Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:57

Андижонда давлат ширкатларига ишчиларининг 50 фоизигача пахтага юбориш буюрилди


Озодлик билан 12 сентябрь кунги суҳбатда Андижон электр тармоқлари корхонаси ва “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясининг Андижон вилоят филиали ходимлари айни кунларда ўз ишхоналарида хизматчиларни 50 фоизига қадар ëтоқлик пахта теримига жўнатиш бошланганини билдирди.

Андижонлик суҳбатдошлар¸ бу кампаниянинг вилоят ҳокими буйруғи билан бошланганини айтди. Бундай кампания бораëтганини тасдиқлаган вилоят ҳокимлиги расмийси ва давлат компаниялари мутасаддилари¸ хизматчиларнинг “давлатимга фойдам тегсин деб¸ ўз ихтиëри билан чиқаëтганини” иддао қилди.

"Ҳашарчилар яна мактаб омборхонасида тунайди"

Айни кунларда Андижон вилоятининг Улуғнор туманига ëтиб пахта териш учун кетиш буйруғини олганлардан бири Озодлик билан суҳбатда ўзининг “Ўзбектелеком” акциядорлик компаниясида ишлашини билдирди.

Шахси очиқланмаслигини сўраган бу суҳбатдош¸ айни кунларда вилоятнинг Улуғнор туманидаги мактаблардан бирида ëтиб пахта теришга чиқариладиганлар учун жой ҳозирланаëтганини билдирди:

“Яна ҳар йилги гап – пахтага ўз ихтиëрим билан чиқаман¸ деган тилхат ëздириб¸ пахтага кетувчилар рўйхати тузилаяпти. Пахтага бериладиган ётоқ жой жуда ёмон ҳолатда бўлгани учун корхона вакилларидан у ерларни ҳам таъмирлаш талаб қилинмоқда. Масалан, Улуғнор туманидаги 17-мактаб ўтинхонаси пахта терими учун ишчиларнинг ўзи томонидан таъмирланди. Пахта терувчилар шу ерда ëтиб-туради”.

5 сентябрь куни пахта йиғим-теримига бағишланган ҳукумат селекторида Бош вазир Абдулла Арипов бу йилги пахта йиғим теримига ​жалб этиладиганларга мактаблардан (синф хоналаридан) жой берилмаслигини айтган эди.

Бу суратни юборган андижонликка кўра¸ унда ҳашарчилар ëтиб-туриши учун эпақага келтирилган Улуғнордаги мактаб омборхонаси акс этган.
Бу суратни юборган андижонликка кўра¸ унда ҳашарчилар ëтиб-туриши учун эпақага келтирилган Улуғнордаги мактаб омборхонаси акс этган.

Озодлик билан суҳбатда “Ўзбектелеком”нинг Андижон филиали кадрлар бўлими расмийси¸ бу маълумотни тасдиқлади. Ўзини таништирмаган расмий ходим 12 сентябрь куни компаниянинг аксар раҳбарлари Улуғнор туманида пахта терувчиларга жой ҳозирлаш билан машғуллиги боис улар билан боғланишнинг иложи йўқлигини қўшимча қилди.

“Шунақа тайëргарлик кетаяпти. Бугун-эрта бизникилар пахтага кетади Улуғнорга. Бу фақат бизга эмас¸ вилоятдаги ҳамма ташкилот ва идораларга айтилган”¸ деган “Ўзбектелеком” расмийси бу буйруқнинг қачон¸ айнан ким томонидан қай шаклда берилганини очиқламади.

