Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:41

Термизнинг ишдан олинган ҳокими қамалди. У иқтисодий жиноятларда айбланмоқда


Исроил Худайбердиевнинг қамоққа олиниши  10 дан ортиқ шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимдан четлатилиши манзарасида юз бермоқда. Иллюстратив сурат.
Исроил Худайбердиевнинг қамоққа олиниши  10 дан ортиқ шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимдан четлатилиши манзарасида юз бермоқда. Иллюстратив сурат.

Термиз шаҳрининг шу йил 21 сентябрь куни ишдан олинган ҳокими Исроил Худайбердиев давлат маблағларини ўзлаштиришда гумон қилиниб қамоққа олинган.

Ҳокимликка яқин манбанинг Озодликка билдиришича, собиқ ҳоким ва унинг муовини Ғайрат Эламановга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) бўйича айблов эълон қилинган.

Собиқ мулозимлар устидан Бош прокуратуранинг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси олиб бораётган терговга яқин манбанинг Озодликка айтишича, жиноят иши “Яшил дунё” бозори комплекси қурилиши билан боғлиқ.

Термиз марказидаги тўртта савдо мажмуаси ва дўконлардан иборат “Яшил дунё” бозори икки йил аввал очилган эди.

Озодлик манбасининг билдиришича, айблов хулосасида 14 миллиард 800 миллион сўмлик қурилиш объектига миллиардлаб сўмлик маблағлар ноқонуний сарфлангани айтилган.

Термиз ҳокимлигининг қурилиш ва молия масалаларига масъул мулозимлари ҳам бу иш бўйича олиб борилаётган тергов доирасида сўроққа чақирилаётгани айтилмоқда.

2017 йилдан шу йил 21 сентябрига қадар Термиз шаҳар ҳокими лавозимида ишлаган Исроил Худайбердиевнинг адвокатларидан бири Озодлик билан суҳбатда собиқ ҳокимга нисбатан асоссиз равишда қамоқ эҳтиёт чораси қўлланганини даъво қилди.

Исроил Худайбердиев 2017 йилдан бери Термиз шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган.
Исроил Худайбердиев 2017 йилдан бери Термиз шаҳри ҳокими лавозимида ишлаб келган.

21 сентябрь куни Термиз шаҳар кенгаши сессиясида Худайбердиев ишдан олиниб, ўрнига Ўзбекистон Қурилиш вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ўктам Тўраев Термизга ҳоким этиб тайинланганди.

Расмий хабарда Термиз ҳокимининг лавозимидан олиниши сабаби айтилмаган.

Умурзоқовнинг видеоселекторидан кейин...

Исроил Худайбердиевнинг қамоққа олиниши 10 дан ортиқ шаҳар ва туман ҳокимларининг лавозимдан четлатилиши манзарасида юз бермоқда.

Сўнгги ўн кунда камида 14 нафар маҳаллий маъмурият раҳбарлари ишдан олингани эълон қилинди.

27 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов 5 нафар ҳоким — Андижон, Асака, Пахтобод, Фарғона ва Нуробод туманлари ҳокимлари ишдан олинганини эълон қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган аудиода Умурзоқов туман ҳокимларини президент командаси ва давлат тизимини шарманда қилганликда айблаган ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовни ҳам танқид қилган эди.

Аввалроқ тармоқларда қўл остидагиларни ҳақоратлагани аудиоси тарқалган Боболов иш ҳақининг 40 фоизи миқдорида жаримага тортилган.

7 дақиқали аудиоёзувда Умурзоқов Ўзбекистон президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоевга "гуруҳ тузиб, жойларда тартиб ўрнатиш" ҳақида топшириқ берганди.

“Жойларга бориб, тартибга солиш, жиноий жавобгарликка тортиш керак, агар керак бўлса. Ҳамма нарсани кўтариб, оқни оқ, қорани қора қилиб, тартиб ўрнатиб, ким айбдор бўлса ҳамма айбдорларни жиноий жавобгарликка тортиш керак. Буни бош прокуратура таъминлаб беради.Ўзингиз бир ҳафтада шу ишларни қилиб қайтиб келасиз, менга ахборот берасиз ва уни президентга киритамиз”, - деганди Умурзоқов.

OzodNazar: Мирзиёев маъмурияти янги бошлиғи Сардор Умурзоқов ҳокимларни йиғилишдан ҳайдади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:44:53 0:00

Президентнинг жойлардаги вакиллари

Исроил Худайбердиев 2017 йилда ҳокимликка тайинланганидан кўп ўтмай Термиз шаҳрида икки қаватли уйларнинг томини эгалари рухсатисиз қўпориб ташлаттиргани билан тармоқлар эътиборига тушган эди.

