабрдийда ота.

Қайд этилишича, вазирнинг бу гапидан сўнг кўпчилик ота-оналар у билан кўришиш ниятида юрибди.

Феруз Нуриддинов 5 яшар ўғли Алибекни даволатиш учун уйини сотиб, яқинларидан қарз олишга мажбур бўлган. Шунга қарамай, бола гапиролмайдиган, юролмайдиган бўлиб қолган.

“Док-1 Макс” Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири саналади.

Мамлакатда 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган дори воситаларидан болаларнинг заҳарланиши кузатилган. Расмий маълумотларга кўра, бунинг оқибатида 68 нафар бола вафот этган, камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолган.

Болалар омбудсмани: 7 яшар қизча жинсий зўравонлик қурбони бўлгани ўрганилмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ИИБ 7 ёшли қизга нисбатан бузуқ ҳаракатлар cодир этилгани ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб бормоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

22 октябрь куни ижтимоий тармоқларда ўгай ота бирга яшаб келаётган аёлининг аввалги никоҳидан туғилган қизига жинсий зўравонлик қилгани баён этилган видеолавҳа тарқалганди.

Видеода вояга етмаган қиз йиғлаган ҳолда ўгай отаси унга нисбатан уятсиз хатти-ҳаракатлар содир этганини айтиб берган.

Қизчанинг онаси – Қарши шаҳрида яшовчи аёл ИИБга ҳолат юзасидан мурожаат қилиб, 2021 йилдан бери бирга яшаб келаётган эри унинг норасида қизига нисбатан жинсий зўравонлик ҳаракатларини содир этганини айтган.

Болага нисбатан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Болалар омбудсмани ҳолат бўйича қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.

Олий Мажлис Сенати жорий йил 15 август куни “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллаган эди.

Ўшанда юқори палата мажлисида кейинги йилларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани, уларнинг олдини олиш, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалдаги ҳуқуқий механизмлари етарли даражада самара бермаётгани қайд этилганди.

Ўзбекистонлик каноэчи допинг сабаб 3 йилга мусобақалардан четлатилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон “Rowing&canoe” федерацияси спортчиси, Осиё ўйинлари ғолиби Шоҳмурод Холмуродов топширган допинг синамасида тақиқланган “Кломифен” моддаси борлиги аниқланди.

Миллий антидопинг агентлиги маълумотига кўра, спортчи Бутунжаҳон антидопинг кодекси талабларини бузган деб топилиб, 3 йил муддатга дисквалификация қилинган.

“Gazeta.uz” нашри қайдича, спортчи мазкур моддани муолажа вақтида билмасдан қабул қилганини айтган.

Шоҳмурод Холмуродов Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган XIX Осиё ўйинларида каноэда эшкак эшиш бўйича олтин медални қўлга киритган.

Қоидага кўра, дисквалификация қилинган спортчи жазо муддати тугагунга қадар миллий ва халқаро мусобақалар, ўқув-машғулот йиғинларида иштирок эта олмайди. Агар бу талаб бажарилмаса, унга умрбод дисквалификация қўлланиши мумкин.

Ўзбекистонлик спортчининг допинг назорати ортидан мусобақалардан четлатилиши илк бор кузатилаётгани ҳодиса эмас. 2022 йилда айни шу сабабга кўра оғир атлетикачи Мафтуна Исмоилова ва юнон-рим курашчиси Султонбек Элмуратов тўрт йил муддатга беллашувларда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинганди.

2018 йил декабрида оғир атлетика бўйича Ўзбекистон тарихидаги илк жаҳон чемпиони, “Ўзбекистон ифтихори” Руслан Нуриддинов ҳам вақтинча спортдан четлатилганди.

Бангфурушга кўмаклашган ИИБ ходими қамалди

Тошкентда гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланган шахсга ва бу жиноятда унга кўмаклашган профилактика инспекторига нисбатан ҳукм ўқилди, дея хабар қилди “Kun.uz”.

