Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:35

Паркент ҳокими 45 минутлик мажлисда 126 марта сўкинди


Паркент тумани ҳокимияти биноси
Паркент тумани ҳокимияти биноси

Тошкент вилоят, Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаев 1 ноябрь куни ўтказган йиғилишда пахта теримига кам одам чиқарган раҳбарларни ҳақорат қилаётгани ёзилган 45 минутлик аудиофайл Озодлик таҳририятига келиб тушди. Ҳоким ташкилот ва корхоналар раҳбарларини, маҳалла оқсоқолларини аямай сўкар экан, 45 минут давомида 126 марта уятли сўз қўллаган. Неъматулла Абдуллаев Озодликка шундай йиғилиш ўтказганини тасдиқлар экан, маҳаллий раҳбарларни "сўкмаганини, фақат койиганини" айтди.

Паркент ҳокими 45 минутлик мажлисда 126 марта сўкинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:18 0:00
Бевосита линк

Паркент тумани ҳокими Неъматулла Абдуллаев 1 ноябрь куни кечқурун пахта штабида ўтказган йиғилишнинг аудиофайлини шу йиғилишда иштирок этган маҳаллий ташкилот раҳбарларидан бири Озодликка тақдим этди.

Бу аудиофайлда уятли сўзлар жуда ҳам кўп бўлгани сабабли, уни шундайлигича эшиттириш ахлоқ қоидаларига тўғри келмайди.

Аудиони Озодликка тақдим этган раҳбарнинг айтишича, туман ҳокими ўтказган мажлисда туман прокурори ва ички ишлар бўлими бошлиғи ҳам иштирок этган.

“Ҳей қ...қ, а...ни чиқараман сени!”

Йиғилишда иштирок этган ташкилот раҳбари аудиода овози акс этган мажлисдаги воқеаларни изоҳлаб айтишича, Неъматулла Абдуллаев пахтага кам одам чиқарган ва терилган пахта миқдорини кўпайтириб ҳисобот берган ташкилот раҳбарларини бирма-бир турғизиб, савол-жавоб қилади ва деярли ҳар бир раҳбар ҳокимдан сўкиш эшитади.

Ҳокимнинг биринчи даҳанаки зарбасига туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ғофир Рўзибоев дуч келган:

“Қуруқ ваъдани берасан, блядь, қ...қа бунча одам олиб келдим деб, катта ишхонани раҳбари. Қўлингдан келса ишла, келмаса, пошел на х.., блядь”, дейди ҳоким.

Бош шифокор, “20та одам олиб келдим”, дейиши биланоқ яна ҳақоратлар тўлқинига дуч келади:

“Пошел на х..., блядь. 20 та одаминг қ...ни тердими? Ҳей қ...қ, а...нгни чиқараман, сени”, дейди ҳоким.

Неъматулла Абдуллаев столни муштлаб-муштлаб, бақириб гапирар экан, пахта припискаси сабаб Бекобод туман ҳокими, ички ишлар бошлиғи, прокурорига жиноят иши қўзғатилганини ва бу қамалишлар учун паркентликлар ҳам айбдор эканини таъкидлайди:

“Бекобод туман ҳокимига, прокурор, ички ишлар, тўрттасига жиноят иши қўзғатди. Сенга ўхшаган чичқоқлар учун, блядь. Пахта термагани учун. Вилоят ҳокими, прокурори ишдан кетди, блядь. Юрибсан мазза қилиб, кийимни кийиб, блядь”, дейди ҳоким.

"Любойини кўтанини суғуриб оламан"

Ҳокимнинг важоҳатидан англашинича, приписка сабаб, бир қанча раҳбарларнинг ишдан кетганлиги Абдуллаевни қаттиқ ташвишга солган:

“Менга унақа приписка керак эмас, блядь. Мен кўтанингни суғуриб оламан, любойини. Мени характеримни сизлар ҳали тушунмас экансилар. Мен эрталабгача эшитган гапим, тушунтириш хати ёзганим, блядь. Ҳамманг ётибсан жалаб, хотинингни қучоқлаб уйингда, блядь”, дейди ҳоким.

Пахта теримига кам одам чиқариб, кам пахта топширган ташкилот раҳбарларини ёппасига, айниқса, ҳоким қаттиқ сўкади:

“Эркакмисан, қ...қ билан кўрсатишим керакми, эркакликни? Ёки с...б қўйишим керакми, битта-иккитангни?”, дейди столни муштлаб ҳоким.

