Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:32

Юнусобод имоми: Турк актёрларига ошиқ ўзбек оналаридан гейлар туғилади!


Ўтган йил апрель ойида имомнинг Ўзбекистонда дояликни фақат аёллар қилиши керак, деган таклифи ижтимоий тармоқларда баҳсу-мунозарага сабаб бўлган эди.
Ўтган йил апрель ойида имомнинг Ўзбекистонда дояликни фақат аёллар қилиши керак, деган таклифи ижтимоий тармоқларда баҳсу-мунозарага сабаб бўлган эди.

Ўзбекистонда дояликни фақат аёллар қилиши керак, деган таклифи билан танилган Тошкентнинг Юнусобод туманидаги "Мирза Юсуф" жомеъ масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов 2 март кунги жума ваъзида турк сериалларининг миллат генофондига ёмон таъсири ҳақида гапирган. Ижтимоий тармоқларда ëйинланган бу ваъзида имом ўз қавмига хотинлар жинсий алоқа пайтида эри эмас¸ турк сериалларидаги чиройли эркакни хаëлига келтирса¸ бундай аёллардан "ҳаво ранг (гей) болалар" туғилади”, деган гапни уқтиради.

“Аёлнинг тасаввурида бошқа эркак бўлиб турганда эри бошқа эркак билан жимо қилаётгани ҳолатидай бўлиб қолади. Бу ҳиссиёт болаларга уради. Ана шундай ҳолатда ҳаво ранг болалар туғилади, сабаби аёлнинг тасаввурида бошқа эркак бўлаяпти”, - дея таъкидлайди имом ўз маърузасида.

Ўзбек имомининг ушбу баёноти мамлакат матбуотида турк сериалларига қарши кампания бораётган бир пайтда пайдо бўлди.

Ўтган ой “Севги изтиборлари” турк сериалининг "Зўр ТВ" хусусий телеканлаидаги намойиши охирига етмасдан тўхтатилган эди.

Оммавий ахборот воситалари мониторинги маркази бу сериал ўзбек менталитети, миллий анъаналар ва оилавий вадриятларга зидлиги ҳақида хулоса чиқарган.

Айни пайтда ижтимоий тармоқларда сериалнинг олиб ташланишига ўзларини "соф ислом учун курашувчилар" сифатида тақдим этаëтган диний фаолларнинг таҳдидли чиқишлари асос бўлгани юзасидан баҳс юзага чиқди.

Турк сериаллари атрофидаги баҳсга янги жиҳат қўшган имом Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ўз маърузасида уларнинг энди миллат менталитетини бузишдан ҳам ўтиб¸ ҳали онага қорнига тушмаган ҳомиланинг жинсий ориентациясини бузиши ҳақида гапиради.

“Турк сериалларидаги чиройли йигитларни тасаввур қилаяпти аёллар, қизлар. “Туш кўрибман, тушимда фалончи актёрни кўрибман”, деган гаплар ижтимоий тармоққа киринг¸ тўлиб ётибди. Эри бор хотин шуларнинг расмини олиб юради, турк сериалларидаги актёрларни расмларини кўтариб юрибди. Тасаввур қилса нима бўлади, ана шундай ҳолатда ҳаво ранг болалар туғилади, сабаби аёлнинг тасаввурида бошқа эркак бўлаяпти. У жимо вақти, тўшак вақтида икки киши эмас, уч киши жимо қилаётгандай бўлади. Худди шундай эркаклар ҳам аёллар билан жимо қилаётганда бу нарса лесбианка деган балоларни келтириб чиқаради”, - дейди Раҳматуллоҳ Сайфутдинов.

Айни пайтда ўзбек имоми масжиди қавмига сўнгги ҳақиқат мақомида тақдим штаëтган бундай "кашфиëт"га қайси асосда¸ қайси изланиш ëки тажрибадан келганига очиқлик киритмайди¸ ўз манбаларини ҳам очиқламайди.

Озодлик ана шу мавҳум жиҳатларга ойдинлик киритиш мақсадида Раҳматуллоҳ Сайфутдинов билан боғланишга уринди. Унинг мобиль телефонига жавоб берган имом ëрдамчиси¸ ëнида турган масжид мутаваллиси Раҳматуллоҳ қорининг ваъзда айтган гапларига бошқа қўшимча қиладиган гапи йўқлигини билдирди.

- Домла шундан ортиқ гап айтолмайди. Нимага асосланиб айтади, буни деб сўрасангиз, динни, тарихни яхши билган одам ўзи домланинг айтганини тушиниб олаверади, - деди ўзини "Мирза Юсуф" масжидининг имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов ёрдамчиси деб таништирган суҳбатдош.

Ҳаммаслак имомлар

Тошкентдаги "Дўмбиробод" жомеь масжиди имом-хатиби Шермурод Тоғай Озодлик билан 6 март кунги суҳбатда Раҳматуллоҳ Сайфутдинов айтганларига қўшилишини айтди.

- Ҳақиқатан ҳам эри билан бўладими¸ бошқа билан бўладими¸ ҳақиқий бор муҳаббатини эрига, оиласига қаратиш кераклиги ҳақида ҳадис бор. Жуфти ҳалоли билан яқинлик қилганда турли шайтоний нарсаларни ўйлашликдан сақланишлик ҳақида ҳам ҳадис бор, - дейди Шермурод Тоғай.

Ўзбекистон Мусулмонлари диний идораси раисининг ўринбосари, таниқли уламо Шайх Абдулазиз Мансур эса Юнусобод имомининг маърузасидан хабари йўқлигини айтди.

Имомлар ўзлари билмаган соҳага бурнини суқмасин

Раҳматуллоҳ Сайфутдиновнинг аёллар бошқа эркакни тасаввур қилиб эри билан жинсий алоқа қилса бундай аёллардан "ҳаво ранг" болалар туғилади”, дея айтган маърузаси ижтимоий тармоқларда мунозарага сабаб бўлди.

"Олдин гинекология соҳасига бурнини суққан имом энди генетикага суқаяпти", - деб ёзди Facebook тармоғининг Фарҳод Одинаев исмли фойдаланувчиси.

Тошкентдаги хусусий клиникаларнинг бирида ишловчи генетика бўйича мутахассис Озодлик билан суҳбатда имомларнинг бу каби гапларини илм¸ хусусан¸ генетика зид жоҳиллик дея баҳолади.

- Имомлар диний-ахлоқ юзасидан ўз билганини гапираверади. Шунақа гаплар билан улар¸ гўë ўз вазифасини бажараяпти. Лекин уларнинг бунақа ваъзлари илмий амалиётга яқин ҳам келмайди. Ундай қилса бола гей бўлиб туғилади, бундай қилса лесбиан бўлади, деб гапириш илмий мантиққа мутлақо тўғри келмайди. Имомлар ўзлари билмаган соҳага аралашмаганлари¸ биринчи навбатда¸ уларнинг ўзлари учун яхшироқ бўлар эди, - деди исмини очиқлашни истамаган тошкентлик генетик врач.

Юнусобод туман имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфутдинов бундан олдин эркакларнинг доялик қилиши "шармандалик" эканини айтиб¸ Ўзбекистонда дояликни фақат аёллар қилиши керак деган даъват билан чиққан ва бу таклиф ижтимоий тармоқларда баҳсу-мунозара ва эътирозларга сабаб бўлганди.

Буни ортидан имом матбуотни фитнада айблаб чиққанди.

XS
SM
MD
LG