Суд ҳужжатларига кўра, Андижон шаҳрида яшовчи 29 ёшли Ш.А. Россиядан маиший техника ичига яширилган ҳолда жўнатилган наркотик моддаларни айтилган манзилга етказиш билан шуғулланиб келган. У ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эътиборини тортмаслик ҳамда шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғишда ёрдамлашиши учун Андижон туманида профилактика инспектори лавозимида ишлаган, 1991 йилда туғилган И.Т. билан жиноий тил бириктирган.

Ш.А. 2024 йил 5 март куни Россиядан Ўзбекистонга контрабанда йўли билан келтирилган гиёҳвандлик моддасини Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ҳудудида қабул қилаётган пайтда ушланган. Тезкор тадбирда у вақтинчалик яшаган Яшнобод тумани Элбек кўчасидаги хонадондан сотиш учун сақланаётган гиёҳвандлик моддаси топилган.

Профилактика инспектори судда айбига қисман иқрорлик билдирган.

Суд ҳукми билан наркокурьер Ш.А.га 11 йил 1 ой, ИИБ ходими И.Т.га эса 10 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Маълум бўлишича, наркотик олди-сотдисига ёрдам беришда айбланган профилактика инспектори таэквондо бўйича Ўзбекистон чемпиони, қора белбоғ соҳибидир.

БП: Россиялик журналист ўлими юзасидан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкентдаги меҳмонхоналардан бирида 47 ёшли россиялик журналист Инесса Паперная ва яна икки кишининг ўлими юзасидан жиноят иши очилган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ўз телеграм-канали орқали маълум қилди.

БП мулозимига кўра, вафот этганларнинг ўлими сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон пойтахтининг Миробод туманида жойлашган “Караман палас” меҳмонхонасида россиялик журналист аёл вафот этгани ҳақида аввалроқ “База” нашри хабар қилган эди.

Нашр қайдича, “Лента” онлайн-газетаси ва “Профиль” журналида ишлайдиган Инесса Паперная Ўзбекистонга таътилга келган эди. У “Караман палас”да ҳамроҳи билан биргаликда қолган. 20 октябрь оқшомида журналист аёлга посилка келган. Меҳмонхона ходимлари Инессага телефон орқали боғлана олишмаган, эшик тақиллашига ҳам ҳеч ким жавоб бермаган. Ходимлар эшикни бузиб киришга қарор қилишган. Улар ичкарига киришгач, Паперная ва ҳамроҳининг жасадига дуч келишган.

БП вакили Ҳаёт Шамсутдинов маҳаллий нашрларга россиялик журналист аёл ва ҳамроҳининг жасади топилган хонага қўшни бўлган номерда ўзбекистонлик яна бир кишининг жасади топилганини билдирган.

Дастлабки тахминларга кўра, меҳмонхона мижозлари вентиляция тизими орқали кирган газдан заҳарланган бўлиши мумкин. 19 октябрдан 20 октябрга ўтар кечаси меҳмонхонада ҳовуз тозаланган — афтидан, заҳарли газ мўри орқали меҳмонхона мизожлари хонасига кирган бўлиши мумкин.

“База” нашри ҳодиса ортидан “Караман палас” муҳрлаб кетилгани, айни пайтда тергов ишлари олиб борилаётгани, журналист аёлнинг жасади эса икки кун ичида Москвага етказилишини қўшимча қилган.

Ўзбекистонда газ қазиб олиш янада қисқарди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойи давомида газ қазиб олиш ҳажми 35,16 миллиард куб метрни ташкил этди. Шу тариқа мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,67 миллиард куб ёки 4,8 фоизга қисқарди.