"Таълим ва тиббиёт ҳам пахта териши керак"

Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг таълим муассасалари, тиббиёт ходимларини пахта теримига жалб этмаслик ҳақидаги буйруғи бўлишига қарамай, туман ҳокими Неъматулла Абдуллаев теримга кам одам олиб чиққан коллеж раҳбарларини ҳам бурчакка тақайди:

“Коллежлар бир ярим тонна пахта беряпмиз деб сводка бериб, 700 килодан топширяпсизлар. Э, оғайни, мени нима ишим бор, сизни касал дейишди. Мени с...дими, олтитанг мана шу ерда ўтириб, қисиб жавоб бер, дедим. Кеча 3 тонна деб беряпсилар, амалда 700 кило пахта ўтган, камида, жалаб, бир ярим тонна пахта ўтиши керакми? 74 та одам , онангни с..., кўр бўлиб ҳам теради, жалаб”, дейди ҳоким.

Ҳоким сўкиниш билан савол-жавоб қилишда давом этар экан, яна тиббиёт бирлашмаси Ғофир Рўзибоевни турғизади:

“Паркент тиббиёт бирлашмаси. Ёзяпти, 20 та одам кеча 400 кило деб сводка беряпсан, амалда ўтяпти 200 кило. Соғлиқни сақлаш бир тонна олади. Бўлмаса бошқача бўлади, мени имзом кўп жойга ўтади”, дейди ҳоким.

Тиббиёт бирлашмаси раҳбари, одам йўқ, деб жавоб берганда, ҳоким яна тутақиб кетади:

“Мени с...дими, одам опкемасанг ана бориб нанимать қил, обориб тердир, на х..., блядь, мени с...майди. Мендан тонна сўраяпти. Мен ҳали 52 га киряпман, шу пайтгача урологга мурожаат қилганим йўқ, агар сендайлар шунақа, к..т, ҳезалак бўладиган бўлса. Менга нима деяпти, улар эркакмисан деб. Қатнаш мен билан ўша ерда, жавоб берасан, сен ҳам”, дейди ҳоким.

Оқсоқоллар ҳам "насибасиз" қолмади

Неъматулла Абдуллаев Заркент қишлоғи маҳалла оқсоқолларини пахта теримига кам одам чиқаргани учун “маҳаллаларингни а...ни чиқариб юбораман, деб таҳдид ҳам қилади:

“Беш тонна бўлмаса кўтанингни суғураман, блядь. Маҳалла қани, тўртта маҳалла, ҳаммасини а...ни чиқараман”, дейди ҳоким

Ҳоким йиғилишда иштирок этаётган туман ички ишлар бўлими бошлиғига, “раҳбарлар миниб юрган мошинларни номерини олиб арест қиласиз”, деб буйруқ беради ва прокурор ёрдамида таҳдид қилади:

“Ҳозир мана бу прокурорга айтиб, а...нгни чиқараман ҳаммангни”, дейди ҳоким.

Туман ҳокими қарийб бир соат давом этган мажлисда халқ таълими бўлими ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига ҳам сўкиниб гапириб, керакли миқдорда пахтага одам олиб чиқишни, ҳар бир одам камида 30 килограммдан пахта териб бериш мажбур эканлигини таъкидлайди.

“Мени ҳокимликка президент қўйган, айтганимни қиламан”

Паркент туманидаги исми сир қолишини сўраган ва ҳоким ўтказган йиғилишларда доим қатнашадиган маҳалла оқсоқолларидан бирининг айтишича, мажлисларда ҳоким сўкмаган одам қолмайди:

“Неъматулла Абдуллаевнинг бизга ҳоким бўлиб келганига тўрт ой бўлди. Бошида яхши эди, оғзидан ёмон сўз чиқмасди. Лекин пахта мавсуми бошлангандан кейин айниди. Катта-кичик демайди, бўралатиб сўкади. Оғзидан қ... тушмайди. Мени президент қўйган, шахсан ўзи қўйган, борган жойингга бор, дейди. Бизга маҳалладан одам топиб кел, деб ўшқиради. Пахтани теряпмиз, лекин пахтанинг ўзи қолмаган. Тонна-тонна мажбурият қўяди, шак-шубҳасиз уни бажариш имкони йўқ. Кейин ҳар куни кечқурун мажлисга чақириб сўкади. Одам топ, дейди. Ахир, ким текинга чиқиб, вақтини бекорга далада ўтказади”, дейди маҳалла оқсоқоли.

