Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:23

Вазир муовини илк бор ҳуқуқ ҳимоячилари билан мажбурий меҳнатни муҳокама қилди


Ўзбекистон. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири муовини Эркин Муҳиддинов (чапдан бешинчи) мажбурий меҳнат масалаларига бағишланган учрашув иштирокчилари орасида. 2017, 13 ноябрь.
Ўзбекистон. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири муовини Эркин Муҳиддинов (чапдан бешинчи) мажбурий меҳнат масалаларига бағишланган учрашув иштирокчилари орасида. 2017, 13 ноябрь.

Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) Тошкентдаги офиси 13 ноябрь куни уюштирган давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилди.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ХМТда ўтказилган учрашувни, унда ҳукумат мулозими қатнашгани учун, “тарихий” учрашув, деб атади.

Фуқароларни мажбурий меҳнатга, хусусан пахта теримига жалб этиш фактларини қайд этиб келаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари таклиф этилган давра суҳбатига Жаҳон банки, халқаро Human Rights Watch ташкилоти вакиллари ҳам қатнашди, деб хабар қилди суҳбатда иштирок этган Елена Урлаева.

Вояга етмаганларни пахта теримига жалб этиш ҳолатларини йиллардан буён жамоатчиликка ошкор қилиб келаётган “Қўрқмаслар” гуруҳи аъзоси Елена Урлаеванинг айтишича, учрашувга вазир ўринбосари Эркин Муҳиддиновнинг қатнашиши тадбир уюштирувчилари учун ҳам кутилмаган янгилик бўлган:

- Меҳнат вазири ўринбосарининг кечаги учрашувга келиши уюштирувчиларнинг ўзлари учун ҳам кутилмаган иш бўлди. Тадбир бошланишига 15 минут қолганида уюштирувчилар биздан “ҳукумат вакили ҳам келади, қаршимасмисизлар”, деб сўради. Биз, албатта, келишсин, дедик, - деди Елена Урлаева.

Унинг айтишича, учрашувда жиззахлик, бухоролик, хоразмлик, қорақалпоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари қатнашиб, ўз вилоятларидаги мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазият тўғрисида маълумотларини ўртоқлашган.

Давра суҳбатида қатнашганлардан бири, хоразмлик Ҳайитбой Ёқубовнинг фикрича, бу йил Хоразмда мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари сўнгги йиллардагидан бироз озроқ кузатилди. Фикрига далил сифатида у ўқув юртлари талабаларининг ҳукумат раиси талаби билан пахта теримидан қайтарилганини эслади.

Ёқубовнинг айтишича, вазир ўринбосари Эркин Муҳиддинов инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг мажбурий меҳнат фактлари ҳақидаги сигналларини, мажбурий меҳнат муаммоси мавжудлигини тан олган.

Елена Урлаеванинг айтишича, давра суҳбатида иштирок этган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари вазир ўринбосари билан бўлган мулоқотдан қониқиш туйган:

- Ҳукумат бизга қулоқ сола бошлаганидан, албатта, ҳурсандмиз. Лекин президент Мирзиёев буюрмаса, бундай мулоқот бўлмас эди, деди Урлаева.

Унинг айтишича, давра суҳбати иштирокчилари – инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Эркин Муҳиддинов мажбурий меҳнатга барҳам бериш йўлида ўзаро ишонч асосидаги мулоқот ва конструктив таклифлар ёрдамида ҳамкорлик қилишга келишиб олган.

Давра суҳбатини уюштирган Халқаро меҳнат ташкилотининг Тошкентдаги офисидан ҳам, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан ҳам 13 ноябрь кунги учрашув юзасидан шарҳ олишнинг имкони бўлмади.

Қароргоҳи Берлинда жойлашган “Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми” бир неча йилдан буён Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат муаммосини ўрганиб келади. Ташкилот вакили Умида Ниёзова Озодлик билан суҳбатда бу йилги пахта мавсумини аввалги йиллардагига қиёслар экан, ўқув юртлари талабалари мавсум бошидаёқ даладан қайтарилганини эътироф этди. Бироқ унинг фикрича, бу йилги мавсумда “иккиюзламачилик” ҳукм сурди:

- Бу йилги кампания иккиюзламачилик билан ажралиб турди. Одамларни пахта теришга мажбурлаш ўрнига улардан пул йиғиш афзал кўрилди. Бу гапни ўзимиз ўтказган кўплаб интервьюлар асосида бамалол айта оламиз. Одамлардан мардикор ёллаш учун пул йиғиш ҳолатлари жуда кўп кузатилди, деди Умида Ниёзова.

13 ноябрь кунги учрашув тўғрисида фикр билдирар экан, Умида Ниёзова ҳукумат вакилининг инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан бир даврада ўтириб, мажбурий меҳнат масаласини муҳокама қилишини олқишлади:

- Лекин, - деди Ниёзова, - бу учрашув ўз-ўзидан муаммони ҳал қилиб қўймайди. Кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳукумати халқаро ташкилотларга ўзининг прогрессив эканлигини намойиш қилишга уринаяпти. Бу учрашувни ҳам ўша уринишнинг бир кўриниши дейиш мумкин. Ҳар ҳолда, бу учрашувдан сўнг қандайдир амалий қадамлар ташланадими, йўқми – шунга қараб хулоса қилиш тўғри бўлади.

XS
SM
MD
LG