Статистика агентлиги чоп этган 2024 йилнинг январь-сентябрь ойларидаги саноат ишлаб чиқаришига доир маълумотларга кўра, газ қазиб олиш қисқариши манзарасида импорт ҳажми ошиб боряпти. 9 ой мобайнида мамлакат хориждан 1 миллиард 278 миллион долларлик (ўтган йилдан 3,6 баробар кўп) газ сотиб олган.

Ички қазиб олиш кўрсаткичи ёмонлашиб бораётгани ҳам газ экспортини оширишга тўсқинлик қилмаган. Йил бошидан буён экспорт 16,5 фоизга кўпайиб, 480 миллион долларга етган.

Таҳлилларга қараганда, Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми йил сайин қисқариб бормоқда. 2022 йилда 51,67 миллиард куб метр газ қазиб олинган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 46,71 миллиард куб метрга пасайган.

Маҳаллий экспертлар мамлакатнинг газ борасида Россияга қарамлиги ортишидан хавотир билдириб келмоқда.

Аввалроқ Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Устюрт минтақасида геология-қидирув ишлари кутилган натижа бермаса, газ импорти 2030 йилда 10-11 миллиард куб метрга етишини айтганди.

Қўмита: 520 дан зиёд ресторан давлат тили қонунини бузган

Ўзбекистондаги ресторанлардан бирининг таомномаси (архив сурати)
Ўзбекистондаги ресторанлардан бирининг таомномаси (архив сурати)

Ўзбекистондаги юзлаб умумий овқатланиш корхоналари (ресторан, кафе, ошхона ва буфетлар) давлат тили ва истеъмолчилар ҳуқуқларига доир қонунчилик талабларини бузган.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бу ҳақда 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни маълумот ёйинлади.

700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарида ўтказилган ўрганишларда уларнинг 524 тасида (75%) таомнома давлат тилида эмаслиги, 480 тасида (69%) иш режими кўрсатилмагани, 449 тасида (65%) нархнома йўқлиги, 429 тасида (62%) автотураргоҳлар мавжуд эмаслиги, 519 тасида (74,6%) фавқулодда вазиятлар учун чиқиш йўлаклари қолдирилмагани аниқланган.

Қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ва Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясига тегишли тартибда маълумот киритилган.

Қўмита умумий овқатланиш корхоналарида қонун талаблари бузилишига дуч келган, ҳуқуқлари бузилган истеъмолчиларга 1159 – ягона ишонч рақамига мурожаат қилишни эслатган.

ССВ “Док-1 Макс” жабрдийдаларига “кафолатланган ёрдам”дан баҳс этди

Ўзбекистонда “Док-1 Макс” иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларга “кафолатланган тиббий ёрдам” кўрсатилмоқда.

“Gazeta.uz” нашри хабарига кўра, бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажарувчи Асилбек Худоёров Тошкентда 21 октябрь куни журналистлар билан мулоқотда гапирган.

Худоёров “Док-1 Макс” иши оқибатида ногирон бўлиб қолган болаларнинг рўйхати вазирликда борлиги, уларга “давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатилаётгани”ни таъкидлаган.

“Gazeta.uz” мухбири ҳукумат мулозимига жабрдийда болаларнинг ота-оналари эътирозли мурожаатлар йўллаётганини эслатган.

Ўша эътироз билдирган ота-оналарнинг эътирозлари нусхаларини бизга тақдим этсангиз, кўриб чиқишимиз мумкин”, деган вазир.

“Док-1 Макс” Ўзбекистон фармацевтикаси тарихидаги энг можароли ишлардан бири саналади.

Мамлакатда 2022 йил охирида Ҳиндистоннинг Marion Biotech ширкати ишлаб чиқарган дори воситаларидан болаларнинг заҳарланиши кузатилган. Расмий маълумотларга кўра, бунинг оқибатида 68 нафар бола вафот этган, камида 18 нафар бола ногирон бўлиб қолган.

