Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:31

Чинозда яна бир "Аҳмадбой" - Баҳо Марли қўлга олинди


Чинозлик тадбиркор Баҳодир Ўринбоев
Чинозлик тадбиркор Баҳодир Ўринбоев

Тошкент вилоятида “Баҳо Марли” деган лақаб билан танилган 39 яшар тадбиркор Баҳодир Ўринбоев молиявий фирибгарликда гумонланиб, 28 май куни Чиноз туманида қўлга олинди.

Озодликнинг Тошкент вилоят ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига кўра¸ Ўринбоев бир йил олдин қидирувга берилган:

- Якшанба куни ўтказилган тезкор тадбирда қидирувда бўлган Ўринбоев Баҳодир Баҳтиëрович Чиноз туманида қўлга олинди. Бир йилдан бери Қозоғистонда қочиб юрган Ўринбоев ушланиб Тоштурмага ҳибс қилиниб тергов бермоқда. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 165-моддаси (товламачилик),168-моддаси (фирибгарлик) ва 170-модда (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) ва жиноятдан бўйин товлаб қочиб кетиш бўйича жиноий иш очилган¸ деди Озодлик манбаси.

Унинг айтишича¸ Ўринбоевга оид "Merkury leasing group" ширкати тафтиш қилиниб, беркитиб қўйилган:

- Айбланувчи Ўринбоев Зангиота туманида рўйхатдан ўтган мазкур ширкат офисида одамлардан катта миқдордаги пулни 10 ойда икки ҳисса қилиб бераман деган ваъда билан 2016 йил июни охиригача олиб келган. Чинозлик Аҳмадбой Турсунбоевникига ўхшаш схема. Турсунбоев қамоққа олинган 15 июндан кейин ҳам Ўринбоев аҳолидан пул олишда давом этган. 2016 йил август ойида Ўринбоев қидирувга берилган эди.

"Икки баробар қилиб қайтаради, деб 45 000 доллар берувдим"

Озодлик Ўринбоевга пул бериб “куйиб қолган” икки ўзбекистонлик билан суҳбатлашди. Улардан бири Тошкент вилоятида фермерлик қиладиган Севарахон Тожиева 20 миллион сўм (Қора бозор курсида 2500 АҚШ доллари) пулни ўз қўли билан Баҳодир Ўринбоевга берганлигини айтади:

- Аҳмадбойдан ташқари Тўхтасин, Жалол¸Расул деганлар ҳам ишлар эди. Мен пулимни Баҳодирга бердим. Отасини докарўмол ишлаб чиқарадиган цехи бор¸ ҳурматли одам деб. Баҳо Марли (Баҳодир Ўринбоев) норози бўлганларга пулининг танини қайтариб беради, дейишган эди. Ўйиндан чиққани учун 20 фоиз устамасини олиб қолиб қолганини қайтаради, дейишди. Куйсам 20 фоизга куярканман, деб олдин 4 миллион сўмни обориб бердим. Бир йилда шу пулни 8 миллион қилиб ойма-ой бўлиб олдим. Кейин эса 20 миллионни топширганимдан кейин облавалар бошланиб Баҳо Марли қочиб кетди мен 20 миллион сўмга куйиб қолдим¸ дейди Севарахон Тожиева.

Иккинчи суҳбатдошимиз Сергели бозорида машина даллоллиги билан шуғулланадиган 38 яшар йигит 45 минг доллар пулини “Баҳо Марли ухлатганидан” шикоят қилди:

- Аҳмадбой қия бўлишини билиб Баҳо Марлига берган эдим пулни. 45 минг доллар. Икки баробар қилиб қайтармоқчи эди¸ дейди пулидан айрилган машина бозори даллоли.

Суҳбатдош 45 минг доллар олингани ҳақида Баҳодир Ўринбоев имзо чеккан квитанция қоғозини Озодликка жўнатди.

Аҳмадбой копиялари

Баҳодир Ўринбоев ўз фаолиятини қандай юритган? Бу саволга жавоб берган Севарахон Тожиева “Аҳмадбой қандай ишлаган бўлса шундай” деб жавоб берди.

