Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 23:44

Фарғоналик ўқитувчи: Мени "валютчик"ка чиқариб 2900 долларимни мусодара этишди


Жиноят кодексининг 177-моддасига биноан валюта олди-сотдиси билан қўлга тушганларга маъмурий жазо қўлланилиб, пуллари давлат ҳисобига мусодара этилади.
Жиноят кодексининг 177-моддасига биноан валюта олди-сотдиси билан қўлга тушганларга маъмурий жазо қўлланилиб, пуллари давлат ҳисобига мусодара этилади.

Фарғона шаҳрида яшовчи, ўзини 29 ёшли ўқитувчи Мақсад Оллабердиев 14 март куни унинг 2 минг 900 АҚШ доллари маъмурлар томонидан мусодара қилингани ҳақда Озодликка шикоят қилди.

Оллабердиевнинг иддао қилишича, у 2 минг 900 АҚШ долларни таниши номидан қарзга пул сўраб келган аёлга бераётганида, Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Департамент ходимлари уни ноқонуний валюта савдосида айблаб, пулини мусодара қилган.

Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими расмийси валюта чайқовчилигига қарши мунтазам рейдлар ўтказилишини ва ноқонуний валюталар мусодара этилишини эслатди.

Ўзини Мақсад Оллабердиев, деб таништирган фуқаронинг иддасича, кўп йиллик таниши ундан қарз сўраган ва холаси Россиядан юборган 2900 АҚШ доллари миқдоридаги пулни унга бериб туришга рози бўлган.

- Холам Россиядан пул жўнатувди. Танишимга 3 мингга яқин пул бор, деб айтиб қўйгандим. Қандайдир аёл уйимнинг олдига келди, ўртоғимнинг номидан “пул бераман деган экансиз”, деди. Аёлнинг қўлида 85 миллион сўм пул. "2900 долларни берар экансиз, мана буни олар экансиз", деди. Шу пайт ҳар тарафдан бешта машинада ўндан зиёд одам тушиб, қўлимни қайириб босиб, пулни олди, дело очишди, мени ноқонуниуй валюта садосида айблашди, - дейди Оллабердиев.

Ўзбекистонда фуқароларнинг валюта савдоси билан шуғулланиши жиноят ҳисобланади.

Жиноят кодексининг 177-моддасига биноан валюта олди-сотдиси билан қўлга тушганларга маъмурий жазо қўлланилиб, пуллари давлат ҳисобига мусодара этилади.

Мазкур қонунга шу йил январидан киритилган ўзгартишларга мувофиқ ноқонуний валюта савдоси билан шуғулланганлар ўн беш суткагача бўлган қамоқ қўлланилиши мумкин.

Мақсад Оллабердиев Озодлик билан суҳбатда ўзи устидан суд қарорини кутаётганини айтди.

Оллабердиев "ҳеч қачон долларфурушлик билан шуғулланмагани, департамент ходимлари уюштирган тузоққа тушганини" даъво қилади.

- Уюштириб туриб, менинг пулимни оливолишди. Менинг олдимга келган аёл ҳам уларга ишлар экан. Энди Амир Олимхон тирилиб келса ҳам бермас экан пулни. Бу ерда шунақа сиёсат кетяптики - одамларнинг пулини шилиш. Сиз ҳеч қанақасига оқллана олмайсиз. Энг ачинарлиси, пул кетди, лекин судебний (судланган демоқчи -таҳр.) бўлиб қоляпман. Оиламизда ҳаммамиз ўқитувчи, менинг ўзим ҳам ўқитувчи, ҳалол пул топамиз. Кечаси қоровуллик ҳам қиламан. Иккала ишдан бор-йўғи 1 миллион 300 минг сўм ойлик оламан. Учта фарзандим бор. Холам Россиядан жўнатган омонат пулимни ҳам олиб қўйишди, - дейди Оллабердиев.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Фарғона шаҳридаги бўлими расмийларидан бири, Озодлик саволига жавобан, ноқонуний валюта чайқовчилигига қарши мунтазам рейдлар ўтказилиши ва ноқонуний валюталар мусодара этилишини эслатиб қўйиш билан чекланди.

Ўзбекистонда 2017 йил октябридан аҳолига долларни нақд кўринишда сотишга банкларга рухсат берилган. Лекин шунга қарамай, йиллар давомида мавжуд бўлган валюта "қора бозори" сақланиб қолмоқда.

Сешанба куни пойтахт "қора бозор"ида 1 АҚШ доллари 8450 сўмдан олиниб, 8550 сўмдан сотилди.

АҚШ долларининг Марказий банк белгилаган расмий курси эса 3 апрель куни 8419.62 сўмни ташкил этди.

Айни пайтда хавфсизлик хизматлари "қора бозорчи"ларни қўлга олгани ва ўн минглаб доллар маблағларни давлат фойдасига мусодара қилгани ҳақида ҳисобот беришда давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ҳисоботига кўра, ўтган йили 200га яқин ноқонуний хорижий валюта сотиш ҳолати қайд этилган, ўттиздан ортиқ холат бўйича жиноят иши қўзғатилган, беш миллион доллардан зиёд ноқонуний валюта мусодара қилинган.

XS
SM
MD
LG