2023 йил августида бошланиб, ярим йил давом этган суд якунида дори истеъмолидан вафот этган 68 нафар марҳум ва соғлиғи ўта оғирлашган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 1 миллиард сўмдан, аҳволи қониқарли бўлган 4 нафар боланинг қонуний вакилларига 500 миллион сўмдан, соғлиғи яхшиланган 8 нафар боланинг қонуний вакилларига 200 миллион сўмдан маънавий зарар ундирилиши белгиланган.

Мирзиёев Тошкентнинг дренаж тизимидан норози

Шиддатли жала ортидан сувга тўлган Тошкент кўчаларидан бири (архив сурати)
Шиддатли жала ортидан сувга тўлган Тошкент кўчаларидан бири (архив сурати)

Президент Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни ўтказилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасига доир йиғилишда Тошкент шаҳри дренаж тизимини танқид қилди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев яқинда ёққан кучли ёмғир ҳақиқий аҳволни кўрсатганини қайд этаркан, пойтахт дренаж тизими ишига қатъий эътироз билдирган.

Дренажни тўғрилашнинг ўзи етарли эмаслиги, сувни ҳавзаларда тўплаш тизимини йўлга қўйиб, дарахтларни суғоришга ишлатиш тавсия этилган.

Қайд этилишича, пойтахтдаги туман ҳокимларига жойларга чиқиб, дренаж, яшиллик, ободонлаштириш каби масалаларни “тепасида туриб ҳал қилиш” юкланган.

Шаҳар ҳокимлигига йил якунигача дренаж тизимини сунъий ҳавзалар билан бирга қуриш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилган.

Тошкентликлар бир неча йилдан буён кучли ёмғирдан кейин йўлларни сув босиши муаммосига дуч келади.

Шаҳар ва мамлакат раҳбарияти сув тошқинларининг асосий сабаби 1960-йилларда барпо этилган ирригация ва дренаж тизимининг эскиргани билан боғлиқ эканини бир неча бор таъкидлаган.

Пойтахт йўл инфратузилмаси ва дренаж тизимини модернизация қилиш учун катта маблағ зарурлиги айтилади.

Яна 160 мулозимнинг тадбиркорлик субъектига таъсисчилик қилгани аниқланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳукумат тузилмаларидаги 160 нафар бошқарув ходими бир вақтнинг ўзида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётганини аниқлаган.

Ўрганишлар давомида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 72 нафар ходими 79 та, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 59 нафар ходими 60 та, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 22 нафар ходими 23 та, Энергетика вазирлигининг 7 нафар ходими 8 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтгани маълум бўлган.

Қонун бузилиши ҳолатлари бўйича вазирликларга агентликнинг тақдимномалари киритилган.

Жорий йил сентябрида Транспорт, Маданият ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 116 мулозими тадбиркорлик билан шуғулланиб келгани аниқланганди.

Қонунчиликка мувофиқ, давлат фуқаролик хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган. Жумладан, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасида давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши, тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этиши, муассис (иштирокчи) бўлиши, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришига чеклов ўрнатилган.

Хитой Андижонда автомобиль заводи қурмоқчи

“Faw Trucks” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган юк машиналари (Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси)
“Faw Trucks” ширкати томонидан ишлаб чиқарилган юк машиналари (Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати фотоси)

Хитойнинг “Faw Trucks” компанияси Андижон вилоятида юк машиналари ишлаб чиқаришга ихтисослашган завод қуриш ниятида.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, умумий қиймати 100 миллион доллар бўлган лойиҳа доирасида ҳар йили 10 минг дона юк ташувчи автомобиль ишлаб чиқариш режаланган.

Ҳокимлик хабарномасида лойиҳада Ўзбекистон ва Хитой томони улуши қанча экани, завод қурилиши учун сарфланаётган маблағ кредитми ёки сармоями каби масалаларга ойдинлик киритилмаган.

“Faw Trucks” компанияси раҳбариятининг Андижонга ташрифи мобайнида завод қурилишини ноябрь ойидан бошлашга келишилган.

