Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:01

Туман ҳокими пахтани оз терган маънавият ўқитувчисини калтаклади


Қашқадарё вилояти Нишон тумани ҳокими Асрор Жўраев 19 октябрь куни эрталаб 8-мактабнинг маънавият бўйича директор ўринбосари, 36 яшар Шуҳрат Шоймардоновни фермерларнинг олдида дўппослади. Ўринбосар хотинининг номида бўлган фермер хўжалиги кам пахта топширгани учун ҳокимдан калтак еди. Воқеага гувоҳ фермерлар туман ҳокимининг сўконғич ва уронғич эканлигини айтди.

Нишон тумани ҳокими томонидан калтаклангани тўғрисида Озодликка хабар берган ўқитувчи Шуҳрат Шоймардоновнинг айтишича, воқеа 19 октябрь куни эрталаб, Балхияк қишлоғида содир бўлган:

- Ҳоким эрталаб барча фермерларни Балхияк қишлоғига йиғди. Режани бажаролмаётган фермерларни бирма-бир чақириб, сўка бошлади. Мен орқароқда турган эдим. Бир пайт “ҳей маънавиятчи к...т, бери кел”, деб мени чақирди. Олдига бордим. Боришим билан қорнимга бир мушт солди. Оғриқнинг зарбидан энкайиб қолган эдим, жағимга бир мушт туширди. Кўз олдим қоронғилашиб, гандираклаб йиқилдим. Кейин мана печать, мана еринг, менга бундай ҳақорат ва калтаклар керак эмас, дедимда, чиқиб кетдим. Бу биринчиси эмас, ўтган чоршанба куни ҳам йиғилишда ҳокимдан тепки еган эдим, деди ўқитувчи.

Шуҳрат Шоймардоновнинг айтишича, у икки йил бурун туманнинг аввалги ҳокими тавсияси билан хотинининг номига 38 гектар ер олиб, “Аббос Шуҳратович” номли фермер хўжалиги ташкил қилган эди:

- Ерни эски ҳокимимиз берган эди. Унинг беш гектари - шўр ер. Шундай бўлса ҳам ўтган йили режани 96 фоиз қилиб бажарган эдим. Бу йил эса об-ҳаво ёмон келиб, бир мени эмас, кўпчиликнинг пахтаси яхши бўлмади. Ҳозир зўрға 55 фоиз қилдим. Лекин, ҳоким нима сабабдан пахта яхши бўлганини сўрамайди, топиб берасан, дейди тамом. Топиб беролмаганни уриб, сўкади, деди фермер.

Шуҳрат Шоймардоновнинг калтакланишига гувоҳ бўлган, Озодликка микрофонсиз гапирган бошқа бир фермер, режани бажаролмаётган аксар фермерлар ҳоким Асрор Жўраевдан мунтазам калтак еяётганини айтди:

“Ҳокимнинг оғзи ҳам жуда ёмон, сассиқ. Топган гапи, “кўтанингни чиқараман”, “кўтингни йиртаман”, дейди. Шуҳрат домлани бошқа фермерларнинг олдида калтаклаб, шарманда қилгани ёмон бўлди. Энди бу гап тарқаб кетди. Домла ўқувчилари олдида мулзам бўладиган бўлди. Ўтган чоршанба кунги йиғилишда эса ҳоким ўндан ортиқ фермерни урган, кетига тепган эди. Жумладан, мен ҳам калтак еганман”, деди фермер.

Унинг айтишича, ҳокимнинг безорилиги ҳақида ҳеч кимга арз қилиб бўлмайди:

“Халқимизда онангни қози урса, дардингни кимга айтасан, деган мақол бор. Ҳоким бизни урганда милиция бошлиғи ҳам, прокурор ҳам бирга бўлади. Томоша қилиб ўтиради, улар. Яна кимга шикоят қилиш мумкин? Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига бўлаётган ишларни ёзиб юбордик. Ягона умидимиз шундан”, деди фермер.

Озодлик бу воқеаларга муносабат олиш учун Нишон тумани ҳокими Асрор Жўраев билан боғланди.

Ҳоким фермерларнинг шикоятлари ҳақидаги саволимизни обдон эшитгач, бир оғиз ҳам жавоб бермай алоқани узди. Асрор Жўраев билан қайта боғланишнинг имкони бўлмади.

Нишон туманининг ҳокими Асрор Жўраев жорий йилнинг 10 июлида бўлиб ўтган туман фаоллари йиғини пайтида 53 яшар Музаффар Чоршанбиевни "синглингни...," деб ҳақорат қилган ва ҳақоратланган кичик раҳбар айни куни касалхонага тушиб, юрак хуружидан жон таслим қилган эди.

Асрор Жўраев Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани ҳокими бўлиб ишлаган пайтда ҳам муштумзўрлиги ва сўконғичлиги билан ном чиқарган эди.

Жумладан, Яккабоғ тумани ҳокими бўлиб ишлаган Асрор Жўраев 2014 йилнинг 18-19 октябрь кунлари кечаси ўтказилган йиғилишларда оз пахта топширган фермер ва теримга кам ўқитувчи чиқарган бир неча мактаб директорини калтаклаган эди.

XS
SM
MD
LG