Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:32

Бош прокуратура Ангрен кўмир конидаги ўғирликларни текширмоқда


Ангрен кўмир кони Ўзбекистондаги энг йирик кон ҳисобланади.
Ангрен кўмир кони Ўзбекистондаги энг йирик кон ҳисобланади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Ангрен кўмир конидаги талончиликлар юзасидан текширув ўтказмоқда. Ўтган йил ноябрь ойида "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати таркибига ўтказилган ушбу кондаги текширув доирасида оддий ишчилардан тортиб раҳбар ходимларга қадар сўроқ қилинмоқда. Тергов жараëнига бевосита алоқадор мулозимнинг Озодликка айтишича, текширувлар давомида корхонанинг кейинги 5 йиллик фаолиятида 50 миллиард сўмдан кўпроқ камомадга йўл қўйилгани аниқланган.

Ангрен кўмир конининг исми очиқланмаслигини истаган муҳандисларидан бири Озодлик билан суҳбатда 15 февралдан бошланган текширув давомида кон бош директоридан тортиб, оддий ишчиларигача Ўзбекистон Бош прокуратурасига мунтазам сўроққа чақиртирилаётганини айтади:

- Сўроққа чақиртирилганларга 30 миллион сўмдан тортиб 200 миллион сўмгача пулни бўйнига қўйишди. Ким кўмирда ишлаган бўлса¸ ҳаммасини чақираяпти. Эксковаторчиларни ҳам. Мени ҳам. Пул қайтарилмаса қамаймиз, деб огоҳлантиришаяпти, - дейди кўмир кони муҳандисларидан бири.

“Ўзбеккўмир” акционерлик жамиятининг Озодлик боғланган ходими ҳам Ангрен кўмир конида прокуратура текширув ўтказаётганини тасдиқлади, лекин текширув ҳамон давом этаётгани боис бу ҳақда маълумот бера олмаслигини айтди.

Ангрендаги тергов тафсилотидан яхши хабардор мулозимнинг айтишича¸ конда сўнгги беш йил давомида қазиб олинган сифатли ва паст сортли кўмир миқдори ҳисоблаб чиқилганда 50 миллиард сўмдан ортиқ камомад борлиги аниқланган.

"Разрезнинг ўзидан транспортировка пайтида йилига юз минглаб тонна кўмир ғойиб бўлаяпти. Бундан ташқари конда ташмачилик ҳолатларига кўз юмиб келингани ҳам текширилаяпти. Камомад миқдори 50 миллиард сўмдан кўпроқни ташкил этмоқда," - деди ҳуқуқ-тартибот идораси мулозими.

Ангрен кўмир конида текширувлар биринчи марта ўтказилаётгани йўқ.

2010 йилда ҳам Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари корхонада текширув ўтказиб, бир қанча ходимни жаримага тортган, айримлар қамалган эди.

Озодлик 28 февраль куни гаплашган Ангрен кўмир кони ишчиларидан бири бу ўғирликларнинг текширувлардан кейин ҳам тўхтамаганини айтади.

"Ҳар куни уч-тўртта "Камаз"да кўмир қаёққадир кетади. Ҳар бирига 20 тоннадан кўмир кетса, 60-80 тонна кўмир бўлади. Бундан ташқари¸ кўмир ташмачилиги жуда кўп. Ишсизлик юқори бўлганидан кейин Ангренда одамлар шуни ҳисобидан кунини кўриб келмоқда. Ойликлар вақтида берилмайди. Конда йилига миллионлаб тонна кўмир қазиб олсак¸ фойдасини ким кўраяпти?" - дейди шахси очиқланмаслигини истаган кончи.

Ангрен кўмир конидаги ўғирликлар ҳақида қатор мақолалар ёзган ангренлик журналист Дмитрий Тихонов Озодлик билан суҳбатда прокуратура текширувлар корхонада саккиз йилдан бери давом этаётганини айтади:

"Прокуратура саккиз йилдан бери кўмир конидан чиқмайди. Текширувлар, кимлардир жазоланади, тешиклар ёпилади, лекин ўғирликлар давом этаверади. Кўзбўямачиликлар давом этаверади. Қўшиб ёзишлар давом этаверади. Асосан олий сифатли кўмир ўғирланади. Буни турли йўллари мавжуд. Олий сифатли кўмир паст сифатли қилиб қоғозда ёзилиши холатлари бор. Аҳолига эса олий сифатли деб кукундан иборат кўмир сотилади. Бундан ташқари ташмачи ўғирлик тизими бор. Демак бундан кимлардир манфаатдор, ўғирликлар кимгадир керак", - дейди Тихонов.

Ангрен кўмир кони Ўзбекистондаги энг йирик кон ҳисобланади.

"Ўзбеккўмир" расмий сайтига кўра¸ Ўзбекистонда йилига қарийб 5 миллион тонна кўмир қазиб олинса, шунинг 85 фоизи Ангрен кўмир конидан олинади.

Ўтган йилнинг ноябрида "Ўзбеккўмир" АЖ тасарруфидаги барча кўмир конлари, жумладан Ангрен кўмир кони ҳам Ўзбекистон президентининг қарори билан "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати таркибига ўтказилган эди.

Бундай қарорни қабул қилишдан "кўмир саноати корхоналарининг молиявий барқарорлигини оширишга доир тадбирларни ўз вақтида бажариш" мақсади кўзлангани айтилган эди.

XS
SM
MD
LG