Унинг айтишича, приписка сабаб бир қанча вилоят ва туман ҳокимларининг ишдан олингани ҳокимни талвасага солиб қўйган:

“Приписка ҳамма жойда бўлган. Шу жумладан, Паркентда ҳам бўлган бўлиши мумкин. Ҳоким ҳисоботи берилган, лекин хирмонда йўқ пахтанинг ўрнини тўлдириш ва жиноий жавобгарликка тортилмаслик учун зўр бериб, ҳаммани пахтага ҳайдамоқда. Қандай қилиб бўлмасин, пахтани бажариб, Мирзиёевга яхши кўриниши керак, чунки у Бўкадаги ҳокимлик пайтида урилиб, қамалиб кетганидан сўнг, Мирзиёев уни яна ҳокимликка олиб келди”, дейди маҳалла оқсоқоли.

Жамоатчилик олдида 126 уят сўз

Неъматулла Абдуллаев Озодликка тақдим этилган 45 минутлик аудиода жами 126 марта уятли сўзлар билан сўкинган.

Ҳоким, жумладан, ушбу сўз ва ибораларни:

жалаб -15 марта;

блядь, долбоеб – 28 марта;

эркакнинг жинсий аъзоси – 43 марта;

аёлнинг жинсий аъзоси – 9 марта;

жинсий алоқани ифодаловчи феъл - 26 марта;

бировнинг онаси билан жинсий алоқани ифодаловчи сўкиниш – 1;

“кўтанингни суғуриб оламан” – 4 марта, ишлатган.

“Мен уларнинг шахсиятига тегмадим, фақат койидим, холос!”

Паркент туман ҳокими Неъматулла Абдуллаев Озодлик саволларига жавоб бераркан, пахта теримида иштирок этаётган корхона ва ташкилотлар, маҳалла оқсоқоллари билан 1 ноябрда йиғилиш ўтказганини тасдиқлади.

Ҳокимнинг айтишича, пахта режаси бажарилмагани туфайли ҳақиқатан ҳам раҳбарларни койиб қаттиқ гапирган, лекин уларнинг шахсиятига тегадиган гап айтмаган:

- Ҳақиқатан ҳам нотўғри сводка берган бўлса, мен койиган бўлишим мумкин. Олдинги даврлар ўтганку, ёлғон сводка бериб алдаш. Мен кимни ҳақорат қилган бўлсам судга мурожаат қилсин, мен суднинг олдида жавоб беришга тайёрман. Мен бирортасининг шахсиятига тегмаганман, сани у қилиб ташлайман, сани бу қилиб ташлайман, демаганман”, деди Неъматулла Абдуллаев.

Биз ҳокимни пахта теримига ташкилотларни мажбурлаганига гувоҳ бўлганмиз

Паркент туманида мажбурий меҳнатни мониторинг қилган мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, у Неъматулла Абдуллаев ўтказган йиғилишлардан бирида ҳокимнинг қатағон сиёсатига гувоҳ бўлганини айтади:

“Биз, Елена Урлаева билан Паркентда бўлганимизда одамларнинг ниҳоятда қўрқиб қолганига тасодифан бориб қолганимиз йиғилишда гувоҳ бўлдик. Ҳоким ўша мажлисда ташкилот раҳбарларини турғизиб, сен қанча одам юбординг, сен қанча пул бердинг деб сўроқ қиляпти. Кам пахта терган ташкилотлар раҳбарларини прокурорга кўрсатиб, буни яхшилаб текшир, корхонасига ревизия юбор, деб айтяпти. Прокурор унга қўшилиб, сўроқ қиляпти. Даҳшат. Бечора ташкилот раҳбарлари ва оқсоқоллар бўйнини қисиб сўкиш эшитяпти. Шу пайт Елена Урлаева чидолмасдан, “жаноб ҳоким, сиз нима учун президентнинг қарорига зид равишда бюджет ташкилотлари ишчиларини пахта теришга мажбур қиляпсиз, бунга ҳаққингиз йўқ”, деб бақирди. Кейин бизни залдан чиқариб юборишди. Елена Урлаевага эса ҳокимлик биноси олдида номаълум шахслар ташланиб, диктофон ва фотоаппаратини тортиб олмоқчи бўлишди”, дейди Малоҳат Эшонқулова.

Каримов даврида қамалган ҳоким яна мансабга қайтди

Неъматулла Абдуллаев Ислом Каримов президентлиги даврида Тошкент вилояти Бўка туманининг ҳокими бўлиб ишлаган.

Лекин унинг устидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳокимликдан бўшатилган ва қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

Озодлик Неъматулла Абдуллаевнинг қайси айблов билан қамалгани ва қанча муддат қамоқда бўлганлиги ҳақида маълумотга эга эмас.

Озодлик билан суҳбатда Неъматулла Абдуллаев “туҳмат” билан қамалганини, кассация шикоятидан сўнг, суд унинг ишини қайта кўриб чиқиб, гувоҳларнинг кўрсатмаси ёлғон чиққанини айтди.

Жорий йилнинг 25 апрелида Неъматулла Абдуллаев Паркент туманига ҳоким этиб тайинланган.

Ҳокимлар сўкингани учун жавобгарликка тортиладими?

Ҳокимларнинг қўл остидаги раҳбарларни сўкиши ва калтаклаши Ўзбекистон учун янгилик эмас.

Неъматулла Абдуллаевнинг мажлисда айтган “мен эрталабгача эшитган гапим, тушунтириш хати ёзганим, блядь”, деган гапидан англашинича, у ҳам ўзидан юқори турувчи раҳбарлардан анча гап эшитган.

Лекин вилоят ва туман ҳокимларининг жамоатчилик олдида шахсларни ҳақорат қилиши, уларни камситиши, кўп учраб турадиган ҳодиса бўлсада, улардан бирор нафари бу учун муайян бир жазо олгани ҳақида хабарлар йўқ.

Ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Руҳиддин Комиловнинг айтишича, қонунлар ишламайдиган жамиятда, амалдорлар жазосиз қолаверади:

- У президент бўладими, ҳоким бўладими, ким бўлишидан қатъий назар, ҳеч кимнинг ҳеч кимни ҳақорат қилишига ҳаққи йўқ. Қонун бунга йўл қўймайди. Ҳақорат учун Ўзбекистон Жиноят кодексининг 140-моддаси бор. Ҳақорат қилган одам жавобгарликка тортилиши шарт. Ҳокимларнинг прокурор ва милиция бошлиқларига айтиб, буни жазола дейишга ҳам ҳаққи йўқ. Ва бу топшириқни улар ҳам бажармаслиги керак, бу унинг ваколат доирасига кирмайди. Қонун бўйича бундай ҳокимлар Ўзбекистон ЖКнинг 205 - ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш моддаси билан жавобгарликка тортилиши керак”, дейди ҳуқуқшунос Руҳиддин Комилов.

Уронғич ва сўконғич ҳокимлар

Озодлик Ўзбекистондаги вилоят ва туман ҳокимларининг қўл остидаги ходимларини калтаклаш ва ҳақорат қилиш ҳақида илгари ҳам бир неча марта хабар берган.

Сайхунобод туман ҳокими тумандаги мактабларнинг директорларини йиғиб, уларни бир қаторга терган ҳолда калтаклагани тасвирланган видео 12 сентябр куни Инернетда тарқалган эди.

Жорий йилнинг 12 апрель куни Андижон вилояти Бўз тумани ҳокими Абдурашид Мамиров йиғилишда Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи Улуғбек Фармоновни ҳақорат қилиб, ўз ходимларига калтаклатган эди. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, ҳақорати учун ходимидан жавоб ҳақорат эшитган ҳоким мулозим ҳамшаҳарларини ёрдамга чақирган.

Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокими Асрор Жўраев 2016 йилнинг 19 октябрь куни эрталаб 8-мактабнинг маънавият бўйича директор ўринбосари, 36 яшар Шуҳрат Шоймардоновни фермерларнинг олдида дўппослади. Ўринбосар хотинининг номида бўлган фермер хўжалиги кам пахта топширгани учун ҳокимдан калтак еди. Воқеага гувоҳ фермерлар туман ҳокимининг сўконғич ва уронғич эканлигини айтди.

Ўтган йилнинг 8 июнь куни Фарғона вилояти Фурқат тумани фермери Азизбек Алиматов ҳоким Нўъмонжон Назировнинг қўпол ва сўконғич раҳбар эканлигидан Озодликка шикоят қилган эди. Озодлик таҳририятига келиб тушган ва ҳокимнинг овози деб иддао қилинаётган телефон суҳбатларидан бирида ҳоким фермернинг ўзини, унинг онасини, энасини уят сўзлар билан қаттиқ ҳақорат қилган. Фермер бу аудиоёзувни Озодлик радиосига тақдим қилди. Ҳоким фермерни ҳақорат қилганини тан олиб, кечирим сўради.

Озодликдан: Агар сизда ҳам ҳоким ва бошқа раҳбарларнинг ўз қўл остидаги ходимларни ёки оддий одамларни ҳақорат қилгани, калтаклагани ҳақида маълумотлар, аудио ва видеолар бўлса бизга юборинг.

Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди.

XS
SM
MD
LG