“Faw Trucks” сайтида берилган маълумотларга қараганда, ширкат 2019 йилда 3,5 миллион дона автомобиль ишлаб чиқариб, 6,3 миллиард доллар даромад қилган.

Ширкат ўзини дунёда ва Хитойда юк автомобиллари ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири сифатида тақдим этган.

Расмий Тошкент: Трансафғон темир йўли беш йилда қурилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон трансафғон темир йўли қурилиши бўйича томонлар билан тўлиқ келишувга эришди, деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов “Daryo.uz” нашрига берган интервьюсида.

Мулозимга кўра, ҳозирда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқиляпти.

“2025 йилда лойиҳага тамал тоши қўйилади деб ўйлайман. Қурилиш мураккаблигини инобатга олсак, жараён камида 5 йил давом этади”, деди вазир.

Ўзбекистон Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар трансафғон темир йўли лойиҳасини амалга ошириш учун 2018 йилдан бери ҳаракат қилиб келади.

Қурилиш 2021 йилнинг сентябрида бошланиши режалаштирилганди. Бироқ 2021 йилнинг августида “Толибон” ҳаракати Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаши ортидан лойиҳани амалга ошириш муддати кечиктирилган.

2022 йилнинг 18 июлидан Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон ушбу темир йўл қурилиши юзасидан амалий ишларни бошлагани хабар қилинганди.

Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил 18 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда трансафғон темир йўлини “Жанубий Осиёга чиқадиган энг маъқул, энг арзон, энг хавфсиз йўл” деб атаган.

Даставвал янги темир йўл қурилиши 5 миллиард долларга тушиши айтилганди. Бироқ 2022 йилнинг декабрида Покистон Темир йўллар вазирлиги котиби Зафар Ранжа лойиҳа тахминан 8,2 миллиард долларга баҳоланаётгани тўғрисида баёнот берган.

Қарийб 600 километрли мазкур темир йўл Ўзбекистон ва минтақа давлатлари учун Покистон денгиз бандаргоҳларига йўл очади.

Лойиҳа тўлиқ ишга туширилган тақдирда, Ўзбекистондан Покистонга юкларни бугунгидай 35 кунда эмас, балки 3-5 кунда етказиб бериш мумкин бўлади. Бир стандарт юк контейнерини манзилга етказиб бериш нархи уч баробарга арзонлайди. Мазкур йўлдан юк ташиш ҳажми йилига 10 миллион тоннага етиши мумкин.

Таҳлилчиларга кўра, Кобул ва Исломобод ўртасидаги зиддиятлар, афғон заминидаги турли қуролли гуруҳлар фаоллиги ушбу йирик инфратузилма лойиҳасининг рўёбга чиқишига хавф туғдириши мумкин.

БП: Тўққиз ойда 2,4 трлн сўмлик кредит талон-торож қилинди

Ўзбекистонда жорий йилнинг 9 ойи мобайнида 2,4 триллион сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилинган, деб маълум қилди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов 18 октябрь куни Тошкентда ўтказилган брифингда.

Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлар юзасидан банк ва мижоз корхоналар раҳбарларига нисбатан 791 та жиноят иши қўзғатилган.

Қайд этилишича, прокуратура органларининг аралашуви билан кредит қарздорликларнинг 10,9 триллион сўми ундирилган, 8,9 триллион сўмлик кредитлар бўйича гаровдаги мулкларнинг сотувга чиқарилиши таъминланган, 1,5 триллион сўмлик ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қарздорларнинг иш ҳақига қаратилган.

БП маълумотига кўра, январь–сентябрь ойлари мобайнида аниқланган иш ҳақи ва нафақа пулининг талон-торож қилиниши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 63 та жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов мамлакатда амалдорларнинг пора олиш жинояти камайгани ҳолда, бюджет пулларини талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ҳолатлари кўпайганини айтганди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG