Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:30

Ортиқ Отажонов - Озодлик бош қароргоҳида концерт берган ягона ўзбек санъаткори


Ортиқ Отажонов Прагада қўшиқ айтмоқда.
Ортиқ Отажонов Прагада қўшиқ айтмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон Халқ артисти¸ Ортиқ Отажонов 2009 йил октябрь ойида Озодлик радиосиининг Прагадаги бош қароргоҳида меҳмон бўлган ва радиостанция журналистлари учун махсус концерт берган эди.

Бундан 10 йил аввалги учрашув ҳақида Ортиқ Отажонов илтимосига кўра xабар бермаган эдик. Ортиқ ака ўшанда бизга суҳбат берган ва “вақти келганда эълон қиларсизлар” деган эди.

Бугун миллионлаб мухлисга эга бўлган санъаткор оламдан ўтган куни у кишининг Озодлик меҳмони бўлгани ҳақида ëзиш вақти келди.

Ортиқ Отажонов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:18:49 0:00

2009 йилда Ортиқ ака ва хотини Гулсара опа Чехиядаги машҳур Карлови вари курортида даволаниш учун келгани ҳақида ота-онасини кутиш учун Прага аэропортига чиққан ҳамкасбим хабар топиб келди. Ҳамкасбимнинг ота-онаси ҳофиз билан битта учоқда келган эди.

Бу хабарни эшитиб¸ "Ортиқ акани Озодликка таклиф қилайлик "¸ деган фикр туғилди.

Айнан ўша кунлари Ўзбекистон телеканаллари Озодлик радиосининг "ëвузлиги” ҳақидаги навбатдаги фильмни намойиш қилган ва радио журналистларининг расмларини чиқариб¸ мана "халқ душманлари" дея эълон қилган эди.

Ортиқ Отажонов Озодлик мухбири Шуҳрат Бобожон билан.
Ортиқ Отажонов Озодлик мухбири Шуҳрат Бобожон билан.

Бундай пайтда унча-мунча одамнинг Ўзбекистон “душман” деб эълон қилган АҚШ радиоси ëнига яқинлашишга юраги бетламас эди.

Аммо Ортиқ Отажонов Озодликка суҳбат бериш¸ санъат ва маданиятга оид ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришдан қўрқмаган саноқли ўзбек санъаткорларидан бири эди.

Шу боис “Ортиқ оға Озодликка келмайсизми” деган таклифимга: " Албатта бораман¸ ëшуллию ëши кичик билан учрашиб¸ соз-суҳбат қилиб бераман. Фақат бир тор топиб қўйинглар”¸ деди Ортиқ оға.

Ўша пайтда Озод Европа/Озодлик радиосининг президенти бўлган Жеф Гедмин ўз вақтида мусиқашунос сифатида тадиқиқотлар қилган ва Шарқ мусиқасини севган киши эди.

"Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Туркманистон ва Татаристон Халқ артисти бўлган артист билан учрашиш мен учун шараф"¸ деди Жеф Гедмин.

Радионинг туркман¸ татар-бошқирд¸ қозоқ¸ қирғиз¸ озарбайжон ва тожик хизмати раҳбарлари ҳам ўзбек ҳофизи билан учрашишга ҳавасланишди.

2009 йилнинг 24 октябрь куни Ортиқ ака ва хотини Гулсара опа Карлови варидан Прагага келишди.

Уларни радиога яқин жойдаги Дон Жовани меҳмонхонаси олдида кутиб олдим. Ортиқ акани олдиндан¸ ҳали Хоразмдаги телеканалда ишлаган пайтдан яхши танир эдим.

Мана у: ўрта бўйли¸ чарм пальто¸ фетр кепка кийган Ортиқ ака. Ëнида оқ юзли Гулсара опа кулимсираб турибди. Ортиқ ака меҳмонхонанинг номига қараб “ Дон Жуан кимлигини биласанми Гулсара?” деб сўради. Раҳматлик Гулсара опа “Нердан билайин” деса¸ “Дон Жуан ошиқлар тимсоли” деб кулиб қўйди.

Бинога кираверишда бу бино жойлашган ерда улуғ бастакор Моцарт қўниб ўтган¸ деган ëзувни ўқиб таъсирланди. Моцартнинг оқ мармардан ясалган ҳайкалига қараб¸ бир зум тин олди. Моцарт ҳақида фақат тор доира мутахассислари биладиган баъзи тафсилотларни айтиб берди.

Ортиқ ака билимдон ва закий инсон эди.

25 октябрь куни Ортиқ ака Озодлик радиоси ўзбек хизматининг эрталабки мажлисида фахрли меҳмон сифатида қатнашди.

Экспромт савол-жавоблар бўлди. Ортиқ ака тортинмай ўз фикрларини очиқ ва эмин-эркин билдириб ўтирди.

Хоразмнинг олис Боғот туманида туғилган Ортиқ ака Миср араб республикасига сафар қилганида президентнинг хос меҳмони бўлиб орден олгани ва бошқа қизиқ ҳикояларни айтиб берди

Карлови варида дам олаëтганида фирибгарлар унга чех крони дея муомаладан чиққан венгер форинтларини алдаб бериб кетганини мутойиба қилиб айтиб берди.

