Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:52

Ўзбекистон ҳамон эътиқод эркинлиги чекланган давлатлар қаторида


АҚШ Давлат департаменти таҳлилича, Ўзбекистонда диний эркинлик ҳамон чекланган. Янги раҳбарият ўтган бир ярим йил ичида вазиятни тузатишни бошлади, лекин жараён секин, дейилади янги ҳисоботда.

АҚШнинг Диний эркинликлар бўйича Халқаро комиссияси ҳар йили ўз ҳисоботини чиқариб, ҳукуматга қай давлат билан қандай муомала қилиш борасида маслаҳат ва тавсиялар беради. Комиссиянинг умум позицияси шуки, эътиқод эркинлигини ҳурмат қилмаган тузумлар билан ҳамкорлик чекланиши керак. Чунки, дея тушунтиради бу орган, АҚШ диний эркинликка асосланган, уни ўзининг олий қадрияти ва демократик тизимнинг ажралмас қисми, деб билади. Америка диний эркинликни оёқ ости қилинадиган давлатларни сиёсий жиҳатдан жазолаши керак, дея бонг уради бу комиссия.

Давлат котиби Майк Помпео 28-май куни департаменти ҳисоботини тақдим этар экан, эътиқод эркинлиги тарғиботи Американинг дунё бўйлаб асосий мақсадларидан бири, деди.

«Узвий ҳуқуқлар, хусусан сўз ва матбуот, дин ва уюшиш эркинлиги, поймол этилган жамиятлар беқарор ва кўп ҳолларда у ерларда терроризм илдиз отади. Эркинликни қадрлаган жамиятлар эса аксинча, тинч, осойишта ва фаровон. Шу боис ҳам Трамп маъмурияти эътиқод эркинлигини глобал миқёсда тарғиб қилишга бел боғлаган», - деди Помпео.

Ўзбекистон сингари давлатлар азалдан АҚШни бу масалага нохолис, адолатсиз ва ҳатто мантиқсиз ёндашаётганликда қоралаб келган. Ҳар бир жамиятнинг ўз қадриятлари ва маданияти, менталитет ва шароити бор, дея нольийди расмийлар. Америка уларга кўз юмади ва ўз манфаатларини олға суришда мана шундай тарғиботларни ишга солади, деган танқид кенг тарқалган.

Ўзбекистон қонунлари бошқа ҳуқуқлар қаторида, диний эркинликни ҳам кафолатлайди. Одамлар ўзлари истаган динга сиғиниши, амал қилиши мумкин. Лекин диний тарғибот, диний адабиётлар, диний уст-бош, диний фаолият, диний тадбирлар ва уюшиш чекланган. Ҳукумат маъқулламаган ҳар қандай диний ҳаракат нишонга олинади. Диний доиралар ва гуруҳлар қўрқув асосида террорист ташкилот дея тамғаланиши, исбот-далилларсиз ҳам одамлар судланиб, жазоланиши мумкин, дейилади АҚШ ҳисоботида. Унга кўра, сунний мазҳабидан бўлмаган мусулмонлар ўз ташкилотларини оча олмайди. Насроний ташкилотлар тазйиқ остида. Ҳатто бу диёрда азалдан яшаб келган яҳудийлар ҳам ўз идораларини оча олмай сарсон.

Ноҳукумат ташкилотлар ва ҳуқуқ фаолларидан олинган маълумотларга асосланиб қайд этилишича, Ўзбекистонда ўтган йили ўсмирларга ҳам масжидга боришга рухсат берилган. Масжидларга нисбатан босим пасайган. 763 диний маҳбус президент томонидан авф этилган. Лекин ҳуқуқ ташкилотларига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида яна тахминан 7000 шундай маҳбус бор.

Мана шундай манзара сабаб Ўзбекистон АҚШ ҳукумати назарида ҳамон «алоҳида хавотирга молик давлат» деган мақомда турибди ва унинг асосида ҳамкорлик чекланиши лозим. Бироқ бир неча йилдан бери бу мақомга кўз юмилади, чунки Оқ уй учун Ўзбекистон Марказий Осиё ва Афғонистон билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда, у ердаги манфаатлар ҳимоясида ишончли ва зарур шерик.

Ўзбекистон ҳукумати эса бу мақом унинг нуфузига катта доғ эканини тан олиб, муаммоларни тузатиш қарорида қатъий эканини билдирмоқда.

"Америка овози" радиоси яқинда Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев АҚШга расман ташриф буюргани, Оқ уй ҳамда Давлат департаменти, Мудофаа вазирлиги ва Конгрессда юқори лавозимли расмийлар, қонунчилар ва бошқа идораларнинг раҳбарлари билан учрашганида инсон ҳуқуқлари ва эркинлик бобида республика олға қадам ташлайди, дея сўз бергани тўғрисида ёзди.

Оқ уйдаги музокараларда АҚШ Диний эркинлик бўйича махсус элчиси Сем Браунбек ҳам иштирок этган. Ўзбекистон у билан яқиндан ишлаш ниятида. Браунбек Конгресснинг собиқ аъзоси. 1995-2011 йиллар орасида аввал вакил, кейин эса сенатор бўлган. Ўша даврда ташқи сиёсатда, хусусан Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга нисбатан ёндашувни белгилашда ҳисса қўшган.

2005-йилда Андижонда юз берган қонли воқеалар кетидан АҚШ Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид қилиб чиққанида ва кўплаб қонунчилар Президент Ислом Каримовни ўз халқига қарши куч ишлатганликда айблаганида, Браунбек улар орасида бор эди ва бу даврдан кейинги муносабатда, яъни алоқалар ва ҳамкорлик чекланишида муҳим роль ўйнаган. Ўзбекистонда эркинлик чекланаверса, алоқалар кенгаймаслиги аниқ, деган гапларни айтган.

Бугун эса Вашингтон Ўзбекистон билан стратегик шерикликни бошлаб, орадаги барча нозик масалаларни ҳал этишга, ҳуқуқ ва қонун устуворлигини таъминлашда ёрдам кўрсатишга бел боғлаган. Яқин келажакда Браунбек Ўзбекистонга бормоқчи ва вазият билан ўзи танишмоқчи.

Америка овози - Озодлик

XS
SM
MD
LG