Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:31

ХМТ: Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш тугатилди


Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистонда мажбурий болалар меҳнати тугатилганини билдирди. Ташкилотнинг 12 декабрь куни чиқарган ҳисоботида эндиликда Ўзбекистонда болалар меҳнатидан тизимли тарзда фойдаланилмаётгани ва ҳукумат мажбурий меҳнатни тугатиш бўйича чоралар кўраётгани таъкидланади. Айни пайтда пахта мавсумини мониторинг қилган маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, жорий йилда пахта теримига мажбурий жалб қилиш аввалги йилларга нисбатан кучлироқ бўлган.

Маркази Женевада жойлашган Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) 2017 йилги пахта мавсумида Ўзбекистоннинг пахта далаларида ўтказган мониторингига оид ҳисоботида айтилишича, ХМТ экспертлари Ўзбекистоннинг турли вилоятлари пахта далаларида уч мингдан зиёд одам билан юзма-юз алоҳида суҳбатлар ва мингдан зиёд одам билан телефон суҳбатлари ўтказган.

“Болалар меҳнатидан фойдаланишнинг номаъқуллигини жамиятнинг барча қатламлари, ҳукумат, бюджет ходимлари, фермерлар, ота-оналар ва болаларнинг ўзлари эътироф этмоқда", - дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари ташкилот бу йилги пахта мавсумининг бошланғич палласида талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари пахта теримидан олиниб, ўқиш ва иш жойларига қайтарилишини ҳукуматнинг мажбурий меҳнатни йўқ қилиш йўлидаги чора-тадбирларидан бири сифатида кўрмоқда.

"Пахтага жалб этилганларнинг аксари ўз ихтиёри билан чиққан. Уларга бериладиган ҳақ миқдори ҳам оширилган", - дейилади ҳисоботда.

Бироқ жорий йил пахта мавсумини мониторинг қилган маҳаллий ҳуқуқ фаолларига кўра, жорий йилда пахтадан қайтарилган бюджет ташкилотлари ишчилари орадан бироз вақт ўтгач яна далага ҳайдалди.

Пахта жараёнини мониторинг қилган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари альянси раҳбари Елена Урлаева Озодлик билан суҳбатда мамлакатда болалар меҳнати тугатилди, деган хулосага қўшилишини айтди.

Лекин, Урлаевага кўра, Ўзбекистонда пахта мавсумида бу йил ҳам мажбурий меҳнатдан кенг миқёсда фойдаланилган:

- Айрим майда ҳолатларни эътиборга олмасак, болалар меҳнати тугатилди, бунга қўшилса бўлади. Талабалар даладан олиниб, ўқишга қайтарилди, бу ҳам ижобий қадам бўлди. Лекин, уларнинг ўрнига банк ходимларидан тортиб ҳукумат ва давлат корхоналарининг юз минглаб ишчилари мажбурий пахтага ҳайдалди. Теримчи ёллаш учун ўқитувчилару ўқувчиларнинг ота-оналаридан мажбурий пул йиғишлар оммавий тус олди, - дейди Елена Урлаева.

Мирзиёевнинг 19 сентябр кунги БМТдаги чиқишидан бир кун ўтиб Ўзбекистонда талабалар бир кунда ёппасига пахта далаларидан олиниб, ўқишга қайтарилганди.

Бироқ орадан бироз ўтиб айрим олийгоҳларнинг талабалари яна далага қайтарилгани хабар қилинди. Жумладан, Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали талабалари 24 сентябрь куни даладан Озодликка йўллаган мактубда улар пахта теришни давом эттиришлари айтилгани ҳақида ёзилган.

Октябрь ойининг бошидан бошлаб Фарғона, Наманган, Андижон ва Сурхондарё вилоятларидан мамлакатнинг шимолий ва ғарбий вилоятларига корхона ва ташкилотлар ходимларидан, маҳаллалар аҳолисидан ташкил топган ўнлаб махсус отрядлар ​поездларда жўнатилди.

Жорий йилдаги пахта мавсуми Озодликнинг PaxtaGram саҳифасида батафсил ёритиб борилди.

Ўзбекистон ҳукумати йиллардан бери пахта-йиғим теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланаётганликда халқаро танқидлар остида қолиб келган.

Жаҳондаги юздан зиёд ширкат Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатни бартараф этмас экан бу мамлакат пахтасини сотиб олмаслигини билдириб чиққан.

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига 1992 йилда аъзо бўлган. Унинг меҳнат муносабатларини тартибга солувчи асосий 14 конвенциясини ратификация қилган.

XS
SM
MD
LG