Либерал ғояларга очиқлик¸ берилган саволга гапни айлантирмай аниқ ва лўнда баъзан эса саркастик жавоб бериши билан бошқа ҳофизлардан фарқланар эди Ортиқ ака.

Пешинга яқин Ортиқ Отажоновни Озодлик радиоси президенти Жаф Гедмин қабул қилди.

Ортиқ Отажоновдан тор калласига қандай тери тортилиши¸ танбур нохун билан чалинадими ëки бармоқ биланми¸ қўшнайнинг сурнайдан фарқи каби саволларни сўраб¸ жавобларни мароқ билан эшитди.

Бир вақтлар қозоқ хизматида журналист бўлиб ишлаган асли тошкентлик Абдуғани аканинг уйига бориб икки каллали Озарбайжон торини олиб келган эдик.

Ортиқ ака тор сифатидан мамнун бўлмади. “Ўзим сизларга яхши бир тор совға қилиб юбораман. Шу ерда турсин. Эндики сафар келганимда зўр концерт бераман”¸ деди.

Афсус¸ Ортиқ акага бошқа келиш насиб қилмади.

Ўша пайтлар радио янги бинога кўчиб ўтган эди. Бинонинг биринчи қаватидаги улкан залда концерт берган илк санъаткор¸ янглишмасам¸ Ортиқ Отажонов эди.

Бугун Ортиқ оғанинг ўлими хабари ортидан эски русумдаги видеокассетага туширилган 10 йил олдинги кадрларни томоша қилиб ўтириб Ортиқ Отажонов билан учрашишга келган журналистлар билан тўла залдаги илиқ атмосферани қайта ҳис қилдим.

Аввалига туркман хизмати журналисти Жамол Ëзлиева Ортиқ акани тўпланганларга таништирди.

Тожик журналистлари “Сизни яхши таниймиз¸ “Умр ўтар” ни айтиб беринг”¸ дейишди.

Ортиқ ака “хонлар ўтар вақт ўтар “ дея¸ Озод Европа/Озодлик радиоси залида куйлаб бошлади. Бу жасорат эди.

Зотан дунëдаги энг ëвуз диктаторлар рўйхатига кирган “хон” ҳали ўз "тахти"да ўтирар¸ унинг ўлишига яна 7 йил бор эди. Ўша пайтда Ортиқ Отажонов “исталмаган санъаткорлар” рўйхатида эди. Теле ва радиоканаллар ва катта концерт залларида концерт беришга изн йўқ эди. Юбилей ўтказилганида¸ на Маданият вазирлиги ва на девондан кимса йўқламаган эди. Аммо Ортиқ ака бу чеклашларга қарамасдан¸ элнинг тўю томоша ва байрамида қўшиғини куйлайверди.

Эски видеотасвирга тикиламан. Кумушранг костюм кийган Ортиқ Отажонов куйлаяпти:

Умр йўл, қайрилиш кўп,

Учрашиш, айрилиш кўп,

Унутиш, айрилиш кўп...

Озодлик журналистлари ҳофиз билан мулоқотга тўйишмади. Мулоқотни Праганинг қадимий қисмидаги араб ресторанида давом эттирдик.

Ўша пайтда Ўзбекистондан Прагага келиб ишлаëтган ўзбеклар Ортиқ акани кўриб саломлашишди. Ортиқ ака уларга қараб¸ “Қуëннинг туғилган тепаси эмас¸ балки қорни тўйган тепаси муҳим. Насибангиз қаерга сочилган бўлса¸ териб юраверинглар”¸ деб ҳазиллашди.

Ўша куни ярим тунгача соз-суҳбат қилган Ортиқ ака эртасига Тошкентга учиб кетди. Кетишидан олдин хайрлашиш учун¸ яна бир марта Озодлик биносига келди. Радионинг тўртинчи қаватидаги кафеда ўтириб журналистлар билан чой ичиб суҳбат қурди.

Такси чақирдик. Ҳамкасбим Улуғбек Ортиқ ака ва Гулсара опани аэропортгача кузатиб қўйди.

Охирга марта Ортиқ ака билан “хонлару тахтлар ” ўтиб¸ Шавкат Мирзиëев иқтидорга келган кунларда гаплашдим. Шерали Жўраев ¸ Обид Асомовлар қаторида Ортиқ ака ҳам ярим тақиқдан чиқарилган эди. “Ичим тўла қўшиқ¸ куйлаб улгуришим керак”¸ деган эди раҳматли...


Йўл шу ерга қадар экан. Жума куни Ортиқ аканинг ўлгани хабари келди. Сал олдин Гулсара опа оламдан ўтган эди. Боғот боғларида бошланиб¸ Чорвоқ тоғларида давом этган ошиқлик ҳикояси шу зайл тугади.

Ортиқ ака билан суҳбатдан иборат дастурнинг бошига қўйган тизердаги сўзларни қайта эшитиб¸ ичим зил кетди.

Санъатга бахш умрнинг сўнгсиз мўъжизаси бор,

У дунёни тарк этса, ундан дунё қолади.

Инсон умри сарҳадли, қўшиқ умри пойиндор,

Навосоз юраклардан ўлмас наво қолади...

XS
SM
MD
LG