Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:50

“Ўзбеккўмир” режани 91 %га бажарди. Бироқ жойларда кўмир тақчил (ВИДЕО)


Жомбой туманидаги кўмир омборида 19 декабргача 1 кг ҳам кўмир йўқ эди.
Жомбой туманидаги кўмир омборида 19 декабргача 1 кг ҳам кўмир йўқ эди.

19 декабрь куни Самарқанд вилоят, Жомбой туманидаги темир йўл станциясига 6 вагон кўмир етиб келди. Шу билан туман аҳолисини кўмир билан таъминлашда қарийб бир ойдан буён давом этаётган узилишга барҳам бериладиган бўлди. Бироқ Жомбойда кўмир тақчиллиги тез кунда яна пайдо бўлишини тахмин қилиш қийин эмас. Чунки туман учун ажратилган лимит кўмирга эҳтиёжнинг ярминигина қоплайди. “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти 19 декабргача бу йилги мавсум учун режалаштирилган кўмирнинг 91 фоизини тарқатиб бўлди.

Бўш ётган омбор

Жомбойда кўмир тақчиллиги тўғрисида шу туманда яшовчи тингловчидан келган хатда, жумладан, бундай дейилган:

“Шу йилгача кўмир очиқчасига ҳамма жойда сотиларди. Жомбойдаги кўмир омборига ҳар йили тинмасдан вагон-вагон кўмир келарди. Ўтган йили 16-18 кг халталарда 6-7минг сўмдан сотиларди. Бу йил сотувда умуман йўқ...“

Бу сатрлар муаллифи ўз хатига кўмир омборининг бўш турган майдони ҳамда омбор маъмуриятининг эълони суратини илова қилди.

Эълонда бундай дейилган:

“Жомбой омборида кўмир тугаган. Келса, “Маҳалла” фондига ва МФЙга хабар қиламиз”.

Жомбой кўмир омборидаги эълон.
Жомбой кўмир омборидаги эълон.

Кўмир омборининг эълонда кўрсатилган телефони кун давомида ўчиқ турди.

Ҳокимлик вакили узилишни тан олди

Жомбой туман ҳокимлигининг ўзини таништиришни истамаган мулозимининг айтишича, 19 декабрь куни эрталаб туманга 6 вагон кўмир етиб келган ва уни аҳолига сотиш бугун-эрта бошланади. Мулозим кўмир омбори 15-20 кундан буён бўш ётганини тан олди ва узилишни “ҳокимликка боғлиқ бўлмаган сабаблар” билан изоҳлади.

"Кўмир нархини хўжайин келса¸ келишасизда"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:41 0:00

Эҳтиёж 6000, ажратилгани 2900 тонна

Мулозимнинг айтишича, Жомбойга ажратилган лимит 2100 тонна кўмир, 800 тонна кўмир брикетидир. Унинг бир қисми олинган. 19 декабрь куни келган 6 вагонда 400 тоннача кўмир келган бўлса, туманнинг лимит доирасида яна 1200 тонна атрофида ҳақи қолади.

“Керакли хатлар ёзилди, селектор мажлисида ҳокимимиз бу масалани кўтарди, Янги йилгача лимитдаги кўмирни олиб, аҳолига тарқатишни мўлжаллаб турибмиз”, деди мулозим.

Унинг айтишича, ажратилган лимит Жомбой аҳолисининг кўмирга эҳтиёжини қоплай олмайди. Шунинг учун ҳокимлик яна 3300 тоннага буюртма берган.

Ҳокимлик яна бир мулозимининг айтишича, ўтган йилги қишда туман аҳолиси 5500-6000 тонна атрофида кўмир ёққан.

Жомбойда тижорий нархларда ҳам кўмир сотилаяптими? Ҳокимлик мулозимларининг бу саволга жавоби йўқлиги маълум бўлди. “Тадбиркорлар сотса сотгандир, лекин кўмир базамизда ундай кўмир сотилгани йўқ”, деди ҳокимлик вакилларидан бири.

"Ўзбеккўмир" нима деди?

Жомбой тумани ва умуман бутун мамлакат аҳолисини тоннаси 156 600 сўмлик кўмир билан таъминлаш вазифаси “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятига юклатилган.

“Ўзбеккўмир” мулозимининг Озодликка билдиришича, бу йил мамлакат аҳолисига сотиш учун 849 минг тонна кўмир ажратилган. Шундан 589 минг тоннаси кўмир, 260 минг тоннаси кўмир брикетидир. 19 декабрь ҳолатига кўра, бутун мамлакат учун ажратилган лимитнинг 91 фоизи истеъмолчига жўнатилган.

Бас, шундай экан, Жомбой туман ҳокимлигининг қўшимча 3300 тонна кўмир буюртмаси бажарилишидан бажарилмаслиги кўпроқдир.

“Ўзбеккўмир” бу йил сотиш учун ажратган 849 минг тонна кўмир ва кўмир брикети мамлакат аҳолисининг кўмирга бўлган эҳтиёжининг қанча қисмини қоплайди? Бу саволга “Ўзбеккўмир” вакили жавоб беролмади.

Ўзбекистон президенти жорий йил 22 июнида “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.

Унда “2016/2017 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлаш бўйича комплекс масалаларни ўз вақтида ҳал этишда йўл қўйилган камчиликлар ва юзаки муносабатда бўлиш ҳолатлари”га бўлгани тан олинган ва янги мавсумни яхши ўтказиш чоралари белгилаб қўйилган.

Арзон кўмир йўқлигида...

Лекин Жомбой тумани ва “Ўзбеккўмир”дан ҳамда жойлардан олинган хабарларга қараганда, табиий газ ва электр энергияси тақчиллиги сақланиб қолаётган бир шароитда яқиндагина бошланган бу йилги қишнинг ҳам аҳоли учун оғир келишини тахмин қилиш мумкин.

Қашқадарёнинг Нишон туманида яшовчи уй бекаси ҳамда Бухоронинг Олот туманида яшовчи деҳқондан “Кўмирингиз борми?” деган саволга бир хил жавоб эшитдик: “Ўтин ёқаяпмиз”.

Айни пайтда жойларда “тижорий” кўмирнинг бир тоннаси 100 доллар атрофида сотилмоқда. Андижонлик тингловчидан 18 декабрь куни келган хабарга ишонилса, у яшаб турган ҳудудда бир тонна кўмир нархи 150 долларга етган.

XS
SM
MD
LG