Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:35

"Ҳокимлар фермерлардан ерни топшириш хусусида ихтиёрий-мажбурий ариза олишди"


“Ушбу мактубни Наманган вилояти Мингбулоқ ва Поп туманлари фермерлари номидан йўлламоқдамиз. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарори бизда қандай бажарилгани хусусида ёзмоқчимиз", деб бошланади OzodMaktub рукнида эълон қилаётганимиз навбатдаги мактуб.

Хатнинг давомини ўқинг:

"Дастлабки кунларда ҳокимлар фермерлардан ер топшириш хусусида ихтиёрий-мажбурий ариза олишди. Бу жараёнга ИИБ ходимлари ҳам жалб этилди. Ҳар бир массивга (собиқ ММТП) бириктирилган ва пахта, ғалла парваришини назорат этувчи ИИБ ходимлари фермерларни ҳокимга рўпара қилиб, алдов, таҳдид йўли билан ариза олишди. Тарихдан биламизки, инглиз мустамлакачилари ҳинду қабила сардорларига ерларни сотиш ва резервацияларга кўчиш тўғрисидаги шартномага зўрлик билан қўл қўйдирган эди. Мингбулоқ ва Попдаги жараёнлар ҳам ўша ҳолатни ёдга солди.

Ҳукумат қарорида ерга эгалик қилиш ҳуқуқини фермерлардан олиб, қишлоқ хўжалигига инвестиция киритадиган сармоядорга бериш талаби ҳам бор эди. Энг қизиғи, Намангандаги “Момиқ сочиқ” корхонаси раҳбарияти қонунни айланиб ўтиш йўлини топди. Хуллас, турк сармоядори 25 фоиз инвестиция киритди, қолган улушни эса “Момиқ сочиқ” корхонаси қўшди...

Ерларнинг тортиб олиниши Ер кодекси ва фермер хўжалиги тўғрисидаги қонунларда мустаҳкамланган қоидалар, хусусан, ерни 30 йилдан 50 йилгача ижарага бериш тартибига зид эди. Мингбулоқ тумани ҳокимлиги ва фермерлар кенгаши ушбу хатони англаб, ҳокимлик олдида йиғилган фермерларга ер ижара шартномаси бир томонлама бекор қилинмаслиги, ерларни олиш қонун доирасида кўриб чиқилишини айтишди. Фермерларнинг ярми туман ҳокимлиги ёнида қолди, ярми эса Тошкентга, Бош прокуратурага бориб, норозилик билдиришди. Тошкентга дарҳол етиб борган вилоят ҳокими Х.Бозоров фермерлардан тарқалишни сўради, аммо фермерлар ҳақини талаб қилиб тураверди. Оқибатда, Бош прокуратурадан чиққан вилоят ҳокимининг қон босими кўтарилиб кетди ва шошилинч касалхонага ётқизилди.

Натижа шу бўлдики, инвестор билан ҳеч бўлмаса 50х50 қабилида келишувга эришиш учун музокаралар бошланди ва ер эгалиги қисман сармоядорга берилди. Бизнингча, ерга эгалик ҳуқуқи арзонгаровга сотилди. Бу жараёнга прокуратура ҳам эътироз билдирмади.

Поп туманида эса ҳамма нарса кўзбўямачилик билан ўтказилди. Президентнинг “Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак” деган талабини туман ҳокими унутиб қўйди гўё. Попнинг ғалла майдонлари айни кунларда иккинчи марта ўғитланмай ётибди. Ғалла ҳосили хавф остида. Бугун ерлар чигит экишга тайёрланмаётган экан, фермер билан ер талашган инвесторнинг ҳам омади келмаслиги аниқ.

Ҳокимлар-ку ўзбошимчалик қилибди, хўш, халқ ишонч билдириб сайлаган вакиллар – маҳаллий кенгаш депутатлари нега бу ҳолга томошабин бўлиб турибди?”

Эслатма​: OzodMaktub рукни остида чоп этиладиган фикрлар муаллифнинг шахсий қарашлари ифодасидир. Озодлик бу мулоҳазалар учун масъул эмас.

XS
SM
MD
LG