"Буйруқни яна ҳоким берган"

Пахтага чиқишга ҳозирлик кўрилаëтган Андижон электр тармоқлари корхонаси ишчиларидан бирига кўра¸ бундай буйруқ вилоят ҳокими томонидан берилган:

“Андижонда вилоят ҳокими буйруғи билан коммунал соҳа – газ, электр энергияси ва сув идоралари ҳамда “Ўзбектелеком” компанияси ишчилари пахта теримига жалб қилинмоқда. “Ўзбектелеком” компаниясининг 800 ишчисидан 300 нафари, Андижон электр тармоқлари корхонасининг эса деярли 50 фоиз ходими пахтага чиқиши айтилган. Вилоят идоралари ҳоким буйруғини сўзсиз бажариши маълум. Ахир, ҳоким уларни ўзи лавозимга қўйиб, ўзи озод этади-да! Улар ҳоким учун текин мардикордек гап. Президент бундан буён пахтани фақат манфаатдор ташкилотлар теришини таъкидлаганди, коммунал соҳа ва телекоммуникация вакилларига пахтанинг қандай алоқаси бор?!“

Андижон вилоят ҳокимлигининг қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси расмийси 12 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда вилоят бўйлаб корхона ва ташкилотлар ходимларининг пахтага чиқиши кутилаëтганини тасдиқлади. Аммо бу расмий¸ жараëннинг мажбурий эканини инкор этишга уринди.

“Ҳеч ким ҳеч кимни мажбурлагани йўқ. Унақа топшириқ ҳам бўлгани йўқ. Ҳамма ташкилотлар ўз ташаббуслари билан деҳқонларимизга ëрдам бўлсин деб¸ чиқишга қарор қилишган. Ўзларининг ишлари ҳам бир чиройли давом этаверади”¸ деган ҳокимлик расмийси вилоятдаги ташкилотлар ходимларининг бундай “ташаббус”дан норози эканига изоҳ беришни истамади.

Мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳақидаги Тошкент баëнотлари

Йиллар давомида халқаро молия ташкилотлари¸ хусусан¸ Жаҳон банки Ўзбекистон қишлоқ хўжалик соҳасидаги лойиҳаларга маблағ ажратиш учун мамлакатдаги мажбурий болалар ва катталар меҳнатига барҳам беришни асосий шартлардан бири сифатида қўйиб келмоқда.

Бу шартни бажаришга уринаëтган Тошкент ҳукумати¸ айниқса¸ мамлакатда ҳокимият ўзгарганидан сўнг¸ мажбурий меҳнатга барҳам беришни ўз устивор вазифаларидан бири деб эълон қилди.

Президентдан тортиб маҳаллий ҳокимларга қадар кейинги икки йил давомида қишлоқ хўжалик ишлари¸ айниқса¸ пахта терими пайтида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги ҳақида баëнот бериб келмоқда.

Хусусан¸ 10 сентябрь куни Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев пахта бўйича белгиланган режани 40 кун ичида нима қилиб бўлса-да бажариш талаби пахта учун бериладиган ҳақнинг камлиги билан қўшилиб мажбурий меҳнатга асос бўлганини эътироф этди.

"Энг катта муаммо бюджет ташкилотлари" бўлганини таъкидлаган вазир бундай деди:

- 2018 йил нимаси билан фарқ қилади? Жойларда раҳбарият пахта теришга мажбурламаслиги учун пахта терими учун катта маблағлар ажратилган. Ушбу жараён ўз хоҳишича, кўнгилли бўлиши лозим. Ҳозирда биз бу анъанани ўзгартирмоқчимиз.

5 сентябрь куни пахта йиғим-теримига бағишланган ҳукумат селекторида Бош вазир Абдулла Арипов бу йилги пахта йиғим теримига 18 ёшга тўлмаганлар, мактаб ва бошқа таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда тиббиёт ходимларини жалб этиш қатъиян тақиқланганини таъкидлаган.

Айни пайтда¸ маҳаллий матбуот бу йилги пахта теримига 2 миллион теримчи жалб қилиниши ва шу мақсадда мамлакат бўйича жами 26 мингдан ортиқ "кўнгилли отряд" ташкил этилишини билдирди. Бу "кўнгилли" отрядларнинг кимлардан ташкил топиши ҳақида ҳозирча расмий хабар берилмади.

XS
SM
MD
LG