Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини Москвадан Тошкентга олиб кетаётган “Сетра” автобуси Пенза шаҳри атрофида бузилиб, йўлда қолиб кетди. Бу хабарни Озодликка етказган муҳожирларнинг айтишича, 10 ноябрдан бери автобусда тунаётган йўловчилар орасида гўдаклар ҳам бор. Пенза шаҳри ва унинг атрофларида ҳавонинг шу кундаги бир кеча-кундузлик ўртача ҳарорати 0 даражанинг атрофида.
Автобуснинг эгаси - "Алкония" ширкати вакилининг Озодликка айтишича, бузилган машинани созлаш учун лозим эҳтиёт қисмлар 13 ноябрь куни воқеа содир бўлган жойга жўнатилган.
М5 “Ўрол” федерал автомобиль трассасининг Пенза яқинидаги 653 километрида бузилиб қолган автобус йўловчиларидан “Телеграм” тармоғи орқали келган хатда бундай дейилган:
“Ассалому алайкум, Озодлик радиоси. Сизлардан илтимос қиламиз, биз 45 одам 9 ноябрда Москвадан “Алкония” компанияси орқали МКАДнинг 7 километридаги стоянкадан йўлга чиқдик. Ҳозир Пензада М5 шоссесининг 653 километрида турибмиз. Автобус на олдга, на ортга юради... Совуқ, чақалоқ бор автобусда. Илтимос, шу хабарни чиқаринглар - бошка ўзбеклар алданиб, “Алкония”га ишониб йўлга чиқмасин. Пензагача 5 марта ГАИ тўхтатди - ҳар бир одам ҳар тўхтатганда 500 рублдан берди", деб ёзди исмини ошкор қилмасликни сўраган йўловчи.
4 кундан буён бузуқ автобусда "яшаётган" йўловчилар вакили хатига воқеа жойидан олинган суратларни ҳам илова қилди.
Озодлик автобуси бузилган “Алкония” ширкатини “Одноклассники” тармоғидаги мана бу эълони орқали топди (эълоннинг матни имлосини таҳрирсиз бераяпмиз):
“Алкония Москва Тошкент буйича Автобус Ва микравтобуслар катновини йулга куйди бизда арзон ва кулай шароитлар.хизматимиздан фойдаланинг”
“Алкония” вакили билан Озодлик мухбири ўртасида қуйидаги савол-жавоб бўлиб ўтди:
-“Алкония” компанияси, эшитаман...
- Пензада кетаётган бир автобус бузилиб қолибди...
- Билмадим, ака, унисини.
- Ким билади, ким билан гаплашса бўлади?
- Қаердан биламан – кунига ана шунча автобус чиқади. Мен қаттан билай кимни автобуси бузилиб қолганини.
- “Алкония”га тегишли бўлса автобус, бу битта фирма эмасми?
- Бизда бирорта автобус бузилгани йўқ ҳали. Кимдан олган бўлса, ўшанга телефон қилиб сўранг. Менга қаранг, Алкония компаниясининг 43 та диспетчер-оператори бор. Бир кунда учта-учта автобус чиқаради ҳар бири! Қайси автобусда кетган, кимда кетган – аввал сиз билинг. Ўша диспетчер ҳамма нарсани сизга ҳал қилиб беради.
- Ҳал қилиб бермаяпти экан-да...
- Қанақа қилиб сизга тушунтирай – русча гапирайми, ўзбекча тушунаяпсизми?! Автобусда у одам борми-йўқми – ман қаердан биламан! Мен сиз билан гап сотиб ўтиришга вақтим йўқ – 7 телефон “ожидание”да турибди, деди зарда билан янги йўловчиларни автобусларга ёллашни давом эттиришга тушган оператор қиз.
Оператор қиз билан суҳбатдан ҳар бир оператор кунига учтадан автобус жўнатиши, демак, Россия шаҳарларидан камида 120 автобус ҳар куни йўлга чиқишини ҳисоблаб олиш мумкин. Йўловчи ташишга ихтисослашган компаниянинг “Одноклассники” саҳифаси ҳатто видеорекламалар билан бойитилганини кўриш мумкин.
Озодлик мухбирлари Ўзбекистонда кўрсатилган рақамлар орқали қўнғироқ қилиб, Пензада қолиб кетган автобус вазиятидан хабардор мутасадди билан уланишга муваффақ бўлди. Автоширкат вакили автобус ҳақиқатан бузилиб қолгани, унга эҳтиёт қисмлари жўнатилганини билдирди:
- Бўлди, бўлди, ака. Бугун запчастларни тўғрилаб, жўнатганмиз. Бугун олишади ва тўғрилаб йўлга чиқишади. Хабаримиз бор ундан. Запчастларни жўнатворганмиз. У запчастлари йўқ эканда мошинасида. Ҳеч ким, ҳеч қаерда қолиб кетмайди, Худо хоҳласа етиб келишади эсон-омон, ака, деди исмини очиқламаган “Алкония”нинг Тошкентдаги вакили.
Совуқ тушиши билан меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги учун иш мавсуми тугаган Россиядан саноқсиз автобуслар ўн минглаб меҳнат муҳожирларини Ўзбекистонга олиб кетишни бошлади.
Охирги вақтларда Озодлик таҳририятига асосан Қозоғистондан ёлланган ва узоқ йўлларга мўлжалланмаган эски автобусларнинг бир қисми йўлда бузилиб қолаётгани тўғрисида кўплаб хабарлар келиб тушмоқда.
Айни пайтда, меҳнат муҳожирларини Тошкентга олиб кетаётган яна бир автобус Москва яқинидаги Химки шаҳригача етиб бориб, бузилиб қолгани хабари келди.
Бу ҳақда хабар берган муҳожир йигит пул берган ўзбекистонлик йўловчилар йўл кирани қайтариб ололмаётганидан шикоят қилди.
Озодлик бу автобус билан боғлиқ вазиятни ўрганишни давом эттирмоқда.
Озодлик шу йилнинг 6 октябрига ўтар тунда “Санкт-Петербург - Нижний Новгород” йўналишида кетаётган поезд ўзбекистонлик 57 йўловчи тушган Mercedes автобусини уриб кетиши оқибатида, расмий маълумотга кўра, 17 киши, шу жумладан 15 ўзбекистонлик муҳожир ва 2 қозоғистонлик ҳайдовчи ҳалок бўлгани тўғрисида хабар берганди.
Россиянинг Мордовия республикасида полиция тўхтатган 73 нафар ўзбек йўловчиси икки кун автобусда тунашга мажбур бўлгани ва Озодлик аралашувидан кейин қўйиб юборилган эди. Рус полицияси Владимирдаги автобус ҳалокати баҳонасида ўзбек муҳожирлари қайтаётган машиналарни тўхтатиб, уларга "қўшимча ўлпон" солаётгани маълум.
Ўзбек муҳожирларини Россиядан Ўзбекистонга ташиётган автобусларнинг йўлда бузилиб қолиши билан боғлиқ вазиятлар тўғрисида олдин ҳам хабар берилган.