Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:24

Ўзбек муҳожири: "Россияликлардан кўпроқ ишлаймиз, камроқ ойлик оламиз" (ВИДЕО)


Иллюстрация
Иллюстрация

Россиянинг Владимир область, Ставрово посёлкасидаги автотрактор жиҳозлари заводи​ ишлаётган ўзбекистонликлар маҳаллийларга нисбатан кам иш ҳақи олаётгани, белгиланган муддатдан кўпроқ мажбурлаб ишлатилаётганидан арз қилди.

Завод маъмурияти вакили ўзбекистонлик ишчилар шикояти юзасидан Озодлик саволини эшитгач, бироз туриб жавоб беришни ваъда қилди, бироқ кейин телефонни кўтармади.

Озодликнинг Москвадаги таҳририятига Владимир область, Собинский туманидан Телеграм тармоғи орқали уланган фарғоналик Достонбек (исми ўзгартирилган) ўзи ишлаётган заводда меҳнат муҳожирларига, хусусан ўзбекистонлик ишчиларга раҳбариятнинг муносабати ёмон эканлигидан шикоят қилди.

Россияга биринчи маротаба келиб, бу ердаги иш шароитлари йўқлигидан гапирган бу ёш йигит, ундан каттароқ ёшдаги юртдошларининг бундай шароитларга чидаб келаётганидан ҳайратда эканини айтади.

Суҳбатдош заводда мебель жиҳозларини ишлаб чиқараётган ўзбекистонликлар маҳаллийларга нисбатан анча кам ҳақ олиши ва нормадан ортиқ вақт ишлатилмоқда, дейди.

- Мастерларимиз ишдан ташқари ишлатишаяпти. 12 соатлик – 8-дан 8 гача - иш кунимиз бўлса, 11-ларгача ҳам ишлатаяпти мажбуран. “Қорнимиз очди – кетамиз!”, десак, “Планни бажаришимиз керак, бажармасак бўлмайди”, деб таҳдидларни қилиб, ишлатишаяпти. Кейин, ойлигимиз ҳам ишимизга яраша чиқмаяпти. Документларимиз жойида, патентларни тўлаяпмиз. Аммо бир хил иш учун ҳар хил ойлик тайинлаяпти. Энг баланди – 23 минг рубл ойлик чиқди шу 12-15 соатлик ишимиз учун. Қандай ҳисоблашаяпти, билмадим. Руслар, масалан, шанба-якшанба дам олади – биз ишлаймиз, улар соат 5 гача ишлайди – биз кечгача. Русскийлар ҳақини талаб қилади ва ўзни билганини қилиб яшайди. Бизни бозор куни ҳам ишга чақиради – ишлаймиз. Заказ кўпайса – руслар 12 дан 13 гача обед қилади. Бизга “Ярим соат обед қиласан!”, дейди, деди Достонбек.

"Бизни Россияда 14-15 соатлаб мажбуран ишлатади"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:28 0:00

Асли фарғоналик экани, ёши 20 да эканини гапирган ўзбек муҳожири матрас ишлаб чиқарувчи цехда ўтган йилнинг октябрдан буён ишлаб келаётгани, биринчи ойга 17 минг рубл ойлик маош олганини билдирди.

У ўзбек мигрантлари патент, ётоқхона ва озиқ-овқатга ўз ёнидан тўлаши, берилаётган маош базўр тирикчилик ўтказишга етаётганини гапиради. “Кўпчилик бу ерда қишлаяпти, холос”, дея давом этади водийлик йигит:

- Қиш кунида иложсизликдан ишлаб турибмиз. Ташқарига чиқиб ишлашга қўлимиздан ҳеч нарса келмайди – ташқарида ишлаймиз десак, иш йўқ. Россияга биринчи маротаба келдим, мана 3 ой бўлди. Бу ерда тахминан 200 га яқин ўзбек ишлайди. Ўзимдан орттириб уйга 100 доллар жўната олдим. Бугун тишимни олдириб келдим ўзим ҳисобимга, берган страховкаси ўтмас экан. Қолганлар ҳам норози шароитлардан, аммо қўрқаяпти - “Қишнинг кунида ҳайдавориши мумкин”, деяпти. Кўпчилик бу ерда қишлаяпти –ҳамма баҳор келишини кутаяпти, ташқарига чиқиб ишлашини, деди Достонбек.

Достонбекнинг ўтган ноябр ойига АТОда берилган маоши
Достонбекнинг ўтган ноябр ойига АТОда берилган маоши

Маълум бўлишича, Владимир область, Собинский туманидаги СтАТО – Ставрово автотрактор жиҳозлари заводи Россиянинг ВАЗ, КАМАЗ, ПАЗ, ГАЗ ҳамда Украина ва Беларуснинг кўплаб автозаводларига эҳтиёт қисмларни етказиб беришга мўлжалланган йирик корхона. 2016 йилда 70 ёшга тўлган бу эски заводда Ставрово посёлкаси аҳолисининг асосий қисми ишлаб келади.

Озодлик ўзбек муҳожирларининг юқорида зикр этилган иш шароитлари борасида завод маъмуриятига мурожаат қилди.

Саволни тинглаган “Ставровский завод АТО” бош директори муовини Анатолий Шевцов бироздан кейин қўнғироқ қилишни сўраб, мухбирларимиз қўнғироқларига бошқа жавоб бермай қўйди.

Жанубий Корея каби ҳориж мамлакатларида ўқишга ҳавас қилаётганини айтган Достонбек ҳозирда Владимир вилоятидаги шу ярим ташландиқ заводда кун кечиришга мажбур бўляпман, дейди.

- Онамга-дадамга раҳмим келиб, илож йўқлигидан келиб ишлаяпман, оилага фойдам тегсин, деб. Мақсадим бор – Кореяда ўқиш. Одамларга ўхшаб ўқигим келади, ҳавасим келади. Лекин контракти, шароити тақозо этмайди. Худони амри билан қишлаяпмиз шу ерда, шунга ҳам шукур, деди фарғоналик Достонбек.

Эслатиш жойизки, 2017 йилнинг 29 ноябрида Россия парламентининг юқори палатаси - Федерация Кенгаши Россия ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасида Ўзбекистон ватандошларини Россия ҳудудида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун ёллаш ва жалб этиш тўғрисидаги Келишувни ратификация қилди.

Ушбу келишув Москвада 2017 йилнинг 5 апрел куни Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин ўртасида имзоланганди.

XS
SM
MD
LG