Бу уйларда яшаётганлар Озодликка ҳоким шу усул билан бузилишга тушган уйлардан одамларни чиқишга мажбурлаганини айтишган.

Уч йил аввал эса Термиз ҳокими буйруғи билан президент Шавкат Мирзиёев ташрифи олдидан, у юриши мумкин бўлган йўл бўйларига бюджет ходимлари ҳисобидан “бир кунлик гул” экилгани тармоқларда танқид қилинган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда ҳокимлар "президентнинг жойлардаги вакили" эканини айтиб, ҳуқуқ-тартибот идораларини уларнинг фаолиятига аралашмаслик тўғрисида огоҳлантирганди. Танқидчиларга кўра, президент бу билан амалда ўзини қонундан устун деб биладиган маҳаллий ўзбек амалдорларини дахлсиз деб эълон қилган.

Ўтган вақт мобайнида Мирзиёевнинг ўзи кўпгина ҳокимларни ўзбошимчалиги учун танқид қилган, қатор маҳаллий амалдорлар коррупция ва бошқа иқтисодий жиноятларда айбланган. Аммо ҳокимларни тайинлашнинг амалдаги тизими ва уларнинг ваколатлари ўзгаргани йўқ.

"Қонун ва халқ олдида ҳисобдорлик етишмаяпти"

Президент Мирзиёевнинг 2017 йилда айтган ҳокимларни сайлаш тизимига ўтиш ҳақидаги сўзлари ҳозирча ваъдалигича қолмоқда.

Муҳокамага қўйилган конституциянинг янги таҳририда ҳокимлар бир вақтнинг ўзида маҳаллий кенгашларга раҳбарлик қилиши ҳақидаги банд ўзгаришсиз қолдирилган.

Лондонда яшовчи таҳлилчи Алишер Илҳомов Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистон президенти маъмурияти фаолиятида қонун ва халқ олдида ҳисобдорлик каби тизимли ишлар кўринмаётганини айтади.

"Жаноб Умурзоқов бир қанча ҳокимлар ишдан бўшатилганини маълум қилди. Уларга баъзи қонунбузарликлар, ҳатто Жиноят кодекси моддаларига тушадиган қонунбузарликлар учун танбеҳ берди.

Ҳокимларни мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар олиб бормаётганликда айблади.

Айни пайтда жаноб Умурзоқов раҳбарлиги остидаги президент маъмурияти фаолиятида ҳам тизимли ишларни кўрмаяпмиз.

Қонун ва халқ олдида жавобгарлик, ҳисобдорлик тизими йўқ. Ҳисобдорлик фақат юқори раҳбариятга ишлаяпти холос.

Яхшиямки раҳбарият айрим камчиликларни сезяпти, муносабат билдиряпти.

Аммо бу тизимли ёндашув эмас. Тизимли ёндашув - бу қонун олдида жавобгарлик, халқ олдида ҳисобдорлик.

Туман ҳокимларига лавозимидан четлатгани, бир неча ҳафтадан кейин уларнинг баъзиларига, балки иш очилиши мумкинлиги ҳақида айтаяпти.

Бу аксинча бўлиши керак. Аслида прокурор ўз ташаббуси билан раҳбарият билан келишмаган ҳолда бу ҳақда қарор қабул қилиши ва алал оқибат суд ҳукм чиқариши керак. Биз бунинг аксини кўряпмиз.

Халқ олдидаги жавобгарлик сайлов орқали амалга оширилади. Мирзиёевнинг иқтидорга келганининг илк йиллари ҳокимларни сайлаш тизимини жорий этишга ваъда берганини эслаш кифоя. Лекин, бу амалга ошмади. Тизим оқсоқланяпти", - дейди Алишер Илҳомов.

Жаҳон банки ўтган йили эълон қилган давлат бошқаруви сифати индексида Ўзбекистон ўз ўрнини яхшилагани билдирилганди.

Индекс ҳисобдорлик, сиёсий барқарорлик, ҳукумат самарадорлиги, коррупцияни назорат қилиш ва бошқа кўрсаткичларни ўз ичига олади.

Шунга қарамасдан, банк индексида мамлакат ҳамон ўртача паст кўрсаткични қайд этган.

Форум

XS
SM
MD
LG