- Аҳмадбойнинг копияси эди у. Пул¸ машина¸ қўй¸ сигир ва олтин тақинчоқларни олар эди пулга ҳисоблаб. Аҳмадбойга пул беришга навбати етмаганлар Баҳо Марли ëки Тўхтасинга берар эди пулини¸ дейди суҳбатдош.

Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган "Чиноз ҳалол чорва" ҳамда "Чиноз авто ҳамкор" корхоналари таъсисчиси Аҳмад Турсунбоев ва унинг ходимлари аҳолидан йилига камида 100 фоизлик дивиденд ваъдаси билан миллий ва чет эл валюталарини олиш билан шуғуллангани “ўзбек МММ” деган афсона урчишига сабаб бўлган эди.

2016 йилнинг 15 июнь куни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари 38 ёшли тадбиркор Аҳмад Турсунбоевни ҳибсга олган бўлса ҳам ҳали унинг устидан суд ҳукми ўқилгани йўқ.

Аҳмад Турсунбоев (Аҳмадбой) ҳибсга олинган бўлса ҳам бутун республика бўйлаб “копиялари фаолият кўрсатмоқда” дейди 45 минг долларини “пирамидачилар ухлатган” машина бозори даллоли.

“Чинозда Аҳмадбой қандай машҳур бўлса Хоразмда Эргашбой шунақа ном чиқарган эди”, дейди Ҳазорасп туманидаги Пичоқчи қишлоғида яшайдиган Маримбой исмли тадбиркор Озодлик билан суҳбатда.

- Питнак шаҳарчаси Сайидлар маҳалласидаги ака-ука Эргашбой ва Қаҳрамон Сафаровлар фирибгарликда айбланиб жиноий жавобгарликка торилди. Судда ўзим қатнашдим Улар 20 дан ортиқ кишининг ҳар биридан 3 мингдан 5 минг долларгача пул олганини тан олди. Суд мажлисида Эргашбойга сўз берилганида у Аҳмадбойдан илҳомланганини айтиб ўзини оқламоқчи бўлди, - дейди хоразмлик тадбиркор.

Унга кўра¸молиявий пирамида аломати бўлган ширкат¸ ломбард¸ ўзаро ëрдам кассалари Хоразм вилоятида ҳозир ëпиб ташланган.

Озодлик суҳбатлашган мулозимлар бутун республика бўйлаб “Аҳмадбой тажрибаси” ëйилмаслигини таъминлаш учун тадбирлар давом этаëтганлигини таъкидлашди.

Тошкент вилоят прокуратураси мулозимининг айтишича¸ вилоятдаги аҳолидан пул олди-берди қилиш билан шуғулланган барча ширкатлар назоратга олинган:

“Аҳмадбой услубида ишлайдиган¸ аммо қамрови кичик ширкатлар Чиноздан ташқари Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Қуйичирчиқ, Паркент, Юқоричирчиқ, туманларида ҳам борлиги аниқланди. Халқ орасида "Аҳмадбой копиялари" деб аталадиган бу ширкатларнинг ҳаммасини ИИБ¸ прокуратура ва солиқ идoраси вакилларидан иборат қўшма гуруҳ текширип ишини терговга оширган”¸ деди мулозим.

Бундан бир йил муқаддам Ўзбекистондаги барча давлат телеканаллари халқ орасида “Аҳмадбой” номи билан танилган чинозлик тадбиркор Аҳмад Турсунбоевга Чиноз ва Янгийўл туманларидан минглаб одамнинг фоизга пул бергани ҳақида махсус кўрсатув намойиш қилган эди.

Шундан кейин 160 мингга яқин аҳолиси бўлган Тошкент вилоятининг бу икки тумани¸ хусусан¸ аҳолисининг аксарияти молиявий пирамида қурбонига айланган Янгийўл тумани оммавий ахборот воситалари диққат-марказига тушди.

XS
SM
MD
LG